Қайсидир йили қишлоққа сел келиб, кўпчилик бошпанасиз қолди. Аллоҳга беадад шукрки, ҳеч ким жабрланмади.
Аммо, уй-жойсиз, мол-ҳолсиз қолган одамларнинг қалбига қаттиқ изтироб тушди. Ҳамма хафа, ҳамма ҳайрон, диллар эса вайрон эди ўшанда.
Шунда бир ёши улуғ отахон бузилган уйларни ҳашар йўли билан қайта қуриш лозимлигини айтиб, ҳамманинг қалбида эртанги кунга бўлган ишонч чироқларини ёқди.
Ишга яроқли барча инсон борки, ҳашарга келди. Ҳатто қўшни қишлоқдан ҳам одамлар озиқ-овқат билан ҳашарчиларга ёрдамга келди.
Тушлик бўлди. Ҳамма овқатга ўтирди. Аммо озғингина бир бола негадир овқатга ўтирмади. Уни роса чақиришди. Бўлмади.
– Ҳа,қулоғи оғир бўлса керак унинг.
– Менимча, унинг қорни тўқ.
– Йўғ-а, ахир бу бола эрталабдан бери тинмаяпти. Наҳотки чанқамаган бўлса ёки тортиняптимикан?, – дейишди ҳашарчилар.
Чиндан ҳам шу иссиқ ва дим ҳавода эрта тонгдан бери тушлик ҳам қилмай ишлаётган бу бола ҳаммани гоҳ ажаблантирди, гоҳ раҳмини келтирди. Шунда ҳашар қилиш фикри чиққан ёши улуғ отахон келиб унга савол бера бошлади:
– Менга қара, жон болам! Эрталабдан бери туз тотмадинг? Ё бўлмаса қултум сув ҳам ичмадинг? Ахир бунақада бўлмайди. Сал ўзингни ўйламайсанми? Буни қара, сендан катта барзанги йигитлар ҳам овқат еса чарчаб қолишди! Сен эса тинмасдан жавлон уриб ишлаяпсан! Айт-чи, ўғлим, бунинг боиси не?
Бола ахийри тилга кириб: “Мен рўзадорман”, деди.
Отахоннинг кўзига ёш келди. Ҳамма бир қалқиб тушди. Йўқ-йўқ, бу боланинг берган жавобидан эмас, шунчаки сел келган оқшом кириб кирган рамазон ойини унутганларидан, бошларига озгина ташвиш етганида Аллоҳни ёддан чиқариб ўз ғамларини ўйлаганларидан...
Шундан сўнг нега бу қадар даҳшатли сел келганида ҳам қишлоқ аҳлининг соғ-омон қолгани барчага аён бўлди.
Шерзод ҲАЙДАРБЕКОВ
Ўзбекистон бош консули Сирожиддин Шамсутдинов Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги Жидда бўлими директори Фарид бин Саад аш-Шаҳрий билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Учрашув аввалида Фарид бин Саад аш-Шаҳрий мамлакатимиз бош консулини янги лавозимга тайинлангани билан табриклаб, Саудия ТИВ раҳбари томонидан имзоланган консуллик экзекватуранинг асл нусхасини тақдим этди.
У, шунингдек, Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги Жидда бўлими Ўзбекистон Бош консулхонасини барча масалаларда қўллаб-қувватлашини билдирди.
Мулоқот чоғида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишларда мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди. Шу билан бирга, ўзаро савдо-иқтисодий, сайёҳлик, илм-фан ва маданият соҳаларида бўлиб ўтадиган халқаро кўргазма, фестиваль ва конференциялар ҳақида ўзаро маълумотлар алмашиш ҳамда вакиллар иштирокини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар Бош консулхона қошида "Ўзбек тили ва маданияти" марказини ташкил этиш имкониятлари хусусида фикр алмашилдилар.
Бундан ташқари, "Ҳаж-2025" мавсумини юқори даражада ташкил этиш, хусусан Ўзбекистондан келадиган бўлажак ҳожиларга муносиб шароитларни яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати