Моҳи шарифни ҳар бир мусулмон чиройли кутиб олиб, чиройли кузатишни орзу қилади. Чунки рўза ойи йилда бир келиб кетадиган меҳмон. Уйимизга меҳмон келса, уни яхши кутиб олиб, кўнгилдагидек кузатиш учун бор бор-будимизни қўямиз. Худди шунингдек, моҳи рамазонни ҳам ихлос билан кутиб олиб, унда қўлимиздан келганича солиҳ амалларни қилишга харакат этмоғимиз лозим. Ҳар бир мусулмон бу ойда ўзининг иймон ва ихлосини чархлаб, унга сайқал бериб, эътиқоду имони нурини зиёда қилиб олиши зарур.
Рўза инсонни ҳалол покликка даъват этади, унинг қалбини ғуборлардан тозалайди. Зеро, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: “Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат) ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди” (Бақара сурасининг 183-ояти).
Салмони Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Шаъбон ойининг охирги куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга хутба ўқиб шундай дедилар:
“Эй одамлар! Сизларга энг улуғ ва барокатли ой соя солиб келмоқда. У ойда бир кеча борки, у кеча минг ойдан афзалдир. Аллоҳ таоло у ойда рўза тутишни фарз, кечасида намоз ўқишни нафл қилган. У ойда кимда ким бирор бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади, кимда ким бу ойда бирор фарз амалини адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади. У – сабр ойи. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. У – хайр эҳсон улашадиган ой. У ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган савоб берилади”.
Шунда биз: “Ё Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир хўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорни қорнини тўйғазса Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсардан бир қултум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди”, дедилар”.
Рамазони шариф – тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат ойи. Илло, бу ойда гуноҳлар ювилажак, тавба-тазаррулар, чин ихлос ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топажак.
Улуғ ойда ҳар бир қилинган амал учун 70 тадан 700 тагача савобга эга бўлиш мумкинлиги ҳақида ҳадиси шарифларда марҳамат қилинган. Бироқ ушбу ойда инсонларга яхшилик қилиб, хайру саховат кўрсатиб улкан ажру савобларга эга бўлиш ўрнига халқимизга қийинчилик туғдираётганлар ҳам бор. Афсуски, Рамазон ойи кириб келиши биланоқ озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кўтарилади. Сабабини сўрасангиз, уялмай-нетмай “рўза келди-да” дейишади. Аслида-чи, ҳақиқий мусулмон рамазон ойида ўта саховатли бўлиши лозим.
Ғарб мамлакатларини кузатадиган бўлсак, ибратли бир ҳолатга гувоҳ бўламиз. Насронийлар ўзларининг “Рождество”, “Пасха” каби байрамлари арафасида аксарият савдо дўконларида акциялар эълон қилиб нархларни 50 фоизгача арзонлаштиради. Аслида бундай саховатпешаликда ўзбек халқи пешқадам бўлиши керак эмасми!.
Рамазонда инсон нафсини тарбиялаш мақсадида емоқ-ичмоқдан тийилади. Бизда эса, кимўзарга ифторликлар беришга интилишлар сезилиб қолади. Бу ҳам шаръан дуруст эмас. Ифторликни меъёрида қилиб, ортган маблағларимизни қариндошлар орасидаги, маҳалламиздаги муҳтожларга берсак ана ўшаниси афзалдир.
Н.ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Андижон вилояти бош имом-хатиби
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ