Рамазон ойи арафаси... Соли аравакаш эрталабдан кечгача бозорда арава судраб, оила боқади.
Унинг тўртта ёш боласи, қари онаси бор. фарзандларидан бирининг соғлиги яхшимас.
Муборак рамазон ойи ҳам кириб келди.
Эрта тонгда ишига кетиб бораётган Соли аравакаш масжиднинг олдига етганда ўтириб олиб қўлларини осмонга чўзганча нола қилди:
“Эй Аллоҳим! Сенинг улуғ ойинг ҳам кириб келди. Аммо мен нима қилай? Ҳамма саҳарлик қиладиган бир вақтда ишга борсам, ҳамма ифторлик қиладиган пайтда ишдан қайтсам! Уйда оч наҳор оилам бор! Ҳар куни иссиқда арава тортаман. Ишим давомида қултум-қултум сув ичишга мажбурман! Ишдан ҳориб келиб ухлаб қоламан. Аллоҳим! мен ҳам бошқа бандаларинг сингари рўза тутишни, сенинг олдингда гуноҳларимни поклашни истайман! Нима қилай, ё Раббим! Бир томонда ибодат, бир томонда оила ташвиши! Нима қилсам сенинг суйган банданг бўламан?..”
Шу чоқ кимдир унинг қўлларидан тутиб, ўрнидан турғазди. Аравакаш тонг қоронғусида келган одамнинг юзини кўра олмади Шу тоб ўша нотаниш киши гап бошлади:
– Биласанми, менинг бир қўл-оёғи йўқ танишим бўларди. Ўзи жуда оқкўнгил йигит эди. У намоз ўқишни шу қадар истардики, аммо қўли йўқ эди! Масжидга, мадрасага боришни шу қадар истардики, аммо оёғи йўқ эди! Бироқ калима келтиришга тили бор эди ва шу калимаси-ю, дуолари сабаб жони чиқишидаги охирги сўзи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлди.
Шерзод ҲАЙДАРБЕКОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ