Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2026   |   1 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:31
Пешин
12:28
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:54
Bismillah
14 Август, 2026, 1 Рабиъул аввал, 1448

Саҳарликда барака бор!

01.06.2018   58134   10 min.
Саҳарликда барака бор!

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Саҳарлик қилинглар, саҳарликда барака бор.[1]- деган сўзларига кўра рўза тутгувчи нимадир танаввул қилиб саҳарлик қилиши мустаҳабдир. Саҳарлик вақтида таомланиш рўза ибодатини адо этиш учун рўзадорга ёрдам беради. Чунки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саҳарликдаги таомдан кундузги рўзаларингга ёрдам олинглар.[2] - деганлар.

Саҳарлик қилиш рўза тутишни ҳоҳловчи учун ўзига муяссар бўлган таом ва ичимликдан бирон нарсани саҳарлик вақтида танаввул қилиш билан бўлади. Саҳарлик вақти кечанинг олтидан бирининг охирги қисмидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саҳарликнинг ҳамма вақти баракадир. Сизлар унда бир қултум сув бўлса ҳам ичишни тарк қилманг. Чунки, Аллоҳ таоло ва фаришталар саҳарлик қилувчига саловот айтади.”- дедилар.[3] Яна бошқа бир ҳадисларида: “Хурмо мўминнинг қандай ҳам яхши саҳарлигидир.”-деганлар.[4]

Агар кеча ҳали чиқиб кетмаганига шубҳа қилмаса, саҳарликни субҳдан сал олдинроқ қилиш мустаҳабдир. Агар кеча чиқиб кетди, деб гумон қилинганда, овқатланиш макруҳ бўлади. Имом Муслим ўз саҳиҳларида Абу Атийядан келтирган ҳадисда саҳарликни субҳга яқин қилиш мустаҳаб эканлигига далил. Абу Атийя разияллоҳу анҳу айтдилар: “Мен ва Масруқ Оиша разияллоҳу анҳо онамиз олдиларига кириб, Ё, Уммул мўминийн, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан икки киши, бири ифторни ва намозни шошилтиради, бошқаси эса ифторни ва намозни кечиктиради.”- деб сўрадик. Оиша разияллоҳу анҳо: “ Улардан қайси бири ифторни ва намозни шошилтиради?”-деб сўрадилар. Биз: “Абдуллоҳ ибн Масъуд”- дедик. Оиша разияллоҳу анҳу: “ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай қилар эдилар.”- деди[5].

Саҳарликдан кейин ухлаш яхши эмас. Чунки бу ҳолатда ошқозондаги таом хазм бўлиши қийин бўлади. Бу муборак вақтда ибодат ва истиғфор билан машғул бўлиб, субҳ намозини жамоат билан ўқиш учун масжидга бориш лозим. Бу вақт Аллоҳга тоат ибодат қилишнинг энг афзал вақтларидандир. 

Ифторликни тезда қилиш.

Рўзадор қуёш ботиши билан ифторликни қилиши мустаҳабдир. Уни қуёш ботгандан кейин ҳам тахир қилиш макруҳдир. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсонлар (кун ботиши билан) тезда ифторлик қилишса доим яхшиликда бўлади.”[6] - деганлар.

Лекин рўзадор ифторликда узоқ ўтириб, шом намозини мустаҳаб вақтидан кечиктирмасин. Шомнинг мустаҳаб вақти кун ботгандан кейин қоронғулик тушиб, юлдузлар кўрингунгачадир. Энг афзали, таҳорати йўқ киши ёки таҳорат олмоқчи бўлган киши ифторликдан аввал таҳорат олиб, кун ботиши билан ифторликни тезлатиб, овқат емоғидир. Ундан сўнг шом намозини жамоат билан адо этаверади. Бу ҳолат таом тайёр бўлганда, аммо таом ҳозирланмаган бўлса ёки масжид рўзадорнинг уйидан узоқроқ бўлса, афзали рўзадор кун ботиши билан ўзининг олдидаги егуликдан нимадир еб ва ичимликдан бир қултум бўлса ҳам ичиб сўнг шом намозини вақтида жамоат билан ўқиб, ундан сўнг яна таомланаверишидир.

Шу ҳолатларда ифторни шошилтириш ва шом намозини мустаҳаб вақтида ўқиш каби суннатлар ҳосил бўлади. Таом тайёр бўлганда намоз ўқиш каби кароҳият содир бўлмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таом ҳозирланганда ва икки хабис[7] нарса чақириб турганда намоз ўқиш йўқ.”[8]-дедилар. Яна бир бошқа ҳадисларида: “Кечки таом тайёрланганда намозга такбир айтилса, кечки таомдан бошланглар.”[9] -деганлар.

 Ифтор вақтидаги дуо

Рўзадор ифторлик пайтида дуо қилиши мустаҳабдир. Чунки унинг дуоси ижобат бўлади, хоссатан мана шу пайтда. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди. Ифторлик қилаётган рўзадорнинг, одил имомнинг, мазлумнинг дуоси. Булутлар устидан кўтарилиб, унга осмон эшиклари очилади. Аллоҳ таоло: “Иззатим ва жалолимга қасамки, агар озгина замондан кейин бўлса ҳам сенга ёрдам бераман.”-дейди.”-дедилар.[10]

Ҳадисларда келгани каби дуо қилиш афзалдир. (Аллоҳумма лака сумту ва бика а’манту ва аълайка таваккалту ва аъла ризқийка афтарту. Заҳабаз зомау ва ибталатил уъруқу ва сабатал ажру инша Аллоҳу) Маъноси: “Аллоҳим сен учун рўза тутдим, сенга иймон келтирдим, сенга таваккал қилдим ва сен берган ризқинг билан ифторлик қилдим. Чанқоқ кетди, томирлар намланди ва Аллоҳ хоҳласа ажрлар собит бўлди”.

Суннани Абу Довудда Абдуллоҳ ибн Умарнинг: “ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон ифторлик қилсалар: “Заҳабаз зомау ва ибталатил уъруқу ва сабатал ажру инша Аллоҳу” -дер эдилар.”-деган ҳадисларида келади. Яна Муоз ибн Заҳранинг: “Менга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ифторлик қилаётганида:“Аллоҳумма лака сумту ва аъла ризқика афтарту.”-дейишлари хабари етди.”- деган ҳадислари ҳам келади.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, рўзадор учун қайтарилмайдиган дуоси бор.”-дедилар. Абдуллоҳ ифторлик қилаётганида: “Аллоҳумма инний ас’алука бироҳматикаллатий васиаът кулла шай’ин ан тағфиро лий. (Аллоҳим, мен сенинг ҳамма нарсани ўраб олгувчи раҳматинг билан гуноҳларимни кечиришингни сўрайман.)” – деганини эшитдим.”

Дуонинг аввалида, ўртасида ва охирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиш дуонинг одобларидандир. 

Хурмо билан оғиз очиш мустаҳабдир

Рўзадор оғзини хурмо билан очиши мустаҳабдир. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ Ким бир дона хурмо топса, у билан оғзини очсин. Агар топа олмаса сув билан очсин. Чунки сув поклагувчидир.[11]-деганлар. Ёки рўзадор олов ўзгартирмаган бирор бир мева билан оғзини очсин. Абу Яъло разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учта хурмо билан ёки бирорта олов тегмаган нарса билан ифторлик қилишни яхши кўрардилар.”-дейилган.

Рўзадорга ифторлик қилиб бериш фазилати

Рўзадорни икром қилиб, рўза ибодатини тақдирлаб, ифторлик қилиб бериш мустаҳабдир. Чунки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир рўзадорни таомлантирса, унга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ажр ёзилади.[12]- деганлар.

Ҳадисда рўзадор умумий келгани учун фақир ёки бой рўзадорга ҳам ифторлик қилса бўлаверади. Лекин фақир рўзадорга ифторлик қилиб бериш садақа маъноси борлиги учун бой рўзадорга ифторлик қилиб беришдан афзал.

Ифторлик қилиб берувчи қилаётган зиёфатида ҳаддан ошиб кетмасин. Бундай ишларда ҳаддан ошиш динимизда қайтарилгандир. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу: “Биз такаллуф (амалда ҳаддан ошиш)дан қайтарилганмиз.”[13]-деган. Ифторликда турли овқатларни кўп қўйишда риё ва сумъа[14]га ўхшаш амаллар билан бу ибодатга путур етиб қолиши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазонда бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, гуноҳлари кечирилиб, бўйни дўзахдан озод бўлади. Рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмасдан ажр унга ҳам ёзилади”- деганларида саҳобийлар: “Ё, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизлардан ҳар биримиз рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз?”-дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агарча биргина хурмо ёки бир қултум сув ёки озгина сут билан бўлса ҳам, ифторлик қилиб берса, Аллоҳ таоло бу ажрни мислича унга ҳам бераверади.[15]-дедилар. 

Абдулҳамид Маҳмуд Теҳмазнинг “Ал-фиқҳул ҳанафий фий савбиҳил жадид” асари асосида тайёрланди.

 

Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси Б.Исақов

 

[1] Муттафақун алайҳ ривояти

[2] Ибн Можа ривояти

[3] Имом Аҳмад муснадда ривоят қилган. Аллоҳнинг саловат айтиши раҳматидир. Фаришталарнинг саловат айтиши истиғфордир.

[4] Абу Довуд ривояти

[5] Имом Насоий, Абу Довуд ва Термизийлар ҳам ривоят қилган.

[6] Саҳл ибн Саъд р.а дан Муттафақун алайҳ ҳадис.

[7] Икки хабис нарса бавл билан ғоитдир. Бу ҳадис вақт кенг бўлган маҳалда бу ҳолатлар содир бўлиб туриб намоз ўқиш макруҳлигига далолат қилади.

[8] Абу Довуд ва Имом Муслим ривоят қилган.

[9] Имом Бухорий ривоят қилган.

[10] Имом Термизий, Аҳмад ва ибн Можа ривояти. Фақат Ибн Можадан ривоят қилинган ҳадис лафзи “рўзадор ифторлик қилгунча” кўринишида келган.

[11] Абу Давуд ва Имом Термизий Анас р.а дан ривоят қилганлар.

[12] Имом Термизий, Насоий ва Ибн Можа ривояти.

[13] Имом Бухорий ривояти

[14] Эшитиб қўйсин деган маънода.

[15] Ибн Ҳузайма ўз саҳиҳида ривоят қилган. Бу ҳадисни Салмон р.а. ривоят қилган, Расулуллоҳ с.а.в.нинг шаъбон ойининг охиридаги хутбаларидан бир жуъздир.

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Меҳр-саховат ва инсон қадри — эзгуликка йўғрилган хайрли ташаббус

14.08.2026   3514   3 min.
Меҳр-саховат ва инсон қадри — эзгуликка йўғрилган хайрли ташаббус

Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.

Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.

Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.

Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.

Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.

Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.

Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.

Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.

Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари