بسم الله الرحمن الرحيم
САВДОДАГИ ҲАЛОЛЛИК – БАРАКА КАЛИТИ
Муҳтарам жамоат! Ислом дини инсонлар ўртасидаги муносабаталарда ҳамиша адолат, инсоф, ҳалоллик бўлишини талаб этади ва мусулмонларни шунга чақиради. Бу муносабатлар орасида савдо-сотиқ ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا
яъни: “Аллоҳ савдони ҳалол, рибони ҳаром қилди” (Бақара сураси, 275 оят).
Баъзи кишилар савдони рибога ўхшатар эдилар, Аллоҳ таоло уларнинг бу ўхшатишини рад қилиб айтадики, савдо сотиқ ҳалолдир, рибо эса ҳаромдир. Аллоҳ садақаларни кўпайтиради, рибони йўқотади.
Бошқа оятда эса:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا (سورة النساء:29 آية).
яъни: “Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят).
Ояти каримадаги “Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!” дегани фақат ейиш эмас, балки, молни мутлақ ноҳақ йўллар билан олишдир.
“ноҳақ (йўллар)”, деганда эса шариъатда мумкин бўлмаган ишлар: рибо, қимор, пора, зўрлик билан тортиб олиш, ўғирлик, хиёнат, зулм ва шу кабилар назарда тутилган.
Оятда “Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно.”, дейилди, ўзаро розилик асосидаги тижорат билан молларни тасарруф қилиш мумкин. Чунки мусулмон биродари чин кўнгилдан бермаса, унинг молини олиб, тасарруф қилиб бўлмайди.
Бу ўринда ризқ сабаблари кўп бўлсада фақат тижорат зикр қилинган. Чунки у энг кўп учрайдиган фаолият тури бўлиб, бошқа касблар ҳам унга боғлиқдир.
Муҳтарам азизлар! Маълумки, ислом бир нарсани ҳаром қилса, унинг муқобилига ҳалол нарсани ҳам тақдим қилган. Масалан зинони ҳаром қилди, никоҳни ҳалол қилди. Рибони ҳаром қилди, тижоратни ҳалол қилди. Агар тижоратчи тўғри йўлни тутса, бу касб ниҳоятда пок ва шарафли касбдир.
Бу ҳақида ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу ҳадис ривоят қилинган:
عنْ أبي سَعِيدٍ رضي الله عنه عنِ النبيّ صلى الله عليه وسلم قَالَ "التّاجِرُ الصّدُوقُ الأمِينُ، مَعَ النّبِيّينَ والصّدّيِقينَ والشّهَداءِ" (رَوَاهُ الإمام التِّرْمِذِيُّ).
яъни: Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом: “Ростгўй, омонатдор тижоратчи набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, – дедилар (Имом Термизий ривоят қилган).
Мусулмон киши мана шундай улуғ мақомга эришиши учун ушбу касбнинг шаръий қоидаларига амал қилиши керак. Яъни, тижорат билан шуғулланаётган ёки энди иш бошламоқчи бўлган киши тижорат илмини диққат билан ўрганиши керак. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу тижоратчилардан тижорат илмини билишни талаб қилардилар.
Ислом тижоратчига фойда олишни мубоҳ қилди. Фойдани чегаралаб ҳам қўймади, фақат тижоратчи, одамларга зарари тегадиган ишлар: ихтикор (одамлар ва ҳайвонларга зарар етказадиган даражада товарларни босиб қўйиш), нархни жуда ошириб юбориш ва савдодаги алдов каби ишлардан сақланиши керак.
Гоҳида савдогар арзимаган пулларга виждонини сотаётгани, Аллоҳ таолонинг номига ёлғон қасам ичаётганини гувоҳи бўламиз. Бу билан у ўз шарафи ва динини йўқотади ва қуйидаги оятда зикри келганларга ўхшаб қолади.
أُولَئِكَ الَّذِينَ اشْتَرَوُا الْحَيَاةَ الدُّنْيَا بِالْآَخِرَةِ فَلَا يُخَفَّفُ عَنْهُمُ الْعَذَابُ وَلَا هُمْ يُنْصَرُونَ (سورة البقرة: 86 آية).
яъни: “Улар, ҳақиқатан, охират ўрнига (фоний) дунё ҳаётини сотиб олган кимсалардир. Шундай экан, уларга бериладиган азоб-уқубатлар енгиллаштирилмас ва уларга ёрдам ҳам берилмагай” (Бақара сураси,
86-оят).
Яна савдодаги энг ёмон иллатлардан бири тарозудан уришдир. Унинг гуноҳи катта эканига Қуръони каримда алоҳида тўхталиб ўтилгани ҳам ёрқин далолат қилади.
وَيْلٌ لِلْمُطَفِّفِينَ (1) الَّذِينَ إِذَا اكْتَالُوا عَلَى النَّاسِ يَسْتَوْفُونَ (2) وَإِذَا كَالُوهُمْ أَوْ وَزَنُوهُمْ يُخْسِرُونَ (3) أَلَا يَظُنُّ أُولَئِكَ أَنَّهُمْ مَبْعُوثُونَ (4) لِيَوْمٍ عَظِيمٍ (5) يَوْمَ يَقُومُ النَّاسُ لِرَبِّ الْعَالَمِينَ (6)
(سورة المطففين: الآية 1-6)
яъни: “(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир. Улар (ўлгандан кейин) қайта тирилувчи эканларини ўйламайдиларми? Улуғ кунда (қиёматда) – Одамлар (бутун) оламлар парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!” (Мутоффифийн сураси, 1-6 оятлар)
Яна бир гуруҳ тижоратчилар бор, улар сифатсиз ва зарарли, таом, ичимлик ва товарларни халққа таклиф қиладилар ва зарар, мусибат келтирадилар. Улар ҳаром луқма (мол) еганнинг борар жойи дўзах эканини унутадилар. Зеро Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам:
عَنِ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ رضي الله عنه قَالَ: أَتَانَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِلَى الْبَقِيعِ، فَقَالَ: "يَا مَعْشَرَ التُّجَّارِ" حَتَّى إِذَا اشْرَأَبُّوا، قَالَ: "إِنَّ التُّجَّارَ يُحْشَرُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فُجَّارًا إِلَّا مَنِ اتَّقَى، وَبَرَّ، وَصَدَقَ "(رواه الإمام الترمذي)
яъни: Баро Ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтадилар: Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Бақиъга келдилар, “Эй, тожирлар жамоаси!”, дедилар. Ҳамма у кишига қаради, шунда у зот: “Албатта, тужжорлар қиёмат кунида фожир бўлиб тириладилар, фақат ким Аллоҳдан қўрқса, солиҳ амал қилса (эҳсон қилса) ва рост сўзласа бундан мустасно”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Бу ҳадиси шариф тижорат шарафли касб бўлиш билан бирга ўта масъулиятли касб эканлигини билдириб турибди.
Тижоратда пул муомаласи кўп бўлганидан, тижоратчилар ичида шариъатимиз ман қилган рибо билан иш қилиш ҳам учраб туради. Аллоҳ таоло рибо тўғрисида Оли Имрон сурасида шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَأْكُلُوا الرِّبَا أَضْعَافًا مُضَاعَفَةً وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ (سورة آل عمران: 130 آية).
яъни: “Эй имон келтирганлар! (Берган қарзларингизни) икки баравар ва ундан ҳам кўпайтириб, устама шаклида еб юбормангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Зора (шунда) толе топсангиз” (Оли Имрон сураси, 130-оят).
Бундай рибонинг энг оддий кўриниши, бир киши иккинчисига қарз беради, вақтида қарзни уза олмаса, унга муддатни узайтиради ва шу муддат эвазига қўшимча пул олади. Мана шу зиёда олинган пул рибо бўлади ва кўпинча қарз берилган маблағдан бир неча баробар ортиб кетади.
Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам ҳам рибонинг ёмонлигидан, агар у кенг тарқалса, касофати ҳаммага уришиши ҳақида қайта – қайта огоҳлантирдилар.
عَنْ عَبْدِ الله بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: "مَا ظَهَرَ الرَّبَا وَالزِّنَا فِي قَوْمٍ إِلَّا أَحَلَّوْا بِأَنْفُسِهِمْ عِقَابَ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ" (رواه الإمام أحمد).
яъни: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:“Қайси қавмда рибо ва зино зоҳир (очиқ ойдин) бўлса, улар ўзларига Аллоҳ азза ва жалланинг азобини вожиб қилиб оладилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Шунинг учун тижорат аҳли ҳалолни маҳкам тутиши, ҳаромдан узоқ бўлиши, дунёдан кейин охират келиши, у ерда эса, қаердан топдинг, қаерга сарфладинг, деган савол бўлишини эсдан чиқармаслиги лозим. Қолаверса, ҳаром луқма ибодатлар ва дуоларнинг қабул бўлмаслигига сабаб бўлади.
Тижорат аҳли, ўзларига Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни ва саҳоба розияллоҳу анҳумларни намуна қилиб олишлари, уларнинг ичида тириклигидаёқ жаннат башорат қилинган Абдурроҳман ибн Авф каби беҳисоб мол-мулкка эга бўлган тижоратчилар ҳам бўлганлиги, лекин тижорат уларни Аллоҳнинг зикри ва ибодатидан тўсмаганлигини билишлари ҳам зарур.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг давомида тижоратчиларнинг савдо-сотиқ жараёнидаги шариатимиз томонидан белгилаб берилган одоблари ва кўрсатмаларидан баъзиларини эслаб ўтамиз.
- Ростгўй бўлиш; Савдо молини ҳақиқий сифати, нави, жинси, тайёрланган жойи ва сарф-харажати ҳақидаги маълумотларда ёлғон ишлатмаслик даркор.
- кенгфеъл ва саховатли бўлмоқ;
Сотувчи баҳони пастроқ қилишда ва ўлчашда саховатли бўлишга ҳаракат қилиши, ўз навбатида харидор ҳам қаттиқ шартларни талаб қилиб туриб олмаслиги керак.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон сотса, қачон сотиб олса ва қачон ҳақини талаб қилса бағрикенг бўлган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин”, дедилар”. (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилган).
Чунки Савдо пайтидаги ичилган қасам бараканинг кетишига сабаб бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
Савдо пайтида бўладиган баъзи камчиликларни ювилиши учун тижоратчи одам кўпроқ садақа қилиб туриши лозим.
Қайс ибн Fазара розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эй, савдогарлар жамоаси! Албатта, савдода беҳуда нарса ва қасам ҳозир бўлади, бас уни садақа ила аралаштиринглар”, дедилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилганлар).
Тижоратчи одам савдо шартномасини ва қарз олиш ёки бериш жараёнини қайд этиб бориши лозим. Бировга насияга муомала қилганда ва қарз берганда гувоҳларни ҳозир қилиши мақбул ишдир.
Албатта, савдогар ўз ишидан фойда кўриши лозим. Лекин устама нарх қўйишда ҳаддан ошмагани маъқул. Шариатда сотувчи молни шунчага сотсин ёки сотмасин деб тайин қилинмаган. Лекин, одамларга зулм етадиган даражада ҳаддан зиёд қиммат қилиб сотиш ҳам жоиз эмас. Шунинг учун урфдаги қийматдан ортиқ баҳога сотмаслик лозим.
Аллоҳ таоло ватанимиз равнақига ҳисса қўшаётган, иқтисодий соҳада хизмат қилаётган барча юртдошларимизга ўзи тавфиқ, куч қувват ато қилсин, қиёмат кунида ваъда қилинган улуғ ажрларни насиб қилсин. Омин!
“Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 27 август кунги 175-сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратларининг “Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт” номли мақоласи чоп этилди.
Эзгулик, бағрикенглик марказига айланаётган мамлакатимизда диний-маърифий соҳада эришилаётган тарихий ютуқлар эътирофига бағишланган қиёсий-таҳлилий мақоланинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Бутун халқимиз томонидан катта шодиёна қилинаётган, ўз тақдирини шу азиз Ватан тақдири билан боғлаган қирқ миллионга яқин юртдошимиз қалбини чексиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлдираётган мустақиллик байрами – истиқлолимизнинг 35 йиллик айёми билан барчани чин қалбимдан муборакбод этаман.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, мамлакатимизда сўнгги йиллардаги жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳамда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин тоат-ибодат қилиши учун яратилаётган шароитлар янги босқичга кўтарилди.
Бунёдкорлик ва маънавий тикланиш солномаси
Сўнгги ўн йиллик солномасига қарайдиган бўлсак, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг энг маҳобатлилари, шубҳасиз, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасидир.
Бундан 9 йил олдин Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ҳақида махсус қарор қабул қилиниб, амалий ишлар бошланган эди. Ниҳоят жорий йилда қадимдан Тошкентнинг маънавий маркази бўлиб келган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида миллий руҳ ва замонавий шароитларга эга муҳташам иншоот барпо этилди. Марказнинг асосий зали, таъбир жоиз бўлса, қалби, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Қуръон залидир. Бу ерда дунёдаги энг қадимий Ҳазрати Усмон Мусҳафи юксак мақомига яраша муносиб ўрин топди.
Бу масканда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам янги қароргоҳига эга бўлди. Президентимизнинг оқ фотиҳаси билан биз ҳам шу ерда фаолиятимизни давом эттиряпмиз.
Имом Бухорий мажмуаси қурилиши 2019 йилда бошланган эди. Қарийб 45 гектар майдонни қамраб олган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид, инновацион музей, кутубхона, меҳмонхоналар ва бошқа зарур инфратузилма иншоотлари барпо этилди.
Шу муаззам мажмуа фойдаланишга топширилаётганида хаёлимга бир фикр келди. Биласиз, Имом Бухорий бобомиз илм талаб қилиш йўлида қанча машаққатлар чекиб дунё кездилар. Буюк муҳаддис бўлиб Ватанимизга қайтиб келдилар. Лекин унга ҳозиргидек эътибор, эҳтиром, эъзоз кўрсатилмаганди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини юксак даражада қадрлаш ва тарғиб этишга янги босқичда кенг имкониятлар яратилди. Ҳозир бутун ислом олами, барча мусулмонлар шу мажмуага талпинмоқда.
Шунингдек, Фарғонадаги Бурҳониддин Марғиноний янги мажмуаси, Намангандаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Андижон бош масжиди, Сурхондарёдаги термизийлар мақбаралари, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳи, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Нукусдаги Имом Эшон Муҳаммад, Урганчдаги Охун бобо масжидлари, Тошкентдаги Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжид-мажмуалари, Тошкент вилоятидаги Зангиота зиёратгоҳини ҳам санаб ўтиш мумкин.
Юртимизнинг шаҳару қишлоқларида, энг чекка ҳудудларида 130 тага яқин янги масжид очилди. 500 дан зиёд жоме бутунлай қайтадан бунёд этилди. 3 та олий ва 1 та ўрта махсус мадраса ташкил этилди. Жумладан, 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасининг тарихий мақоми тикланди ва уни дунёга машҳур ал-Азҳар мажмуаси даражасига етказиш ишлари давом этмоқда.
Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институти, шунингдек, Имом Термизий номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолият бошлади. Тошкент ислом институтида магистратура ташкил қилиниб, бу йил илк битирувчилар соҳанинг нуфузли идораларида меҳнат фаолиятига киришди.
Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари сони 30 дан ошди. Машғулотларни 100 мингдан зиёд тингловчи якунлаб, Аллоҳнинг каломини ўқиш бахтига эришди. Бундан ташқари, интернет орқали онлайн қироат сабоқлари йўлга қўйилди.
Диний идорамиз ҳузурида Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво маркази ташкил этилди. Бу ерда диний уламоларимиз ҳар йили юртдошларимизнинг 300 мингдан ортиқ саволига жавоб бериб келмоқда. Эътиборлиси, ишлаш ё ўқиш мақсадида чет давлатда бўлиб турган ватандошларимизнинг саволларига мобил илова ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам жавоб бериш имконияти яратилган.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги 4 та халқаро илмий-тадқиқот маркази таъсис этилиб, нодир илмий-маърифий асарлар тадқиқ қилинмоқда.
Зиёрат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш
Ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл берилди. Ҳаж квотаси 3 баравар, яъни 5 мингдан 15 мингга кўпайган бўлса, умрага қўйилган квота чекловлари олиб ташланди. Натижада ҳар йили 1 миллионга яқин ҳамюртимиз Аллоҳнинг байтини зиёрат қилишга муваффақ бўлмоқда.
Бу йилдан бошлаб Президент ҳожилари дастури жорий этилиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган 100 нафар юртдошимиз ҳаж сафарига имтиёзли бориб келди.
Рамазон ойи, икки ҳайит байрами ҳақиқий маънода катта айёмга айланди. Бу муборак саналарни Президент қарори билан кенг нишонлаш дунё мамлакатлари тажрибасида йўқ. Айниқса, жорий йилги айёмларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган улкан воқеликларни алоҳида таъкидлаш керак: Рамазон ойида 1 триллион 100 миллион сўм, Қурбон ҳайитида 700 миллиард сўм маблағ хайрия ишларига йўналтирилди.
Диний соҳа ходимларига бугунгидек эътибор, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлаш илгари кузатилмаган эди. Айниқса, 15 уламонинг Имом Бухорий ордени билан мукофотланиши тарихий воқеа бўлди.
Имом-хатибларимиз хорижий тажриба алмашиш ва малака ошириш учун чет давлатларга бормоқда. Хусусан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Европа мамлакатлари, Саудия Арабистони, Миср, БАА, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда малака ошириш курслари, Қуръони карим хатмлари, диний-маърифий суҳбатларда иштирок этмоқда. Албатта, бундай юксак эҳтиром ва кенг имкониятлар қалбларимизда чексиз шукроналик туйғусини уйғотади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда этишни ваъда қилиб, бундай марҳамат қилади:
“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Ушбу илоҳий ваъдага мувофиқ, тинч ва фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, юртимизда амалга оширилаётган хайрли ва эзгу ишларга шукроналик келтириш неъматларнинг бардавом ва янада зиёда бўлишига сабабдир. Зотан, шукр фақат тилда эмас, балки меҳр-оқибат, саховат ва эзгу амалларда намоён бўлиши билан ўз маъносини топади.
Буюк саодатнинг ифодаси
Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати натижасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланмоқда. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши, Абу Даби тинчлик форуми, Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши, Исломий фиқҳ академияси, Ислом олами уюшмаси, Подшоҳ Салмон номидаги Ҳадиси шариф академияси ва Халқаро ислом фиқҳи академияси каби нуфузли ташкилотлар шулар жумласидан.
Яқинда мамлакатимизда I халқаро ислом цивилизацияси форуми ўтказилди. У бутун дунё эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратди. Форум доирасида кўплаб нуфузли олимлар, уламолар юртимизга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг шоҳиди бўлди.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан 600 дан ортиқ китоб, монография, рисола, роман нашр қилинди.
Умуман олганда, инсон қадрини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсат аҳолининг турмуш сифатини янада ошириш, илгари адашган йўлидан қайтиб, соғлом ҳаёт кечириш йўлини танлаган шахсларни афв этиш каби савобли ишларда намоён бўлаётир.
Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг инояти билан эришилган истиқлол шарофатидандир. Тикланган маънавий қадриятлар, кенг очилган эътиқод имкониятлари янги Ўзбекистонда инсон қадри нақадар юксак даражага кўтарилганининг ёрқин мисолидир. Бу ишлар маърифат, бағрикенглик ва эзгулик тамойиллари атрофида бирлашган халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлайди.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз таълимотларида инсон учун энг улуғ саодат тинчлик-осойишталик, тансиҳатлик ва хотиржамлик эканини алоҳида таъкидлаганлар:
“Сизлардан ким аҳли-оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик егулиги бор ҳолда тонг оттирса, гўёки унга бутун дунё тўлалигича берилибди” (Имом Термизий ривояти).
Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва эмин-эркинлик мана шундай улуғ саодатнинг амалий ифодасидир.
Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз истиқлолини абадий, тинчлигимизни барқарор айласин! Юртимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган Президентимиз ва барча мутасаддиларга куч-ғайрат, мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар ёр бўлсин. Эл-юртимиз аҳил-иноқлиги, хонадонларимизнинг қут-баракаси ҳеч қачон аримасин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби