“Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз”. (Бақара сураси, 183)
Мана неча асрлардан бери Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Бақара сурасининг ушбу оятини нозил қилганидан буён барча мўмин мусулмонлар ёзнинг жазирама иссиғи-ю узун кунлари ёки қишнинг изғирин совуғига қарамасдан Рамазон рўзасини адо этиб келмоқдалар. Аллоҳнинг ушбу оятига лаббай деб жавоб бериб, Рамазон рўзасини мукаммал адо этган мўмину мўминалар фарз бўлган амални бажарган ва улкан савобларга эришган ҳисобланади. Аксинча бу амални турли баҳоналар билан бажармаганлар улкан гуноҳни оркалаб олган бўладилар.
عَنِ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه و سلم قَالَ: مَنْ أَفْطَرَ يَوْمًا مِنْ رَمَضَانَ مِنْ غَيْرِ رُخْصَةٍ رَخَّصَهَا اللهُ لَهُ لَمْ يَقْضِ عَنْهُ صِيَامُ الدَّهْرِ وَإِنْ صَامَهُ.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Ким Рамазондан бир кунни Аллоҳ берган рухсатсиз оғзи очиқ ҳолда ўтказса, замоннинг ҳаммасини рўза тутиб ўтказса ҳам унинг қазосини адо эта олмас”, дедилар”.
Маълумки, бемор, мусофир, қари кишилар (чол ёки кампирлар), шунингдек, ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳам рўза тутишлари узрли кишилар ҳисобланади. Шунингдек, агар бемор тузалса, мусофир юртига қайтса, ҳомиладор аёл фарзандини дунёга келтирса, эмизикли аёллар болаларини сутдан ажратсалар, ҳайзли ва нифосли аёллар поклансалар, рўзаларини қазосини адо этадилар. Қари кишилар эса рўза тута олмаганликлари сабабли фидя берадилар. Фидя берувчиларга сурункали касаллар ҳам кириши маълум. Мазкур тоифалардан бошқалар, албатта, Рамазон ойи рўзасини тутмоқлари шарт. Рамазон ойи рўзасини тутмаган одам гуноҳкор бўлади. Узрсиз бир кун рўзани тарк қилган одам умр бўйи рўза тутиб ўтса ҳам, ўша рўзасини тутмаган куннинг савоби ўрнини тўлғиза олмайди. Чунки фарз рўзани ўз вақтида тутишлик жуда ҳам катта савобга сазовор қилувчи нарсадир.
Рўзадорга баъзи ишлар маън қилинганки, у ишлар рўзадордан содир бўлса, каффорот ўташ шарт бўлади.
“Мухтасари Виқоя”га Алий Қорий томонидан ёзилган “Фатҳу боби иноя” китобида қуйидагича келтирилади: “Ким Рамазонда рўзадор ҳолида яқинлик қилса ёки икки йўлидан бирига яқинлик қилинса, озуқа ва даво бўладиган нарсани қасддан еса, ичса рўзаси бузилади. Зиҳор қилувчи каби қазо тутади ва каффоратини адо этади. Бу рамазон адосини бузгани сабабли, бошқасини эмас”.
Ушбу матн шарҳи билан танишсак:
“Яқинлик” икки тирик одамдан содир бўлиши керак. Ҳақиқий яқинлик бўлиши учун ҳайвонга ва ўликка бўлмаслиги керак. “Икки йўлдан бирига” дейилганда, маний нозил бўлиши ва бўлмаслигининг аҳамияти йўқ. Бир аъзо иккинчи аъзога кириши каффоротга сабаб бўлади.
Соғуржийнинг “Фиқҳул ҳанафия ва адиллатуҳу” асарида, аёл бу ишда эрига бўйсингани учун ҳам қазо билан бирга каффоратини адо этади. Чунки бу иш иккаласи тарафидан содир бўлган. Агар аёл бунга мажбурланса, каффорат йўқ. Агар аёл эрини мажбурласа иккаласига ҳам каффорат вожиб. Имом Муҳаммад айтадилар: “Бу ҳолатда эрга мажбурлангани учун каффорат йўқ. Аёл тонг отганини билса-ю, эридан яширса, фақат аёлга каффорат вожиб”.
“Озуқвий”дан мурод овқат ҳисобланмайдиган тош, темир, пахта, кесак, оҳак каби нарсаларни ейиш, ичиш қазога сабаб бўлади, каффоротга эмас. “Даво бўладиган” - яъни қувват берадиган, тузатадиган ва ошқозонга тўғри борадиган даво воситаларидир. “Қасддан” эса, рўзадор эканлигини била туриб қилиши. Қасддан эмаску, аммо, мажбурланиб, хатоан, адашиб ёки ифторлик вақти бўлди деб ўйлаб юқоридаги ишларни қилиши каффоротга сабаб бўлмайди. Қасддан деган ҳукмга кирмайди. Қазонинг ўзи вожиб бўлади. Бу билан бир қаторда эсдан чиқиб еб-ичиш, яқинлик қилиб қўйиш рўзани бузмайди. Эсга тушиши ила тўхтатиши керак.
“Рамазон адосини бузгани учун” дейилганда, рамазон қазосини тутиб юрган одам, қасддан бўлсада очиб юбориши каффоротга сабаб бўлмайди. “Зиҳор қилувчи каби каффорот ўташи” қуйидаги ҳадиси шарифда келтирилган тартибда бўлади:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صلي الله عليه و سلم فقال: هَلَكْتُ يَا رَسُولَ اللهِ قَالَ: وَمَا أَهْلَكَكَ قَالَ: وَقَعْتُ عَلَى امْرَأَتِي فِي رَمَضَانَ قَالَ: هَلْ تَجِدُ مَا تُعْتِقُ رَقَبَةً قَالَ: لاَ قَالَ: فَهَلْ تَسْتَطِيعُ أَنْ تَصُومَ شَهْرَيْنِ مُتَتَابِعَيْنِ قَالَ: لاَ قَالَ: فَهَلْ تَجِدُ مَا تُطْعِمُ سِتِّينَ مِسْكِيناً قَالَ: لاَ قَالَ: ثُمَّ جَلَسَ فَأُتِيَ النَّبِيُّ صلي الله عليه و سلم بِعَرَقٍ فِيهِ تَمْرٌ فَقَالَ: تَصَدَّقْ بِهَذَا
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Ҳалок бўлдим, эй Аллоҳнинг Расули!” деди. “Сени нима ҳалок қилди?” дедилар. “Рамазонда хотинимнинг устига чиқдим”, деди. “Қул озод қилишга нарса топа оласанми?” дедилар. “Йўқ”, деди. “Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?” дедилар. “Йўқ”, деди. “Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?” дедилар. “Йўқ”, деди. Сўнгра кутиб ўтирди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга бир занбил хурмо келтирилди. У зот (ҳалиги одамга): “Мана буни садақа қилиб юбор”, дедилар.
Ушбу ҳадисда рўзадор жинсий яқинлик қилса, рўзаси очилиши, рўзасини бузган рўзадор каффорот бериши вожиблиги, каффорат қул озод қилишлик, қул озод қилишга қодир бўлмаса, кетма-кет, орасини узмай олтмиш кун рўза тутишлик вожиблиги, беморлиги, қарилиги туфайли рўза тута олмаса олтмиш мискинга таом беришлиги айтилмоқда. Бунда ҳар бир мискинга бир мудд (1 мудд – 1843 грамм) миқдорида таом берилади. Олтмиш кунлик рўза Рамазон рўзасини ва рўза тутишлик маън қилинган яъни икки ҳайит ва ташриқ кунларини ўз ичига олмаган бўлиши керак.
Жумҳур уламолар жинсий алоқада қатнашгани учун аёл киши ҳам каффорот беради, деганлар.
“Шунингдек, таом ёки дори, папирос, афюн, наша ва шунга ўхшаш унинг маъносидаги нарсани шаръий узрсиз емоғи, бировнинг ғийбатини қилганидан, қон олдирганидан, шаҳват билан ушлаганидан ёки ўпганидан, қучоқлашиб ётганидан, кейин рўзам очилиб кетди, деган ўй билан қасддан еб-ичиб юборса, ҳам қазо тутиб, ҳам каффорот адо қилади. Фақиҳ рўзанг очилибди, деб фатво берса, бундан мустасно. Унда фақат қазо тутади. Каффорот вожиб бўлмайди”. (“Ҳадис ва ҳаёт”, 9-жуз.)
Бундан ташқари узрсиз бўлса ҳам рамазон рўзасини тутмай юриши фақат қазога сабаб бўлади, каффоротга эмас.
Каффоротни бир инсонга вожиб қилиш учун биз матнда танишгандек шартлар топилиши керак.
Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон рўзасини мукаммал адо этмоқликни насиб этсин.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус билим
юрти ўқитувчиси Муҳаммедходжаева Санобар
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси