Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Ҳурматли мухлислар!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан муборак Рамазон ойида Сиз азизлар учун “Muslim ТV” интернет телеканали йўлга қўйилганини маълум қилади.
“Muslim ТV” интернет телеканали интернет тармоғида катта аудиторияга эга бўлган “ITV.UZ” интерактив телевидениеси билан ҳамкорликда йўлга қўйилди. Эндиликда сиз “ITV.UZ”га уланиш орқали “Muslim ТV” интернет телеканалини томоша қилишингиз ва интернет тармоғидаги itv.uz сайтидан рўйхатдан ўтган ҳолда кўрсатувларимизни томоша қилишингиз мумкин.
Мобил қурилмалар учун эса itv.uz мобил иловасини кўчириб олган ҳолда телеканалимизни кузатиш мумкин бўлади.
Ушбу интернет телеканал барчамиз учун манфаатли бўлишини Яратгандан сўраб қоламиз!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Рўзадорнинг оғзига ёмғир ёки қор парчаси кирса, рўза бузиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Рўзадор кишининг оғзига беихтиёр ёмғир томчилари ёки қор парчалари кириб, томоғидан ўтса, рўзаси бузилади ва қазо рўза тутиши вожиб бўлади.
Бу ҳақда Ҳанафий фиқҳий манбаларимизда бундай дейилади: “Рўзадорнинг томоғига кўз ёшлари, тер томчилари, бурнидан оққан қон, ёмғир ёки қор етса, рўзаси бузилади. Чунки гоҳида оғизни очиб, гоҳида юмиб, томоққа юқорида саналган нарсалар кетишидан сақланиш осон. Агар мазкур нарсаларни билиб туриб ютса, каффарот вожиб бўлади” (“Баҳрур роиқ” китоби).
“Ёмғир ва қор (томоқдан ўтса рўзани бузиши) ҳақида уламолар ихтилоф қилишган, тўғрироғи рўзани бузади. Чунки ундан чодир ёки бошқа бошпана ёрдамида сақланиш мумкин” (“Иноя шарҳул ҳидоя” китоби).
“Ёмғир ва қор рўзадорнинг томоғига кирса, рўзасини бузади. Бу саҳиҳ қавлдир. “Зоҳирия” китобида шундай келган” (“Фатовои ҳиндия” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.