Қалбга келган васвасалар ва уларнинг ҳукми ҳақида Алий Қорий роҳматуллоҳи алайҳнинг “Мишкатул масобиҳ” китобига ёзган “Мирқотул мафотиҳ” асаридан баъзи ҳадислар ва уларнинг шарҳларини келтирамиз.
Қалбга келадиган фикрлар агар ёмон, разил нарсаларга ундаса, у васваса бўлади. Агар яхшиликка ундаса у илҳом бўлади. Юқоридаги китобнинг биринчи фаслида келган ҳадис:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло умматимдан қалблари васваса қиладиган нарсаларни авф этди, модомики, уни амалга оширмаса ёки гапирмаса.
Ҳадисдаги модомики уни қилмаса ёки гапирмаса дегани қалбидаги васваса қилинадиган нарса бўлсаю уни амалга оширмаса масалан, ноҳақ одам ўлдириш, зино, ўғирлик ва шунга ўхшашларни қалбга олиб келса, лекин уни қилмаса. Модомики, гапирмаса дегани у васваса тил орқали амалга ошириладиган ишлар, ҳақорат, куфрга олиб борувчи сўзлар бўлсаю уни айтмаса деган маънодадир. Бухорийнинг саҳиҳ китоблари шарҳи бўлган “Равза” китобининг муаллифи айтадики, агар у қалбда ўрнашса, бу сабабидан ҳисоб китоб қилинади. Юқоридаги ҳадис эса, ўша васваса қарор топмаса, шак-шубҳасиз авф қилинади деган маънога йўямиз. Чунки ўрнашмаган турли хил фикрлардан қутилиш бандани тоқатидаги нарса эмасдир.
Яна бир ҳадисда қалбдаги васвасалар ўта хатарли бўлсачи деган саволга жавоб беради:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир нечалари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб сўрадилар, биз қалбимизда шундай нарсаларни топдикки уни гапиришни катта нарса деб ҳисоблаймиз. У зот шундай нарса топаяпсиларми? – деди. Улар: “Ҳа”, дейишди. Шунда у зот ана ўша очиқ ойдин иймондир, деб марҳамат қилдилар.
Қалбимизга турли нарсалар келиб қолади деган жумлани Алий Қори роҳимаҳуллоҳ хунук нарсалар, масалан: Аллоҳни ким яратди, унинг кўриниши қанақа ва шунга ўхшаш ёмон сўзлар деб шарҳлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирида ана шу очиқ ойдин иймондир деганларини, инсоннинг қалби Аллоҳни бирор нарсага ўхшатишдан ва баъзи куфрга олиб бориб қўядиган даражада инкор қилишдан холи эканини билдиради. Чунки кофир инсон Аллоҳни яратган махлуқотларига доимий ўхшатиб юради ва чиройли санайди. Энди ким уни ёмон деб, Аллоҳга лойиқ эмаслигини билиб, хунук санаса ана ўша ҳақиқий мўминдир. Бирор шубҳа қанчалик кучли бўлса ҳам уни тебрата олмайди. Баъзи уламолар наздида бунинг маъноси васваса бу иймоннинг белгисидир чунки ўғри ҳеч қачон бўм-бўш уйга кирмайди, деганлар.
Кейинги ҳадисда шунга ўхшаш васвасани кўринишларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб, ундан халос бўлиш йўлларини ҳам баён қилиб берганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шайтон бирингизга келади ва буни ким яратди, буни ким яратди дейди охири Роббингни ким яратди, дейди. Кимга шу нарса етса, шайтондан паноҳ сўрасин ва тўхтасин.
Шарҳ: Иблис ёки унинг инсон ва жинлардан бўлган ёрдамчилари одам фарзандини чалкаштириш учун васваса қилади. Осмонни ким яратди, ерни ким яратди, дейди. Мақсади адаштириш, куфрга тушириш бўлади, шу зайлда савол бераверади, охири Роббинг ҳамма нарсани яратган зот бўлса, унинг ўзини ким яратган, дейди. Кимга шу нарса етса, Аллоҳ таолодан шайтонни кетказиш учун паноҳ сўрасин. Қуръони каримда шайтон ихлосли бандаларингни адаштира олмайман деган. Ҳадиси шарифларда ҳам келади “Яхшилик қилишга ҳам ёмонликдан қайтишга ҳам бирор куч қувват йўқ фақат Аллоҳнинг ёрдами билангина бордир”. Бандага хожасидан паноҳ сўраши вожиб бўлади. Шунда тили билан اعوذ بالله من الشيطان الرجيم (Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм)ни айтади, яъни қувилган шайтонни ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайди. Чунки Аллоҳ таоло ўз лутфи илоҳийси билан уни заиф ҳам хор ҳам қилдириб қўймайди. Шу сабабли шайтон эшик олдида очилишини кутиб турган, қачон очилса кирмоқчи бўладиган итга ўхшатилади. Шайтон ҳам қалб зикридан, Аллоҳдан паноҳ сўрамасдан ғофил бўлишини кутиб туради. Ҳадисни охирида “тўхтасин” дегани бу қалбига келган нарсалар ҳақида фикрлашни тарк қилсин ва бошқа нарса билан машғул бўлсин маъносидадир.
Иброҳим ТЕМИРОВ
Тошкент ислом институти талабаси
#Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.
Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).
Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.
Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.
Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ