Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Апрел, 2025   |   24 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:07
Қуёш
05:33
Пешин
12:27
Аср
17:11
Шом
19:14
Хуфтон
20:34
Bismillah
22 Апрел, 2025, 24 Шаввол, 1446

Лайлатул қадр қайси кечада эканини биласизми?

04.06.2018   62049   9 min.
Лайлатул қадр қайси кечада эканини биласизми?

Лайлатул қадрга етишиш ва унда берилажак ажр-мукофотлардан баҳраманд бўлиш ҳар бир мусулмон орзуси. Шундай экан, бу муборак тунни қайси кечадан изламоқ керак?

Дастлаб, Қадр Рамазон ойининг нечанчи кечаси экани Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Қадр кечасини аниқлаб айтиб беришларини қайта-қайта сўрашгач, у зот аввал ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ ойнинг охирги етти кечасидан, сўнгра ойнинг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтганлар ва ҳоказо. Шунга кўра, манбаларда бу борада келган маълумотлар турличадир. Демак, Қадр кечасини қуйидаги вақтлардан топиш мумкин экан:

Йил давомида. Баъзи улуғ зотлар одамлар йилнинг маълум бир кечасига суяниб, фақатгина ўша тунни ғанимат билиб, уни ибодат билан бедор ўтказиб, қолган кечаларга бепарво бўлиб юрмасинлар деган мақсадда, бу муборак кечани топмоқчи бўлган киши йил давомида излаши керак, дейишган.

Табиийки, бу жуда машаққатли бўлиб, унга ҳамма ҳам қодир бўлолмайди. Зеро, Ислом енгиллик динидир. Аллоҳ таоло бандаларига тоқатидан ташқари нарсани юкламайди. Динимизда ҳар бир масалада кишининг ҳолати инобатга олинади, ҳатто ибодатда ҳам. Масалан, соғлом киши намозни тик туриб ўқиса, унга тоқати етмаганлар ўтириб имо-ишора билан адо этади ва ҳоказо. Аллоҳ таолонинг меҳрибонлигини қарангки, соғлом одам намоз ўқиганида, унга қанча савоб берилса, ихлос билан ўтириб, имо-ишора билан ўқилган ибодатга ҳам ўшанча ажр ёзилади. Агар буларга ато этиладиган савоблар айрича бўлганида эди, беморлар, қарилар ва заифлар сингари одамлар куч-қуввати бор соғлом кишидек савоб қозонишлари мумкин бўлмай қоларди. Бу эса, зулмдир. Ҳолбуки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳеч кимга зулмни раво кўрмас. Демак, Қадр кечаси ҳақида келтирилган маълумотлар ҳам шунга қиёсланади. Зеро, Қадр кечасини топиш ҳам улуғ ибодатдир.

Рамазон ойидан. Шундай қилиб, йил давомида Қадр кечасини излаш имконияти йўқ кишилар қандай йўл тутишлари керак? Улар мазкур кечани Рамазон ойидан қидирадилар. Демак, мазкур кечани топиш янада қулайлашди, йилдан ойга қисқарди.

Рамазон ойининг охирги даҳасидан. Бу муборак кечани Рамазон ойи давомида топиш кўпчиликка оғирлик қилди, дейлик. Энди, улар Рамазоннинг охирги ўнлигидан қидиришлари керак. Зеро, Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар ва:

تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ

«Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар» дер эдилар» (Муттафақун алайҳ). Демак, шарт-шароити кўтарган кишилар шу кечалар ичидан топишга ҳаракат қиладилар. Бу, Лайлатул қадрни топиш ойдан ўн кечага қисқарди, деганидир.

Рамазон ойининг охирги етти кечасидан. Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги даҳасидан топишга ҳам тоқати етмаганлар уни охирги етти кечадан қидиришлари мумкин. Зеро, Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинишича, саҳобалардан баъзилари тушларида Лайлатул қадрни охирги етти (кеча)да эканини кўришди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар:

أَرَى رُؤْيَاكُمْ قَدْ تَوَاطَأَتْ فِي السَّبْعِ الأَوَاخِرِ فَمَنْ كَانَ مُتَحَرِّيهَا فَلْيَتَحَرَّهَا فِي السَّبْعِ الأَوَاخِرِ.

«Сизларнинг тушингиз охирги етти кечага мувофиқ келаётганини кўряпман. Ким у (кеча)ни изламоқчи бўлса, охирги етти (кеча)да қидирсин» (Муттафақун алайҳ). Зотан, ҳақиқий мўминнинг кўрган туши ваҳий кабидир. Зеро, азон саҳобалар (розияллоҳу анҳум)нинг тушлари туфайли жорий бўлгани тарихдан маълум. Энди у зотларнинг тушлари шарофатидан Лайлатул қадрни излаш ўн кечадан етти кечага қисқарди. Бу ҳам қулай имконият.

Рамазон ойининг охирги ўн кечасининг тоқларидан. Бу Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги етти кечасидан излашга ожиз кишилар учун йўлдир:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِي الله عَنْهَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْوِتْرِ مِنَ الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِي.

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ (кеча)ларидан изланглар» (Икки Шайх ва Термизий ривояти). Демак, Қадр кечасини топиш еттидан беш кечага қисқарди. Улар Рамазоннинг йигирма биринчи, йигирма учинчи, йигирма бешинчи, йигирма еттинчи ва йигирма тўққизинчи кечаларидир. Ҳа, бу муборак кечалар ҳам Лайлатул қадрни топиш учун қулай фурсатдир.

Рамазон ойининг йигирма биринчи, йигирма учинчи ва йигирма бешинчи кечаларидан. Бу юқоридаги беш кечага тоқати етмаганлар учун қулай фурсатдир:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي الله عَنْهما أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: الْتَمِسُوهَا فِي الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي تَاسِعَةٍ تَبْقَى فِي سَابِعَةٍ تَبْقَى فِي خَامِسَةٍ تَبْقَى. رواه البخاري.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: «Лайлатул қадрни Рамазондан охирги ўн (кечаси)да изланглар: тўққиз кеча қолганда, етти кеча қолганда, беш кеча қолганда» (Имом Бухорий ривояти). Демак, Лайлатул қадрни топиш беш кечадан учга қисқарди. Шунга кўра, бу Рамазоннинг йигирма биринчи, йигирма учинчи ва йигирма бешинчи кечаларидан топиш керак бўлади.

Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидан. Мазкур уч кечага ҳам мажоли етмаганлар Қадр кечасини Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидан излашга имконлари бор. Зеро, бу улуғ тун Рамазоннинг айнан шу кечасида эканига далолат қиладиган ҳадислар кўпдир. Жумладан, Муовия ибн Абу Суфён (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:

لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ سَبْعٍ وَعِشْرِينَ

«Лайлатул қадр йигирма еттинчи кечададир» (Имом Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).

Машҳур саҳобий Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу) Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Қадр кечаси ҳақидаги айтган аломатларидан аниқлаб, жазм билан уни йигирма еттинчи кечада эканини таъкидлаганлар. Унинг аломати ўлароқ, ўша кечанинг баракотларига гувоҳ бўлиш учун жуда кўп фаришта осмондан ерга тушиб-чиқар экан. Уларнинг кўплигидан қуёш ёғдуси тўсилади. Шу боис, ўша кечанинг тонгида қуёш тоғарага ўхшаб, атрофга зиё сочмай кўтариларкан.

Қадр кечаси Рамазон ойининг йигирма еттинчисида экани Ислом оламида машҳурдир. Демак, бу муборак ойни ғанимат билиб, имкони бўлса, барча кечаларида ибодатга бел боғлаб, бедор ўтказишга, айниқса, йигирма еттинчи кечага алоҳида эътибор қаратиш керак. Шу билан бирга, бу муборак кечада, аҳли оила, ёру дўстларни ҳам ибодатга чорлаш мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг савобидан кўра кўпроқ ажр беришидан умидвор бўлиш лозим. Ўша кечада қилинган ибодат ва дуолар фазлидан ўтган гуноҳларнинг кечирилишини умид қилиш даркор.

Рамазоннинг охирги ўн кечанинг биридан. Ривоятларда келишича, Пайғамбари­миз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қадр кечасини изламоқчи бўлиб, Рамазоннинг аввалги ва ўрта ўн кунликларида эътикоф ўтирдилар. Шунда тушларида у тун Рамазоннинг охирги ўн кунлигида экани, ўша кечанинг аломати ўлароқ у зот тонгда лой ҳамда сувга сажда қилишларини кўрдилар. Буни кишиларга айтиб, уларни ҳам эътикоф ўтиришга чорладилар. Бир куни тонгда ёмғир ёғди. Масжиди Набавиянинг томи хурмо шохлари билан ёпилганидан, диярли ёмғирнинг кўп қисми масжид ерига тушар эди. Бомдод намози ўқилганида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак пешона ва бурунлари учига лой ҳамда сув тегди. Шунда саҳобалар дарҳол Лайлатул қадр аломатини эсладилар. Ўшанда Рамазоннинг йигирма биринчи кечаси эди. Бошқа ривоятда эса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Менга Лайлатул қадр кўрсатилди. Сўнгра хотирамдан кўтарилди. Менимча, ўша кечанинг тонгида лой ва сувга сажда қилсам керак», дедилар. Шунда Рамазоннинг йигирма учинчи кечасида ёмғир қўйди».

Уламолар Лайлатул қадр ҳар йили кўчиб юради, бир йил у кечада, кейинги йил бу кечада, деганлар. Шу эътибордан, у кечани топмоқчи бўлган киши Рамазон ойининг ҳамма кечаларини ибодат билан ўтказса, албатта, уни топади. Аллоҳ таоло ҳаммамизни бу улуғ онларнинг файзу баракотидан насибадор қилсин, дуоларимизни ижобат айласин, гуноҳларимизни афв этсин, тавбаларимизни қабул қилсин. Бу муборак ойнинг шарофатидан бутун дунёга, айниқса, юртимизга тинчлик-хотиржамликни бардавом айласин. Омин!

 

Толибжон ҚОДИРОВ 
тайёрлади.

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Бобур ўн икки минг аскар билан Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшинини мағлуб этган

21.04.2025   1425   6 min.
Бобур ўн икки минг аскар билан Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшинини мағлуб этган

Ватанимиз тарихидаги 21 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
 

1408 йил (бундан 617 йил олдин) – Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳ Озарбайжон ҳукмдори Қора Юсуф билан Табриз ёнида бўлган жангда 42 ёшида ҳалок бўлди. Тарихчи олим Фасиҳ Аҳмад Хавофийнинг “Мужмали Фасиҳий” асарида қайд этилишича, Мироншоҳнинг қотили унинг бошини Қора Юсуфга олиб келади. У амирзода Мироншоҳ қотилининг бошини кесишни буюради. Мироншоҳни барча эҳтиромлар билан Табризнинг Сурхоб туманида дафн қиладилар. Шамс Ғурий исмли киши бир неча вақтдан сўнг дарвеш кийимида Мироншоҳ жасадини Самарқандга олиб бориб қўяди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Амир Темур Мироншоҳни ўн тўрт ёшида Хуросонга ҳоким, йигирма етти ёшида Эрон ва Ироқ ҳукмдори қилиб тайинлайди. Бироқ кейинги пайтларда Мироншоҳ маишатга берилиб, давлат ишларига қарамай кўяди. Узлуксиз базм ва кўнгилочар ўйинлар хазинага сезиларли даражада зарба беради. Мамлакатда тартиб бузилади. Бундан хабар топган Амир Темур 1399 йил Султонияга келиб ўттиз уч ёшли Мироншоҳни ҳокимиятдан четлатади.


1526 йил (бундан 499 йил олдин) – Деҳлидан тахминан 100 км шимолда жойлашган Панипат яланглигида 12 минг аскардан иборат Бобур қўшини ва Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг 100 минг пиёда ҳамда бир минг жанговар филдан иборат армияси ўртасида жанг бўлиб ўтди. Ҳинд қўшини тартибсиз тарзда жангни бошлаган. Бобурнинг баранғор ва жувонғори тўлғама усули билан ғанимнинг орт томонига ўтиб унга кучли зарбалар берган. Иброҳим Лўдий асосий кучлари ва жанговар филлар билан марказга ҳамла қилган. Шунда Бобур ҳўкизларнинг хом терисидан эшилган арқонлар билан бир-бирига маҳкам боғланган 700 та арава ва улар орасига ўрнатилган туроқалқонлар паноҳида турган тўфакандозларни жангга ташлайди. Тўфак ва замбарак ўқларидан ярадор бўлган филлар чекиниб устларидан филбонларни йиқитиб, пиёдаларни янчиб ўтади, ҳиндлар саросимага тушиб қочишга тушганлар. Султон Иброҳим Лўдий ва тахминан 50 минг ҳинд жангчиси ҳалок бўлган. Бобур Деҳли ва Аграни забт этиб, Шимолий Ҳиндистонда Бобурийлар давлатига асос солади.


1901 йил (бундан 124 йил олдин) – тарихчи Анорой Тоғаеванинг қайд этишича, Тошкент–Оренбург темирйўли қурилиш лойиҳаси узил-кесил маъқулланди. Тошкент–Оренбург темирйўли қурилишини бошқариш учун тузилган махсус қўмита темирйўлни бир вақтнинг ўзида икки томондан – Оренбург ва Тошкент шаҳридан бошлаб қуришга қарор қилди. Оренбург томондан бошланган қисм шартли равишда шимолий, Тошкентдан бошланган қисм жанубий деб номланди. 1901 йилнинг баҳорида шимолий қисмда, олти ойдан сўнг жанубий қисмда қурилиш ишлари бошланди.


1918 йил (бундан 107 йил олдин) – Туркистонда совет тузуми ўрнатилгач, Тошкентнинг янги шаҳар қисмида А.В.Попов раҳбарлигида Туркистон давлат университети очилди. Тарихчи Баҳром Ирзаевнинг ёзишича, бу олий таълим даргоҳининг педагогик жамоаси ҳам, талабалари ҳам асосан европалик миллатлар вакилларидан иборат эди. 


Маҳаллий миллатлар фарзандлари учун 1918 йил 12 майда Тошкентнинг эски шаҳар қисмида Мунавварқори Абдурашидхонов раҳбарлигида Туркистон Мусулмон халқ дорулфунуни очилди. Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам мазкур дорулфунун шўъбасини очишга киришди. Бироқ большевик ҳукумати томонидан бунга рухсат берилмади. 


1924 йил (бундан 101 йил олдин) – Ўрта Осиёда биринчи кино ташкилоти – “Бухкино” вужудга келди. Бу ташкилот бадиий-ташвиқот, ижтимоий-хроникал фильмлар ишлаб чиқариш, фильмларни ижарага олиш, сотиб олиш, кинотеатрлар қуриш каби масалалар билан шуғулланди. Бадиий фильмлари анча бўш бўлсада, тушунарли ва соддалиги билан ажралиб туради. Ролларни асосан четдан таклиф этилган актёрлар ижро этди. “Бухкино” фаолияти узоқ давом этмади. У 1925 йилда Туркистон давлат кино ташкилоти билан бирлаштирилиб, Ўзбек давлат кино ташкилоти ташкил этилди.


1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон тарихи музейини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга биноан В.И.Ленин марказий музейининг Тошкент филиали ва Ойбек номидаги Ўзбекистон халқлар тарихи музейи тугатилиб, уларнинг негизида 1992 йилдан бошлаб Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистон тарихи музейи ташкил этилди.


2008 йил (бундан 17 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.


2009 йил (бундан 16 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталига ахборотларни тақдим этиш ва жойлаштириш тартиби тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 


2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. 


2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 


2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 


2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Касаначиликни ривожлантириш асосида аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 


Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари