Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Апрел, 2026   |   14 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:31
Аср
16:57
Шом
18:54
Хуфтон
20:08
Bismillah
03 Апрел, 2026, 14 Шаввол, 1447

Ийди Рамазон одоблари

13.06.2018   58306   3 min.
Ийди Рамазон одоблари

Мана, муборак Рамазон ойи ҳам ниҳояланиб, кўнгиллар интиқ кутган ҳайит байрами арафасидамиз. Рамазон ҳайитида бир неча одоб ва суннатлар бор бўлиб, қуйида уларни эслаб ўтамиз:

  • Агар Рамазоннинг ҳайити бўлса, унда намозга чиқишдан аввал бирор нарса, ширинликлар еб олинади. Чунки, Имом Бухорий ҳазратлари Анас разияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида зикр қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитига хурмо еб чиқар эканлар. Уларни тоқ ҳолда ер эканлар. Аммо Қурбон ҳайити бўлса, ҳеч нима емасдан чиқилади.
  • Ҳайит намозларига боришда мисвок қилиб ва алоҳида ғусл қилиб олиш. Мисвокнинг барча намозлар олдидан қилиниши суннат эканлиги машҳурдир. Ғусл қилиш борасида эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозларига алоҳида ғусл қилишлари ривоят қилинган.
  • Чиройли, янги, ювилган кийимларини кийиш. Ибн Можжа ривоят қилган ҳадисда, Ибн Аббос разияллоҳу анҳу эслашича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайитда ҳам йўл-йўл чопон (бурда)ларини кийиб чиққанлар.
  • Рамазон ҳайитида намоздан олдин «садақаи фитр»ни адо этиш вожибдир. Ушбу фитр садақасини намоздан олдин адо қилса ҳам жоиздир.
  • Ҳайит намозига эрта бориш. Яъни масжидга эрта бориб, ҳайит намозига шай туриш, хутба ва маърузаларга қулоқ тутиш савобли амал ҳисобланади.
  • Ҳайитга боришда бошқа йўлдан, қайтишда эса бошқа йўлдан келишга ҳаракат қилиш. Чунки, Имом Бухорий ривоятларига кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари шундай бўлган. Буни Абу Довуд ва Ибн Можжалар Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Зотан, бошқа-бошқа йўллардан юришда, савобнинг қадамлар ҳисобига кўпайиши, мусулмонларни кўриб-сўрашиш, ҳайитга чиққанига гувоҳларнинг кўпайиши ҳоллари юз беради.
  • Масжидга пиёда бориш. Имом Аҳмад ва Имом Бухорийлар Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қиладилар: “Ҳайитга пиёда чиқишлик суннатдандир”, деганлар.
  • Намоз ўқиладиган жойда нафл ўқимаслик керак. Чунки, Бухорий ва Муслимлар Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозларига чиққанларида намоздан аввал ҳам, кейин ҳам намоз ўқимасдилар. 
  •  Ёр-дўстларни ҳайит билан муборакбод этиш. Инсонларнинг бир-бирлари билан кўришишлари ва ҳайит байрами билан қутлашлари ҳам барчанинг кўнглига хурсандчилик улашадиган бу куннинг одобларидан ҳисобланади. Ҳайит кунида бир-бирларини табриклаш маъносида ўқиладиган муайян дуо бўлмаса ҳам, «Аллоҳ биздан ҳам сизлардан ҳам қабул қилсин» маъносидаги тилаклар билдириш яхши саналади.
  • Қавму қариндошларни зиёрат қилиш. Аслида қавму-қариндошларнинг ҳолидан хабар олиш барча вақтда ҳам мусулмон кишининг зиммасидаги вазифалардан ҳисобланади. Ҳайит кунларидек хурсандчилик кунларида эса бу вазифа яна таъкидлаб эслатиб қўйилган. Бу ҳам динимизнинг гўзаллигидан ҳисобланади. Қавму-қариндошлар зиёрат қилинганда ҳайитдаги умумий хурсандчиликлар доираси кенгаяди, уларга совғалар ҳам улашиладиган бўлса ўзаро меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланиб шоду-хуррамликлар янада зиёда бўлади.
  • Болаларни хурсанд қилиш. Ҳайит байрамида ёш болаларни хурсанд қилишга, бу куннинг бошқа кунлардан фарқли мусулмонларнинг байрами эканини англатишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда уларга ҳайитлик совғалар улашиш, ҳайвонот боғларига ёки ўйингоҳларга олиб бориб ўйнатиб келиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳайит байрамининг шодликларидан эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини ҳам баҳраманд қилишга уриниш комил мусулмоннинг белгиларидан ҳисобланади.

Барчамизга Ийди Рамазон муборак бўлсин!

Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси

 Фахриддин Маманосиров

 

 

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сиз ўзингиздаги нарсалар сабабли миллионлаб аёллардан устунсиз

31.03.2026   5196   1 min.
Сиз ўзингиздаги нарсалар сабабли миллионлаб аёллардан устунсиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир бурда нон сенга кифоя қилар,
Миннатли
ош бир кун томоғинг тилар.

Сиз олам ва ундаги инсонлар ҳақида бир ўйлаб кўринг. Қанчадан-қанча касалхоналарда тўшакларда йиллаб касал бўлиб ётган, бахтсиз воқеа сабабли узоқ йилларини йўқотган инсонлар бор. Қамоқхоналар темирлари ҳаётлари лойқаланиб кетган, роҳатлари йўқолган минглаб инсонлар бор. Ёрдам марказлари ва шифохоналарда ақлларини йўқотиб мажнун бўлган инсонлар бор. Яна қанчадан-қанча йиртиқ чодирларда бир бурда нонга зор бўлиб яшаётган инсонлар бор. Шундай эмас-ми?

Яна аёллар орасида бир мусибат етиб бир ҳалокат туфайли бор-йўғидан, фарзанларидан айрилганлар ёки бирор бедаво дардга чалинганлар йўқ эмасми?! Сиз эса саломат, тинчлик, яхшилик ва омонликдасиз. Шундай экан Аллоҳга ҳамд айтинг. Вақтингизни Аллоҳни норози қиладиган - бекорчи телеканаллар, улардаги сифатсиз, қалбаки, аҳамиятсиз ва бемаза нарсаларга сарф қилманг. Бу нарсалар қалбга маҳзунлик ва хафаликни олиб келади ва баданни ўз вазифасини бажаришдан қолдиради. Лекин телевизорда маърузалар, илмий кенгашлар, манфаатли тиббий телекўрсатувлар, ҳар бир мусулмон ва муслима учун керакли бўлган янгиликлар ва шу каби фойдали нарсаларни томоша қилинг. Тақдим этилаётган бемаза ва уятсиз нарсалардан четланинг. Чунки улар ибо, ҳаё ва динингизни йўқотиб юборади.

Шуъла: Золимни фақатгина Аллоҳ ҳакам бўладиган охират маҳкамасига қолдиринг.

Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан

Мақолалар