Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448

Исломда эътикофда ўтириш тартиби ва фазилати

05.06.2018   58790   17 min.
Исломда эътикофда ўтириш  тартиби ва фазилати

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила (бошлайман).

Аллоҳ таоло биз осий бандаларингга лафзлари қисқа ва маънолари кенг бир услубда бу мавзуни ёритишни насиб айлагин.

«Эътикоф» луғатда «ушлаб қолиш», «туриб қолиш» ва «лозим тутиш» маъноларини ифода қилади.

Шариатда эса «Рўзадорнинг жамоат масжидида эътикоф нияти ила қолишидир».

Эътикофнинг шариатда мавжуд эканига Куръон, суннат ва ижмоъ далолат килади.

Эътикофда Ислом амалларининг қаймоғи жамлангандир. Бу қисқа фурсатда ҳар бир мусулмон инсон умри мобайнида етиши имкони бўлмаган ва тасаввур қилиб бўлмайдиган барча фазилатларни ўз танасида ҳис қилади. Ҳақиқий маънода 10 кун давомида Аллоҳнинг хос бандалари бу кунларни ҳеч бир нарсага алишмасдан фақат шу савобни деб ўзининг нафсига сайқал бериб Аллоҳ билан тинимсиз мулоқот қилади. Ҳақиқий Расулуллоҳдек ихлос билан ўтирса унда ваъда қилган ажр савобни камайтирилмаган ҳолатда олиб чиқади. Шуни ёддан чиқармаслик керакки эътикофда ўтириш ҳақиқий маънода руҳий озуқани олиш манбаси ҳисобланади. Ўзи аслида инсон эътикофда ўтирганда у Аллоҳдан нима сўраса ўша нарса ўша заҳоти унга берилади, бунга заррача шубҳа йўқ. Ҳанафий мазҳабида эътикофнинг энг ками бир соат дейилади. Агар бир соатни ҳам ҳар қандай мухлис банда шу соатда айтилган амаллар билан бойитиб ғайрат қилса унга ўша истаганидан зиёди берилади. Мен бундан бир неча йил олдин 10 кунлик эътикофда ўтирганимда кўпгина фойдаларни ўзимда кўрдим. Эътикоф ичида барча яхшиликларга танангизни одатлантирсангиз унинг заҳираси шак – шубҳасиз янаги йил шу кунингизгача етиши фазилатига эга бўласиз. Амалларни фақат Аллоҳ учун холис қилишга ўрганасиз. Ваҳший хайвонни қўлга ўргатгандек нафсингизни ўзингизга тўлиқ бўйсиндирасиз. Солиҳ амалларни маҳфий қилишга одатланасиз. Бутун танангиз Ислом амалларини қилиб яйрайди ва ҳатто танангизга сиғмай кетиб Аллоҳ лафзи қалбингиздан чиққудек бўлиб зикр қила бошлайди. Бу зикр ҳаловати билан агар тошбағир бўлсангиз ҳам сизнинг кўзларингиз ва бутун танангиз йиғлайди. Ҳатто йиғлаб роҳатланасиз яна ҳам шу йиғлаш сизни ўзига чақиради ва ҳатто қалбингиз равшанлашиб Расулуллоҳни, саҳобаларни табаъ тобеъинларни ҳақиқий маънода ҳис қилиб улардек бўлишга ҳаракат қила бошлайсиз. Пайғамбар алайҳиссалом “Рамазоннинг охирги 10 кунида бутун осмондаги фаришталар рамазони шариф бутун уммати Муҳаммадиянинг устидан кетаётгани учун йиғлайди”, деб хабар берганлар. Нега биз бу ойда йиғламаслигимиз ва маҳзун бўлмаслигимиз керак. Бу шарофат ва баракотни тами ва лаззатини ҳис қилган кишилар сўз айтса жуда ҳам маъқул бўлади. Бу маълумотларни ҳадислардан хабар бериб ўтамиз. 

Эътикофга чақирувчи фазилатли ҳадислар:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирувчи ҳақида: «У гуноҳларни ушлайди ва эътикоф ўтирувчи учун яхшиликларни, барча яхшиликларни қилувчига ўхшатиб, жорий қиладир», дедилар». Ибн Можа ривоят қилган.

Яна Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким ўз биродари ҳожати учун юриб, уни чиқарса, унга ўн йил эътикоф ўтиргандан яхши бўлур. Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир кун эътикоф ўтирса, у билан дўзах орасида осмон гардишидан кенгроқ уч хандақ қилади», деганларини эшитдим». Табароний ва Байҳақий ривоят қилган, ал-Ҳоким саҳиҳ, деган.

Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳумдан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирса, худди икки ҳаждек ёки икки умрадек бўлади», дедилар». Байҳақий ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлингиз танада бир парча гўшт бор, агар у ислоҳ бўлса, тананинг барчаси ислоҳ бўлади, агар у фасод бўлса, тананинг барчаси фасод бўлади, у қалбдир”.

Қалбнинг фасод бўлишига кўпинча Аллоҳга юзланишдан чалғитадиган инсоннинг ҳаёт ташвишлари, муаммолари ва бошқа машғулотлари сабаб бўлади.

Бу машғулликлар сирасига инсоннинг нафсига ёқадиган турли таомларни кўп истеъмол қилиш, ўйин-кулги, ортиқча кераксиз гаплар билан узун-узун суҳбатлар, кўп ухлаш ва бошқаларлар киради. Аллоҳ таоло ўз шариатига шундай ибодатларни киритдики, уларда инсоннинг барча қалбий ва жисмий ҳасталикларига шифо топиш мумкин бўлади.

      Эътикофнинг гўзаллиги:

  • Эътикофдаги инсон даража ва мавқе талабида Аллоҳ таолонинг ибодатининг барчасида ўзини буткул топшириши;
  • Бандани Аллоҳга яқин бўлишини вожиб қиладиган амаллардан тўсадиган дунё машғулотларидан нафсини ўзоқ тутиш;
  • Эътикофдаги инсон намозга ўз вақтларини сарфлаши ва банд қилиши. Намозга ўз вақтини сарфлашлиги ҳақиқий ёки хукмий бўлади. Чунки эътикофдан кўзланган асл мақсад шариъатда жамоъат билан намозни кўтиш ҳисобланади. Эътикофдаги одам ўз нафсини “Таҳрим” сурасидаги олтинчи оятидаги фаришталарнинг сифатига ўхшатишдир. Аллоҳ таоло “Таҳрим” сураси 6 оятида “Улар (Фаришталар)Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар”. Ва яна Аллоҳ таоло “Фуссилат” сураси 38 оятида “Агар улар мутакаббирлик қилсалар. Роббингнинг ҳузуридагилар Унга кечаю кундузи тасбеҳ айтурлар. Улар малол олмаслар”. Шу оятлардан ҳам маълум бўладики эътикофда рўза шартдир. Рўзадор Аллоҳ таолонинг меҳмонидир. Худди шу масала “Ниҳояда ҳам келган”.

   Эътикофда тавсия қилинадиган нарсалар:

  • иложи борича ҳолига қараб даражама-даража амалларни кўпайтириб бориш керак;
  • эътикофда кам ва яхши сўзларни сўзлаш керак ва тилдан келадиган 20 та офатдан сақланиш керак;
  • таомни суннатга биноан тўймасдан тўхтатишга одатланиш;
  • зикр ва хушуъга берилиш;
  • тақвони кучайтириш, чунки рўзадан мақсад қилинган нарса ҳам шу ҳисобланади;
  • пастга қараб юриш, кўзни ҳар тарафга аланглатмаслик ва бировларнинг омонат нарсаларига кўз ташлашдан сақланиш;
  • дунё ишларидан вақтинчалик юз ўгириш;
  • вақтнинг қадрига бориш;
  • минг ойлик ибодат савобини фақат лайлатул қадр кечасида берилишини ҳис қилиб уни савоби кенг ва ажри зиёда амаллар билан бойитиш. “Фатавойи Ҳиндийа” ва “Фатҳул қодир” да Эътикоф одобларини санайди: Фақат яхши сўзларни сўзлайди, рамазондан 10 кунини эътикоф учун лозим тўтади, эътикоф учун масжидул харомдек ва жомеъ масжидлардек масжидларнинг афзалини иҳтийор қилади. Бу масала “Ас – сирожул ваҳҳаж”да ҳам зикри келган. Эътикоф кун ва кечаларида тиловатни, ҳадисни, илмни, дарс беришни, набий соллаллоҳу алайҳи васалламни сийрати ва набий алайҳимуссаломларнинг сийратлари, солиҳларнинг хабарлари ва дин ишларини баён қилувчи китобларни ўқишлари шарт. “Шарҳи Таҳовий” да эътикофда гуноҳ саналмаган сўзларни сўзласа бўлади деган.
  • Пайғамбар алайҳиссалом нима амал билан шуғулланган бўлса шу амаллар билан шуғулланиш тавсия этилади;
  • Эътикофда инсон рўзадор бўлади, Аллоҳ зикри билан банд бўлади ҳамда нафс талаб қилган нарсалардан узоқда бўлади;
  • Эътикофда ўтирган инсон рўзасини гўзал шаклда тутади;
  • Рўзанинг савобини кетказадиган беҳуда ва ножоиз сўзлар ва амаллардан тийилади;
  • Эътикофни кечалари бедор ҳолда ўтказгани учун иншааллоҳ охирги ўн кунликка яширинган қадр кечасини топиш имконига эга бўлади;
  • Эътикоф аслида савобли амал, унинг рамазон ойида бажарилиши эса шу савобларнинг янада кўп бўлишига сабаб бўлади. Рамазонгача ҳар бир яхшилик амалга 10 дан 700 гача савоб бўлади. Рамазоннинг ичидаги ҳар бир амал учун беҳисоб савоб ваъда қилинган шу савобларнинг энг каттаси эътикоф ичидаги амалларга жойлаштирилган. Чунки ҳар қандай инсонни мажбурласангиз ҳам ўтиришдан ўзини тортади. Лекин, Аллоҳнинг ҳос бандалари ҳеч бўлмаса “Фатавойи Ҳиндийа” да масжидга кириб то чиққунича вақт оралиғида ҳам шу эътикофнинг савобини умид қилиб эътикофда ўтирса эътикоф савобига эришади деганлар;
  • Ўзини ва нафсини яхши ишларга кўниктиради;
  • Аллоҳ учун ибодатга ажраб чиқиб, пайғамбарлар суннатини адо этган бўлади;
  • Ўзини ўзи сарҳисоб қилиб олади, агар ҳар ойда бир марта эътикоф ўтирса, бир ойлик ишларини, йилда бир марта ўтирса йиллик амалларини ҳисоб китоб қилиб олишга эришади;
  • Қуръон ва ҳадисларни тафаккур билан ўқиш имкониятини қўлга киритади;
  • Аллоҳ таоло билан ёлғиз қолиб, хотиржам охиратимиз хусусида тафаккур қилишга ҳам вақтимиз йўқлигини тушунасиз;
  • Таҳажжуд намози ўқишга одатланасиз;
  • Шайтонни бўйнини синдиришга одатланасиз;
  • Мен буларга 10 кун мобайнида амал қилдим. Бир йилгача бунинг фойдасини кўрдим.

  Эътикоф қуйидаги турларга бўлинади:

  1. Вожиб.

Бунга назр қилинган эътикоф киради.

  1. Суннати муаккада. Олимлардан бири айтишди ким суннатни тарк қилса у шак- шубҳасиз фарзни ҳам тарк қилади. Ким фарзни тарк қилса у динни бузувчи бидъатчилар қаторида бўлади, деганлар. Шу сабабдан бу оддий суннатмас балки савоби кўплиги учун такидланган суннатлар қаторига киради. “Ҳидоя”да “Ас- суннату акмалул фарз” суннат фарзни камилликка етказади, дейилган. Шуни учун ҳам мисол қилиб қўлни тирсакгача ювиш уч марта ювиш суннат дейилган. Бир мартада етмаган жойга сув иккинчи марта ювганда етади. Шунда ҳам етмаса учинчисида камолга тўлиқ етади. Суннат ва нафллар аслида фарзни камолга етказиш учун шариатга киритилган. Аллоҳ барчамизни суннатни тўлиқ беками кўст амалга оширишни насиб қилсин.

Бунга Рамазоннинг охирги ўн кунидаги эътикоф киради.

  1. Мустаҳаб.

Бунга юқорида зикр қилинганлардан бошқа эътикофлар киради.

Эътикоф ўзига хос алоҳида ибодат бўлиб у ила банда қалб мусаффолигига, дунёнинг ташвишларидан узилишга, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга ва шу каби кўпгина фазлларга эришади.

Унинг ози бир кундир. Аммо имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи: «Эътикофнинг ози бир оз муддат бўлса ҳам бўлади», деганлар ва шунга фатво берилган. Ким эътикофни бузса, қазосини бажаради. Худди нафл рўзани бузган одам қазосини тутиши вожиб бўлганга ўхшаб.

Эътикофнинг шартлари:

  1. Мусулмон, ақлли ва балоғатга етган бўлиши. Жанобат, ҳайз ва нифос қонларидан тоза бўлиш. Кофир одамни эътикофга киритилмагани сабаби у ибодат аҳлидан бўлмаганли учун. Мажнунни эътикофга киритилмагани сабаби ният аҳлидан бўлмагани учун. Жунуб, ҳайз ва нифосларнинг эътикофга киритилмагани сабаби масжидга кириши ман бўлгани учун. Эътикофнинг дуруст бўлиши учун балоғатга етиш шартмас балки ақлли гўдакларга ҳам эътикофнинг файзи ва баракасини олиш шариъатда дуруст ҳисобланади.
  2. 2. Ният. Ҳатто агар ниятсиз эътикофда ўтирса ижмога кўра эътикофи эътикоф ўрнига ўтмайди. Бу масала “Фатавойи Ҳиндийа” ва “Меърожуд - дироя”да ҳам келган.
  3. Масжидда бўлиши. Азон ва иқомат айтиладиган барча масжидларда эътикофда ўтириш дуруст ва у саҳиҳ қавлдир. Бу масала “Хулоса”да ҳам келган. Эътикоф ўтиришга афзал масжидлар: Масжидул – харом, Масжидун – набий, Байтул – мақдис, жамоъат масжиди, кўп ва тўла ўз аҳлини тўдирадиган масжидлар киради. Бу масала “Фатавойи Ҳиндийа” ва “Табйин”да ҳам келган. Аёл киши ўйидаги саждагоҳида эътикофда ўтиради. Агар аёл ўйидаги саждагоҳида эътикофда ўтирса кишининг ҳаққидаги жамоъат масжидида ўтиргандек бўлади. Масжиддан чиқмайди чиқса ҳам инсон хожати учун чиқади. Бу масала Имом Сараҳсийнинг “Шарҳул - мабсути”да ҳам келган. Агар аёл киши жамоъат масжидида эътикофда ўтириши жоиз лекин макруҳдир. Бу масала “Муҳийтус – сараҳсий”да ҳам ўз ифодасини топган. Яхшиси аёл учун уйидаги эътикоф афзалдир. Аёл учун катта масжиддан кўра маҳалла масжидида ўтириши афзалдир. Аёллар учун ўз уйларида саждагоҳ қилинган махсус ўринлари бўлмаса ҳам бошқа жойларда ўтириши мумкин. Бу масала“Табйин”да ҳам келган. Агар аёллар уйида махсус саждагоҳлари бўлмаса саждагоҳни қилиб кейин эътикофда ўтиради дейилган. Худди шу масала Бу масала “Фатавойи Ҳиндийа” ва “Зоҳидий”да ҳам келган.
  4. Рўза. Эътикофда рўза вожиб шарт битта ривоятга кўра. Бу ҳақда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоятнинг зоҳири бор. Икки шогирдлари нафл эътикофларда рўза шартмас дейдилар. Ҳатто агар мен масжидга кириб чиққунимча эътикофда бўламан деб ният қилса шу нияти эътикофи учун дуруст бўлади. Бу масала“Табйин”да ҳам келган. Агар кеча ёки кундуз эътикофда ўтираман деб назр қилсаю кейин таом еб қўйса унинг бу эътикофи дуруст бўлмайди. Агар айтсаки аллоҳ учун менинг зиммамда бир ой рўзасиз эътикофда ўтириш лозим деса. Бас унга бир ой эътикоф ва рўза тўтиш лозим бўлиб қолади. Бу масала “Зоҳириййа” ва “Фатавойи Ҳиндийа”да ҳам чиройли баён қилинган.

Эътикоф килган одамга мустахаб бўлган нарсалар:

  1. Намоз ва Куръон тиловати каби тоат-ибодатларни мўл қилиш.
  2. Фойдасиз бўлган сўзлардан, жанжал, тортишув ва сўкинишдан сақланиш.
  3. Масжид ичидаги бир ердан ажралмаслиги. Имом Муслим р.а Нофеъ разияллоҳу анҳудан қуйидаги сўзларни нақл қилди. Нофеъ деди: «Ибн Умар менга масжиддаги расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф килган ерни кўрсатди».

Эътикофдаги одамга мубоҳ бўлган нарсалар:

  1. Зарурий эхтиёж учунгина ташқарига чиқиш.

Оиша разияллоҳу анҳо дедилар: «Касални зиёрат қилмаслик, жанозада иштирок этмаслик, хотинларга қўл теккизмаслик ва улар билан ковушмаслик, зарурий эҳтиёжи учунгина ташқарига чиқиш, эътикофдаги одам учун суннатдир» (Имом Абу Довуд ривояти.

  1. Масжидда унинг тозалигига риоя қилиш билан бирга  ейиш, ичиш ва ухлаш.
  2. Эхтиёжсис сўзлаш ва бошқалар билан гаплашиш.
  3. Сочни тараш, тирноқларни олиш, баданини тозалаш, чиройли кийимларни кийиш ва хушбўйланиш.

Оиша разияллоху анхо дедилар: «Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам эътикоф қилган пайтларида, хужрага бошларини киритар ва мен бошларини ювар эдим (бошка бир ривоятда: бошларини тарар эдим)» (Муттафақун алайҳ).

  1. Эътикоф қилган еридан оиласини кузатиш учун чиқиш.

Софийя разияллоху анҳо расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай қилганларини ривоят килганлар.

Эътикофдаги одамга макруҳ бўлган нарсалар

  1. Олди-сотти қилиш.
  2. Ичида ва ташида гуноҳ бўлган сўзларни сўзлаш.
  3. Ибодат деб эътиқод қилган ҳолда мутлақо сўзлашдан тийилиш. 

Эътикофни бузадиган нарсалар:

  1. Масжиддан оз бўлса-да, ташқарига заруратсиз чиқиш. Эътикофдаги киши эътикоф жойидан кеча ва кундуз узрсиз чиқиши мумкин эмас. Агар узрсиз бир соат чиқиб кетса Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг қавллларига кўра эътикофи бўзилади. Худди шу масала “Муҳит” да ҳам келган. У чиқишлиги қастдан ёки ўнитиш орқали бўлсин фарқи йўқ эътикофи бўзилади. Худди шу масала “Фатавойи Қозиҳон”да ҳам зикри келган.

Аёл киши ҳам уйидаги саждагоҳидан бошқа жойга чиқмайди. Бу масала “Муҳийтус - Сараҳсий”да ҳам келган. Агар аёл киши масжиддаги эътикофида талоқ қилинса у уйига қайтиб эътикофини келган жойидан давом эттиради. Бу масала “Табйин”да ҳам келган.

  1. Жинсий алоқа қилиш.
  2. Телбалик ёки мастлик сабабли ақлсиз холатга келиш.
  3. Муртадлик (Аллох бундан ўзи сакласин!).
  4. Покликни кетказгани учун ҳайз ва нифос қонларининг келиш.

Аллоҳим барчамизга бу охирги “Жаҳаннамдан озод бўлиш” кунлари муборак бўлсин. Бу келтирилган масалаларни жуда ҳам эҳтиёткорлик ила амал қилишимизни насиб айлагин.

Аллоҳумма солли ва барик ала набиййина Муҳаммад ва ала олиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн ва тоййибийнат тоҳирийн.

Тошкент ислом институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси кабинет мудири

Урол Назар Абдусалом Термизий “Фатавойи Ҳиндийа” асосида тайёрлади.

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

18.08.2026   32736   8 min.
Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.

Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.

Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий  математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.

Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.

Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.

Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.

Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.

Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.

Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.

Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.

Нафақат музей, балки интеллектуал платформа

Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.

Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.

Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш

Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.

Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.

Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.

«Маърифат билан жаҳолатга қарши»

Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.

Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.

Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.

Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.

Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси

Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.

Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.

Учинчи Ренессанснинг асосий кучи

Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.

Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.

Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.

Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.

Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.

Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари