Ҳижрий ойлар милодий сана ойларига нисбатан ҳар ўн икки кун фарқи билан айланиб туради. Шунинг учун Рамазон ойи фаслларнинг турли вақтига тўғри келиб қолади.
Рамазон ойининг энг иссиқ ёз фаслининг энг узун кун ҳамда энг қисқа тунлар орасида келиши ҳам мусулмонларнинг сабр ва тақвосига берилган бир синовидир. Чунки куннинг энг қисқа ва туннинг энг узун вақти бўлган салқин ҳамда осон кунларда ҳам Рамазоннинг келиши, кимнинг нимага ва қанча тақвога эга сабр соҳиби эканининг намоён этади. Демак, йилларнинг айланиши билан ҳар Рамазонда озми - кўпми сабр имтиҳони топширамиз. Охиратда бу баҳоимизнинг мукофоти “Сабрнинг мукофоти – жаннатдур” хадисига мувофиқ ажрга эга бўламиз, иншоаллоҳ.
Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар банда Рамазонда Аллоҳга яна ҳурмат ҳосил қилмоқчи бўлиб бирор нафл ибодат ёки хайрли амални бажарса, гўё Рамазондан бошқа ойда бир фарзни бажаргандек бўлади. Ва кимки Рамазонда бир фарзни адо қилса, гўё Рамазон савобига эга бўлибди”, - деганлар.
Масалан закотни Рамазон ойида бериш керак деган кўрсатма йўқ, аммо у (Закот) Рамазонда адо этилса, бошқа ойларда адо этилган етмишта фарзнинг савобига эришишга қизиқтирилмоқда. Бу эса Рамазони шарифнинг баракотли ой эканини билдиради.
Мусулмонлар бу ойда масжидларга чиқиб, таровеҳ намозларида қатнашиб, сабр билан хатми Қуръонларга сомеъ бўлиб савоблардан бахраманд бўлишади. Кимлардир қалбидаги гиналардан фориғ бўлиб, ўзи учун покиза ҳаёт саҳифасини оча олади. Яна кимдир саховат ва силаи раҳмни кучайтириб бу муборак ой рўзасини астойдил адо этади.
Бу ой бизларга нафсимизни тарбия қилишда яқиндан ёрдам беради. Барчамиз рўза тутиш орқали нафсни тийиб, сабр қилишни ўрганамиз, муҳтожларга меҳр-шафқат кўрсатишга интиламиз. Барча пайғамбарлар нафс тарбиясида айнан рўза тутишни тавсия этишган. Агарда инсон мана шу ибодат машаққатига сабрли бўлса, уни муҳаббат билан адо этса, ушбу кунларда кўпроқ эҳсон (садақа)лар қилса, охират қийинчиликларидан қутилади.
Рамазоннинг фазилати ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Умматларим ҳар қайси ойда қилган бир яхши, солиҳ амали учун бир савоб олади. Аммо Рамазонда эса Аллоҳ бири учун ундан то етти юзгача ва ундан зиёда қилиб беради”, деганлар. Рамазон мўминларнинг ризқларини зиёда этадиган ойдир. Ким бу муборак ойда бир рўзадорни ифтор ёки саҳарлик қилдирса, бир қул озод қилганнинг савобини топади ва гуноҳлари мағфират қилинади. Шунинг учун бўлса керак, мулкдор кишилар шу ойда ўз закотларини беришга, саховатпешалар эса денгиз каби тошиб, меҳр-эътиборга интиқ кишиларга меҳр-мурувват, хайру саховат кўрсатишга ошиқишади.
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ الصِّيَامُ جُنَّةٌ إِذَا كَانَ أَحَدُكُمْ صَائِمًا فَلاَ يَرْفُثْ وَلاَ يَجْهَلْ فَإِنِ امْرُؤٌ قَاتَلَهُ أَوْ شَاتَمَهُ فَلْيَقُلْ إِنِّى صَائِمٌ إِنِّى صَائِمٌ. رَوَاهُ اَبُو دَاودَ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рўза қалқондир. Қачон бирортангиз рўзадор бўлса ёмон гап гапирмасин, жоҳиллик қилмасин. Агар бирор киши у билан урушса ё уни ҳақорат қилса: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳадиси шарифдаги “қалқон” дея таржима қилинган “жуннатун” калимаси луғатда “тўсувчи”, “ҳимоя этувчи” каби маъноларни англатади. Шунга кўра, уламолар ушбу калимадан қандай маъно кўзлангани ҳақида қуйидагиларни айтишган:
- Рўза, гуноҳ маъсиятлардан ҳимоя қилувчидир. Чунки у туфайли рўзадор танасидаги шайтон юрадиган йўллар бўлган таом ва қон йўллари тораяди. Ана шу эътибордан рўза уни гуноҳлардан ҳимоя қилувчи бўлади.
- Рўза, дўзахдан тўсувчидир. Чунки имон ва савоб умидида тутилган рўза рўзадорнинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлади. Ана шу эътибордан у дўзахдан тўсувчи бўлади.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзларининг давомида рўзадорга “ёмон гап гапирмасин”, дея амр этганлар. Яъни, бировни ҳақоратлаш, биров устидан кулиш, лаънат айтиш ва фаҳш гапларни гапириш каби шариат ман қилган гаплардан қайтарганлар. Демак, рўзадор киши ҳалим бўлиши, ўзгалар билан уришиб тортишмаслиги, жаҳли чиққан вақтда ҳам ўзини қўлга ола билиши рўзанинг одобидир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рўзадорнинг яна бир сифатини таъкидлаб “жоҳиллик қилмасин”, деганлар. Яъни, рўзадор шариатда ман қилинган нотўғри сўзларни гапирмасин ва хато ишлар қилмасин. Шунга кўра, рўзадор кишини биров уришиб ҳақорат қилган тақдирда ҳам: “мен рўзадорман, мен рўзадорман” дейиши ва унинг ҳақоратига “жавоб” қайтаришдан ўзини тийиб сабрли бўлиши лозим.
Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
«Мовароуннаҳр» нашриёти махсус мухбири, “Коҳ ота Бузрук” жоме масжиди имом ноиби
«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафорумининг учинчи ялпи сессияси 26 август куни «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмун-моҳияти» мавзусида бўлиб ўтмоқда. Сессияда Қуръон мероси, қадимий қўлёзмалар, хаттотлик, ҳужжатли кино ҳамда тарихий манбаларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари ўрин олган, хабар бермоқда iccu.uz.
Асосий лойиҳалардан бири — «114 Қуръон: ислом олами хаттотлигининг 114 дурдонаси» бўлади. Уни Mueller & Schindler нашриёт уйи вице-президенти Александр Вильгельм тақдим этди. Шунингдек, сессияда «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва афсоналар» халқаро лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Уни Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов тақдим қилди.
Санкт-Петербург ҳужжатли фильмлар студияси бош директори Алексей Тельнов «Ягона тарихий мерос саҳифалари» лойиҳаси доирасида яратилган «Масжид» фильмининг трейлерини намойиш этди. Исломшунос ва маданият арбоби Кетлин Гёбель иштирокчиларни «Аллоҳнинг 99 исми: Унинг гўзал исмлари орқали Яратганни англаш» ноширлик лойиҳаси билан таништирди.
Алоҳида блок янги технологияларга бағишланади. Сбербанк Истиқболли технологияларни ривожлантириш бошқармаси ижрочи директори Владимир Кох ҳамда Ислом цивилизацияси маркази профессори, бош илмий ходими Зоҳидулло Мунавваров «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳасини тақдим этади. Дастурдан, шунингдек, «Пайғамбарнинг фазилатлари» китоби ва «Ўзбекистон тарих харитасида: империялар, цивилизациялар, даврлар» лойиҳаси ҳам ўрин олган.
Халқаро мунозара «Жаҳолатдан маърифат сари: стереотиплар ва исломофобияни бартараф этишда медианинг ўрни» мавзусида ўтказилади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат ва халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф «Журналистикада тарих ва сунъий интеллект: меросни онлайн маконда қандай сақлаш мумкин?» лойиҳасини, Ислом цивилизацияси маркази медиа бўлими раҳбари Ўктам Усманов эса «Ўзбекистонни дунёга машҳур қилган олимлар» китобини тақдим этади. Сессия «Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» тақдимоти билан якунланади. Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ турли мамлакатлар ва ислом хаттотлик мактаблари анъаналарини бирлаштирувчи ноёб Қуръонни яратиш бўйича хаттотлар ўртасидаги Жаҳон танловини эълон қилади.
Форумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади. Унда деярли 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 нафар вакили — медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати