Рамазон ойи жуда ҳам фазилатли ойдир. Бу ойда бошқа ойларда топилмайдиган кўплаб хусусиятлар бор. Шунга кўра, бу ойни Қуръон, тақво, ибодат, меҳр-оқибат, бедорлик ва шу каби бошқа номлар билан қўшиб зикр қилсак бўлади. Бу ойнинг хусусиятларидан яна бири, Рамазон – гуноҳлардан тийилиш ойидир. Бу ҳақида ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида баён қилганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: » مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ فِي أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ«. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон сўзни ва унга амал қилишни тарк қилмаса, унинг таоми ва ичимлигини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Мусулмон киши ҳар доим гуноҳ қилишдан, жумладан тил орқали бўладиган, ёлғон, бўҳтон, ғийбат, чақимчилик каби гуноҳларни содир қилишдан сақланиши лозим. Бу ҳақида шариатимизда турли хил кўрсатмалар ворид бўлган. Пайғамбиримиз алайҳиссаломнинг ушбу ҳадисларида рўза тутган одамнинг ёлғон гапиришдан сақланишига тарғиб қилишлари, бу рўзадор учун яна ҳам таъкидлаш учундир. Уламоларимиз, ҳадисда зикр қилинган “ёлғон сўз” нинг остига ғийбат, бўҳтон, чақимчилик, сўкиш, ҳақорат каби тил орқали содир бўладиган гуноҳлар ҳам киради, дейишган. “Унга амал қилиш” деганда шариъатга хилоф бўлган барча гуноҳ ишлар тушунилади.
Яна бир ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، يَقُولُ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:» إِذَا كَانَ يَوْمُ صَوْمِ أَحَدِكُمْ فَلَا يَرْفُثْ يَوْمَئِذٍ وَلَا يَصْخَبْ فَإِنْ سَابَّهُ أَحَدٌ أَوْ قَاتَلَهُ أَحَدٌ فَلْيَقُلْ: إِنِّي امْرُؤٌ صَائِمٌ«. رَوَاهُ أَحْمَدُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингизнинг рўза куни бўлса, шу кунда беҳаё сўзларни гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар биров у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, “мен рўзадорман”, деб айтсин”, дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.
Мана бу ҳадиси шарифда ҳам рўза тутган киши ҳар хил бемаъни сўзларни гапириши ва бақир-чақир қилиб одамларга азият беришидан қайтариляпти. Шунингдек, бошқа киши томонидан унга шу каби гуноҳ ишлар содир бўлса ҳам, бунга сабр қилиб, рўзадор эканини эслатиб қўйиши тавсия қилинмоқда. Бундан кўринадики, рўзадор киши ҳар қандай ҳолатда бўлса ҳам гуноҳ қилишдан ўзини асраши лозим экан.
Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : »كَمْ مِنْ صَائِمٍ لَيْسَ لَهُ مِنْ صِيَامِهِ إِلَّا الْجُوعُ وَكَمْ مِنْ قَائِمٍ لَيْسَ لَهُ مِنْ قِيَامِهِ إِلَّا السَّهَرُ«. رَوَاهُ أَحْمَدُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қанчадан қанча рўзадорлар борки, уларга рўзасидан очликдан бошқа нарса бўлмайди. Қанчадан қанча тунларда ибодатга қоим бўладиганлар борки, уларга уйқусизлигидан бошқа нарса бўлмайди”, дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.
Ҳар бир киши рўза тутар экан, бу рўзаси Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлишини ва эвазига кўплаб ажрлар олишини умид қилади. Бунинг учун нафақат еб-ичишдан тийилиш, балки, гуноҳ ишлардан ҳам ўзини сақлаши лозим бўлади. Рўза тутиб олиб, гуноҳларни қилаверадиган бўлса, фақатгина оч ва ташна бўлганидан бошқа нарса бўлмас экан. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, инсонлар орасида шундай кишилар ҳам бор. Рўзадор бўлган ҳолида ғийбат, чақимчилик, ёлғон гапириш каби гуноҳлар билан машғул бўлади ёки бошқаларга азият беришда давом этади. Имом Тийбий раҳимаҳуллоҳ: “Рўзадор киши савоб умидида рўза тутмаса ёки ёлғон, бўҳтон, ғийбат каби гуноҳ ишлардан тийилмаса, унга очлик ва ташналикдан бошқа нарса ҳосил бўлмайди. Рўза зиммасидан соқит бўлсада, ҳеч қандай савобга эга бўлмайди”, деб айтган. Шунинг учун рўза тутаётган барча киши ўзини ислоҳ қилиши, гуноҳлардан сақланиши лозим.
Аллоҳ таоло барчамизнинг тутаётган рўзамизни даргоҳида қабул қилсин. Гуноҳлардан тийилишимизни барчамизга насиб айласин.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Мадаминов Шокиржон
Париж шаҳрида ЮНЕСКО Бош қароргоҳида 7 октябрь куни "Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий-илмий мероси ва маърифатнинг уфқлари" мавзусида анжуман бўлиб ўтди, хабар бермоқда iccu.uz.
Тадбир доирасида Ислом тарихи, илм-фани ва маданияти, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси, бой маънавий мероснинг замонавий тараққиётдаги ўрни ҳамда маданиятлараро мулоқот масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази — IRCICA Бош директори, профессор доктор Маҳмуд Эрол Килич “Маънавий-маърифий мерос ва замонавий тараққиёт” мавзусида маъруза қилди.
Маърузачи ўз нутқида ўтмишнинг илмий, маънавий ва маданий меросини ўрганиш инсоният учун нафақат тарихий хотирани асраш, балки тинчлик, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, турли халқлар ва маданиятларнинг умуминсоний цивилизацияга қўшган ҳиссини холисона ўрганиш инсониятнинг умумий билим ва тажрибасини янада чуқурроқ англаш имконини беради. Айниқса, буюк олимлар, файласуфлар ва мутафаккирларнинг асрлар давомида шаклланган таълимотлари бугунги дунёда маънавият, ахлоқ ва инсонпарварлик қадриятларини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Маҳмуд Эрол Килич Ўзбекистон ҳудуди жаҳон цивилизацияси тарихида алоҳида ўрин тутганини қайд этиб, Мовароуннаҳр, Хуросон ва умуман Марказий Осиё асрлар давомида илм-фан ва маърифатнинг муҳим марказларидан бири бўлганини таъкидлади.
Ўзбекистон ҳудуди цивилизациянинг асосий ўчоқларидан бири бўлиб, бу ерда инсониятнинг турли соҳаларда тўплаган билим ва тажрибалари қабул қилинди, такомиллаштирилди, ривожлантирилди ва кейинги авлодларга етказилди. Турли эътиқод ва маданиятлар уйғун яшаган бу заминда ҳукмдорларнинг илм-фан ва таълимни қўллаб-қувватлаши илмий изланишларнинг ривожига кенг йўл очди. Ана шу муҳитда шаклланган уч муҳим тамойил — турли манбалардан илғор ғояларни қабул қилишга очиқлик, тайёр ақидалардан кўра ақл ва тафаккурга таяниш ҳамда илм-фан ва диний билимларни бирлаштирувчи яхлит билим тушунчаси — бугун ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқда.
Хоразмий, Форобий, Ибн Сино ва Беруний каби буюк алломаларнинг мероси ана шу интеллектуал муҳитнинг юксак натижаси бўлди. Уларнинг илмий қарашлари нафақат Марказий Осиё, балки бутун инсоният тараққиётига улкан таъсир кўрсатди. Шунингдек, Жалолиддин Румий, Нажмиддин Кубро, Яҳё Боку́вий Ширвоний ва Боязид Бистомий каби буюк маънавий алломаларнинг инсонлар ўртасида бирлик, тенглик, тинчлик ва ҳамжиҳатликни тарғиб этган таълимотлари бугун ҳам жаҳон учун муҳим маънавий манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугун ушбу меросни ўрганиш ва унинг замонавий дунё учун аҳамиятини қайта англаш ниҳоятда муҳим. Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари асосида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, Учинчи Ренессанс ғояси ўтмишнинг бой маданий меросидан келажак тараққиёти учун илҳом олишга қаратилган узоқни кўзлаган стратегияни намоён этади. Бу жиҳатдан мазкур форум ҳам алоҳида аҳамиятга эга: у Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан цивилизацион меросни жаҳон илмий ва маданий маконига олиб чиқиш билан бирга, маданий дипломатия, ўзаро тажриба алмашинуви ва халқлар ўртасидаги мулоқотга хизмат қилади.
2026 йил март ойида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан расман очилган Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу кенг кўламли ташаббусларнинг ёрқин намунасидир. Бу Марказ Марказий Осиёнинг исломгача бўлган даврдан замонавий давргача бўлган тарихини намоён этувчи, бой илмий ва маданий меросни бир жойга жамлаган муҳташам мажмуа ҳисобланади. Мен унинг очилиш маросимида иштирок этиш шарафига муяссар бўлдим. Ҳали ушбу марказга ташриф буюрмаган барчани у билан танишишга самимий тавсия қиламан, — деди IRCICA Бош директори Маҳмуд Эрол Килич.
У, шунингдек, IRCICA фаолияти ҳам ушбу мақсадлар билан уйғун эканини қайд этди. Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги халқаро ташкилот сифатида IRCICA 57 та аъзо давлат ўртасида умумий маданий ва тарихий мерос асосида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида билимга асосланган маданий алмашинувларни ривожлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Профессор Маҳмуд Эрол Килич Ўзбекистон ва IRCICA ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда сезиларли даражада кенгайганини ҳам қайд этди. Хусусан, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, қатор олий таълим муассасалари билан қўшма илмий ва маърифий лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.
IRCICA Бош директори бундай ҳамкорликлар буюк алломаларнинг илмий ва маънавий меросини бугунги ва келажак авлодларга етказиш, уларнинг ғояларини замонавий дунёда янада кенг тарғиб қилишга хизмат қилишини таъкидлади.
Маҳмуд Эрол Килич Ўзбекистон, ЮНЕСКО ва халқаро ташкилотлар томонидан тадбирни ташкил этишдаги ҳамкорлик, шунингдек, форумда иштирок этган экспертларга миннатдорлик билдирди.
Маълумот учун: IRCICA — Ислом ҳамкорлик ташкилоти тизимидаги халқаро илмий-тадқиқот ва маданий ташкилот бўлиб, ислом тарихи, маданияти, санъати ва цивилизациясини ўрганиш, шунингдек, аъзо давлатлар ўртасида маданий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати