Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, муборак Рамазон ойини барчамиз тинчлик-хотиржамликда ўтказиб келаётирмиз.
“Рамазон” сўзи беш ҳарфдан иборат. Унинг ҳар бир ҳарфига уламолар шундай маъно берганлар: “ро” – “раҳмат”, “мим” – “мағфират”, “зод” – “зимонун лилжаннат” (жаннатга кириш учун кафолат), “алиф” – “аманун минаннар” (дўзахдан омонлик), “нун” – “нурун миналлоҳ” (Аллоҳдан нур) маъноларини англатади. Ушбу фикрни Имом Термизий ривоят қилинган: “Рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озодлик кунларидир”, ҳадиси шарифи ҳам қувватлайди. Яъни: “ро” ҳарфи рамазоннинг аввали бўлган раҳмат кунларига, “мим” ўртадаги мағфират кунларига, “зод” ва “алиф” ҳарфлари охиридаги “дўзахдан озод бўлиш” кунларига, “нун” ҳарфи эса бутун рамазоннинг натижасида ҳосил бўладиган нурга далолат қилади.
Бу ойнинг дастлабки ўн куни – “раҳмат” даҳасида рўйи заминга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Яратганнинг ўзи қодир қилганича рўза тутиб, таровеҳ намозларини адо этамиз.
Иккинчи ўн кунлиги – “мағфират” даҳасида холис ният билан рўза тутган бандаларнинг олдинги қилган гуноҳлари кечирилади, дейилган.
Охирги ўн кунлиги эса “Итқун минан-нийрон”, яна “Қадр даҳаси” ҳам дейилади. Ким Рамазон ойининг рўзасини пок ният билан тутган бўлса, у бандага Аллоҳ ваъда қилган ажрларини ато этгай. Рамазон ҳайити куни эса Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини тутган, таровеҳ намозларини ўқиган, Қадр кечасини бедор ўтказган бандаларига Ўзи тайёрлаб қўйган мукофотларни кўпайтириб берадиган кундир.
Бу ойда имон-эътиқод билан қилинадиган дуолар мустажоб бўлади. Чунки муборак ойда Аллоҳ таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилгувчининг дуосини қабул қилади.
Нафс тарбиясида рўза асосий ўрин тутадиган ибодатдир. Рўза нафсни ўз ҳолига қўймай, уни маҳкам жиловлаш деганидир. Унда имон ва эътиқод бир тараф, хоҳиш-истак ва шайтон иккинчи бир тараф бўлиб кураш олиб боради. Жаннатдан қувилганидан бери шайтон инсон зотига қарши аёвсиз курашиши ҳақида Аллоҳ таоло айтади: “У (аламидан) деди: “Қасамёд этаманки, мени янглиштирганинг туфайли Сенинг Тўғри йўлинг (Ислом дини) узра улар (одамларни чалғитиш) учун ўтираман. Сўнгра уларга олдиларидан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг аксариятини шукр қилувчи ҳолда топмайсан” (Аъроф, 16-17).
Аллоҳ таоло шайтон иғвосини рад этади: “Менинг бандаларим устидан сен учун ҳеч қандай салтанат (ҳукмронлик) йўқдир, илло сенга эргашган гумроҳларнигина (йўлдан оздира олурсан)” (Ҳижр, 42).
Шайтон билан инсон ўртасидаги бу курашда рўза муҳим аҳамият касб этади. Зеро, инсон ҳаёти учун зарур бўлган таом ва сув ҳамда шаҳват – кураш майдонларидир. Буларнинг ҳар бирида ўзига яраша куч-қувват бор. Агар инсон у майл қаршисида собит тура олса ва нафсининг иғволарига учмаса, албатта, имтиҳондан ўтади ва Парвардигори ҳузурида улуғ даражага эришади.
Манбалар асосида Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Авваллари бу савол ўртага ташланмаган, чунки никоҳ тўйи кимнинг зиммасида эканини ҳамма яхши билган ва унга амал қилган. Ҳозир ҳам кўпчилик жамиятларда, ҳатто мусулмон бўлмаган халқларда ҳам тўйни эр тараф қилади. Агар «Никоҳ тўйини келин тараф қилиши керак» деган гап айтилса, уларнинг ҳуши бошидан учиб кетиши турган гап. Айниқса, «Ош қиз тарафда бўлади. Куёв тараф, ҳолига қараб, келин тараф қилган тўй ошига икки юз элликтагача, баъзида ундан ҳам кўпроқ одам олиб келади. Агар келин тараф уларни яхшироқ кутиб олмаса, балога қолади», дейилса, мутлақо ишонишмайди. Ҳа, шариат кўрсатмасига амал қилмаслик оқибатда инсон табиатига тўғри келмайдиган ана шундай нарсаларни қилишгача олиб боради.
Аслида, никоҳ тўйини қилиш эр тарафнинг вазифаси. Бунга ҳужжат ҳам бор, далил ҳам бор:
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизга уйланганларида барча ҳолатларда, ўша вақтнинг имкониятидан келиб чиқиб, ўзлари никоҳ тўйи қилганлар. Бирорта онамизга: «Отангга айт, тўй қилиб берсин», демаганлар. Зотан, ўзини эр билган одамга бу гапни айтиш ордир.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланган эркак саҳобаларга никоҳ тўйи қилишни буюрганлар. Бунга юқорида ўтган Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу хусусидаги ҳадис мисол бўлади.
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳ тўйи қилишни, камбағал бўлса ҳам, ўз куёвлари Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга топширганлар.
«Эртасига Али ибн Абу Толиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинроқ жойга турди ва у зот эшитадиган қилиб:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларига совчилик қилмоқчи бўлган эдим. Ўзимнинг бирор нарсам ҳам йўқ эди. Аммо яқинлик ва меҳрларидан умидвор бўлиб сўраган эдим», – деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол буни мулоҳаза қилдилар ва у кишига оғир ботмайдиган қилиб:
«(Маҳрга) бирор нарсанг борми?» – дедилар.
«Йўқ, ё Расулаллоҳ», – деб жавоб берди Али.
«Ҳутамийя совутинг қани?» – дедилар.
«Ўзимда, ё Расулаллоҳ», – деди.
«Бўлмаса ўшани бер», – дедилар.
Али ибн Абу Толиб совутни олиб келди.
Тўй кечаси бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куёв бўлмиш Али ибн Абу Толибга:
«Эй Али, келинга бир тўй ҳам қилмоқ керак», – дедилар.
Шунда Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу:
«Менда бир қўчқор бор!» – деди.
Ансорийлардан бир гуруҳи бир неча соъ жўхори жамлаб келишди. Ана ўша нарсалардан тўй зиёфати уюштирилди...»
4. Ислом уммати ва уламолар жумҳурининг ижмоъи.
Нима учун никоҳ тўйи қилиш эркакка юклатилган?
Аввало, эркакка эркак бўлганлиги учун никоҳ тўйи қилиш юклатилган. Зотан, янги қурилган оила унинг номидаги оила бўлади. Мазкур оиланинг бошлиғи айнан эркак бўлади. Хотини қилиб берган тўй эркакка шараф эмас, ор-номус бўлади.
Иккинчидан, бир қиз ота-онадан туғилиб, уларнинг тарбиясини кўриб, энди вояга етганда уларни ва бошқа оила аъзоларини ташлаб, бошқа тарафга ёлғиз ўзи бориб, янги оилага аъзо бўлишга рози бўлишининг ўзи куёв ва унинг оиласи учун шарафдир. Бу билан, куёв ва унинг оиласининг жамиятдаги обрўси ошади. Бунга эса, айнан келин сабабчи бўлади. Шунинг учун ҳам куёв тараф келиннинг шарафига тўй беради.
"Бахтиёр оила" китобидан