Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

Рўзанинг танамизга таъсирини биласизми?

09.06.2018   56850   5 min.
Рўзанинг танамизга таъсирини биласизми?

Мусулмонлар Рамазонда саҳардан шомгача рўза тутишади. Бунинг инсон организмига таъсири қандай?

Сўнгги йилларда Рамазон шимолий яримшар минтақасида ёз ойларига тўғри келмоқда (бу йил Рамазон Британияда 16 майдан бошланиши кутилмоқда). Бу ойлар давомида кундузи узоқроқ, об-ҳаво эса иссиқроқ бўлади.

Бу эса баъзи мамлакатлар, масалан, Норвегияда одамлар келаётган Рамазонда кунига 20 соатга қадар рўза тутадилар, деганидир.

Рўза тутиш соғлиқ учун фойдалими? Қуйида 30 кун рўза тутганингизда танангизда қандай ўзгаришлар юз бериши ҳақида билиб олишингиз мумкин.Ҳар йили Ер юзидаги миллионлаб мусулмонлар Рамазоннинг бир қисми сифатида 30 кун давомида кун чиққандан то қуёш ботгунга қадар рўза тутадилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images Image caption Рўза пайтида организмингиз қувват учун биринчи жигарда йиғилган шакарни ишлатади

Энг қийин қисм – илк икки кун

Тиббиёт нуқтайи-назаридан сўнгги овқатдан саккиз соат ёки шунга яқинроқ вақт ўтмагунга қадар танангиз «рўзадорлик ҳолати»га кирмайди. Бу вақт атрофида ичаклар овқатдаги озиқ моддаларни сўриб олиш жараёнини якунлаётган бўлади.

Озиқ моддалар ичаклар орқали сўриб олингандан сўнг танамиз жигар ва мушакларда тўпланган глюкозадан қувват олишга ҳаракат қилади.

Рўзанинг сўнгги қисмларида, глюкоза тугагандан сўнг, танада йиғилган ёғ қувватнинг навбатдаги манбайи бўлиб хизмат қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images Image caption Рамазоннинг илк кунлари қийинроқ кечади, аммо организм очликка тезда кўникади

Тана ёғ билан озиқлана бошлаганда вазн ва холестерин миқдори камаяди, қандли диабетга чалиниш эҳтимоли пасаяди

Аммо қонда шакар миқдорининг тушиб кетиши ҳолсизлик ва ланжликка сабаб бўлади.

Рўза тутаётган пайтингиз бош оғриғи ва айланиши, кўнгил айнишини ҳис қилишингиз, нафасингиз сиқиши мумкин.

Бу вақтда танангиздаги очлик ҳисси ўзининг энг юқори чўққисига чиқади.

Сувсизланишдан эҳтиёт бўлинг – 3-7 кун

Танагиз рўза тутишга мослаша борган сари ёғлар чўкиб, қондаги шакарга айланади. Рўза тутиш давомида йўқотилган суюқлик миқдори ифторлик ва оғиз ёпиш орасида қайта тўлдирилиши лозим. Акс ҳолда терлаш ҳисобига тана сувсизланиб қолади.

Истеъмол қилинаётган таомларда углевод ва ёғлар каби қувват берувчи моддалар етарли даражада бўлиши зарур. Шунингдек, озиқ моддалар, жумладан, оқсиллар, тузлар ва сувнинг истеъмол қилинаётган таомдаги миқдори ўзаро мувозанатда бўлиши ҳам муҳим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images Image caption Рўза пайти сув ичиш муҳим, айниқса, ёз ойларида

Рўза тутишга ўргана бошлайсиз – 8-15-кун

Учинчи босқичга келиб, танангиз рўза тутишга тўла ўрганиб қолгандан сўнг кайфиятингизда ҳам яхши ўзгаришлар пайдо бўла бошлайди. Кембриждаги Адденбрук касалхонасининг анестезия ва интенсив даволаш бўлими консултанти бўлиб ишловчи доктор Разин Маъруфга кўра, рўза тутишнинг бошқа афзалликлари ҳам мавжуд.

"Одатий турмуш тарзида биз юқори калорияли овқатлар тановвул қиламиз ва бу ҳол танамизнинг баъзи вазифаларни, масалан, ўзини-ўзи қайта тиклаш амалиётини адо этишида ҳалал беради".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images Image caption Кўп калория истеъмол қилиш организмнинг инфекцияга қарши курашишини қийинлаштиради

"Рўза тутиш давомида анчайин енгиллашган тана бошқа функцияларга ўз эътиборини қаратиш имконига эга бўлади. Шундай қилиб, рўза тутиш тананинг ўзини-ўзи даволаш хусусиятлари, шунингдек, инфекцияларга қарши курашиш қобилиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади".

Ични тозалаш – 16-30 кун

Рамазоннинг сўнгги қисмида танангиз рўза тутишга бутунлай кўникиб бўлади. Бу вақтга келиб йўғон ичак, жигар, буйрак ва териларда тозаланиш жараёни бошланиб кетади.

"Рўза тутиш орқали ўз-ўзини тозалаб олган органлар ўзининг фаолиятини тўлиқ тиклаб олади. Хотирангиз ва диққатни жамлаш қобилиятингиз яхшиланиб, ўзингизни бардам сеза бошлайсиз", -дейди доктор Маъруф.

Доктор Маъруфга кўра, давомли очлик озишнинг яхши йўли эмас

"Танангиз қувват олишда оқсилларга қарам бўлиб қолмаслиги керак. Бу манзара тана ўзига хос 'очлик ҳолати'га кирганда ва мушаклардан қувватлана бошлаганда юзага келади ҳамда бир неча кундан бир неча ҳафтага қадар давом этади".

"Рамазон рўзаси фақат кун чиққандан ботганга қадар давом этгани сабабли бизда танамизни қувватга бой озуқалар ва ичимликлар билан тўлдириб олишга етарлича имкон бўлади. Бу мушакларни қуриб кетишдан сақлайди. Бундан ташқари вазн ташлашга ҳам ёрдам беради".

Шундай қилиб, рўза тутиш соғлиқ учун фойдалими?

Доктор Маъруф ҳа, дейди. Аммо баъзи нарсаларни эътиборга олиб қўймоқ зарур.

"Биз тановвул қилаётган таомларимизга эътиборни оширганимиз сабабли рўза тутиш соғлиқ учун фойдали. Бироқ бир ойлик рўза фойдали бўлсада, уни давомий тутиш тавсия этилмайди".

"Давомий рўза тутганда танангиз ёғни еб бўлиб, қувват олиш учун мушакларга эътибор қарата бошлайди. Бу эса яхши эмас".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Доктор Маъруф Рамазондан ташқари пайтларда қисқа рўза ёки 5:2 форматдаги парҳез (ҳафтада икки кун рўза тутиш, қолган кунлари осон ҳазм бўладиган таомлар ейиш) тутиш ойларга чўзиладиган рўзага яхши муқобил бўлади, дейди.

"Рамазон рўзасида ҳар куни қувватга бой озуқа истеъмол қилишга эътибор бериш зарур. Шундагина танангиз ҳаёт учун муҳим бўлган мушак тўқималарини еб юбормайди".

 

Ахмен Ҳавожа Би-би-си Жаҳон хизмати

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

14.08.2026   15329   3 min.
Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

Марғилон – Фарғона водийсининг энг қадимий ва ўзига хос шаҳарларидан бири. Унинг тарихини фақат меъморий обидалар, қадимий кўчалар ёки машҳур ҳунармандчилик анъаналари билангина эмас, балки асрлар давомида халқ эъзозида бўлиб келаётган зиёратгоҳларсиз ҳам тасаввур этиб бўлмайди, хабар бермоқда ЎзА.

Шаҳардаги Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозор ана шундай тарихий-маънавий масканлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, ривоятлари ва халқ хотирасидаги ўзига хос ўрнига эга.

Марғилоннинг қадимий зиёратгоҳларидан бири Пир Сиддиқ мажмуасидир. Халқ орасида бу қадамжо билан боғлиқ турли ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Зиёратгоҳ Пир Сиддиқ номи билан боғлиқ бўлиб, “сиддиқ” сўзи араб тилида ҳақгўй, ростгўй, ҳақиқатга содиқ инсон маъноларини англатади. Шу жиҳатдан зиёратгоҳ номи ҳам халқ тасаввурида эзгулик, иймон ва ростгўйлик каби фазилатлар билан уйғунлашиб кетган. Мажмуадаги меъморий ечимлар, айниқса, гумбазли иншоотлар ва қадимий қабрлар Марғилоннинг ўтмишдаги шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаридан дарак беради.

Пир Сиддиқ зиёратгоҳи нафақат зиёрат маскани, балки Марғилоннинг тарихий хотирасини ўзида мужассам этган қадамжолардан бири сифатида аҳамиятлидир. Марғилон тарихи буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан чамбарчас боғлиқ. XII асрда яшаб ижод қилган аллома ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари асрлар давомида муҳим ҳуқуқий манба сифатида қадрланиб келган.

Марғилонда аллома номи билан боғлиқ Чиллахона ҳам халқнинг маънавий хотирасида алоҳида ўрин тутади. “Чиллахона” атамаси одатда инсоннинг маълум муддат хилватда қолиб, тафаккур, ибодат ва руҳий тарбия билан машғул бўладиган жойини англатади. Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси билан боғлиқ ривоятлар ҳам алломанинг илм йўлидаги машаққатли изланишлари ва маънавий камолотини тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу масканни фақат зиёратгоҳ сифатида эмас, балки буюк алломанинг илмий-маънавий меросини англашга хизмат қилувчи тарихий хотира жойи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Марғилондаги яна бир ўзига хос маскан – Каптарли мозор. Унинг номи билан боғлиқ халқ ривоятлари турлича. Айрим ҳикояларда бу жойда каптарлар кўп бўлгани, шу сабабли мозор “Каптарли” деб аталгани айтилади. Каптар эса халқ тасаввурида тинчлик, поклик ва эзгулик рамзи сифатида қабул қилинади. Каптарли мозор ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш Марғилоннинг маҳаллий тарихини янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун архив ҳужжатлари, қадимий хариталар, қабртошларидаги ёзувлар, вақф ҳужжатлари ва халқ орасида сақланиб келаётган оғзаки тарих намуналарини тадқиқ этиш муҳим. Зеро, халқ хотирасида асрлар давомида сақланиб келаётган ривоятлар ҳам тарихий-этнографик тадқиқотлар учун қимматли манба бўлиши мумкин.

Уч қадамжо – бир тарих. Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозорни бирлаштириб турган асосий жиҳат уларнинг Марғилоннинг маънавий қиёфасини шакллантиришдаги ўрнидир. Бу қадамжолар халқнинг аждодларга ҳурмат, муқаддас жойларни асраш, эзгулик ва маърифатни қадрлаш каби анъаналарини ўзида мужассам этади.

Уларнинг ҳар бири Марғилон тарихининг турли қирраларини намоён этади: Пир Сиддиқ – диний-маънавий меросни, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси – илм ва тафаккур анъаналарини, Каптарли мозор эса халқ хотираси ва маҳаллий ривоятларнинг узвийлигини ифодалайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари