Ҳурматли мухлислар!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан муборак Рамазон ойида Сиз азизлар учун “Muslim ТV” интернет телеканали йўлга қўйилганини маълум қилади.
“Muslim ТV” интернет телеканали интернет тармоғида катта аудиторияга эга бўлган “ITV.UZ” интерактив телевидениеси билан ҳамкорликда йўлга қўйилди. Эндиликда сиз “ITV.UZ”га уланиш орқали “Muslim ТV” интернет телеканалини томоша қилишингиз ва интернет тармоғидаги itv.uz сайтидан рўйхатдан ўтган ҳолда кўрсатувларимизни томоша қилишингиз мумкин.
Мобил қурилмалар учун эса itv.uz мобил иловасини кўчириб олган ҳолда телеканалимизни кузатиш мумкин бўлади.
Ушбу интернет телеканал барчамиз учун манфаатли бўлишини Яратгандан сўраб қоламиз!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шу йил 5 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Тошкент шаҳар "Сирож солиҳ" жоме масжидидаги таровеҳ намозида иштирок этиб, жамоатга Рамазони шариф фазилати, зикру тасбеҳнинг фойдалари тўғрисида гўзал суҳбат қилиб бердилар.
Муфтий ҳазратлари масжидга йиғилган мўмин-мусулмонларга бу йил Рамазони шариф юртимизда ўзгача шукуҳда ўтаётгани, бир ойгина меҳмон бўлган ғанимат ойнинг иккинчи ўн кунлик – мағфират даҳаси ҳам ўтиб бораётгани, ушбу фурсатдан фойдаланиб, кўпроқ дуою илтижо, зикру истиғфор айтиш лозимлигини баён этдилар.
Мазмунли маъруза давомида Қуръони каримдаги: «Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!» (Раъд сураси, 28) оятини шарҳлаб, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топиши, чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканини ҳис этиши ва дунё-ю у охиратнинг саодати Аллоҳнинг ихтиёрида эканини яхши билишини шаръий далил ва ҳаётий мисоллар билан тушунтириб бердилар.
Манфаатли суҳбат якунида Муфтий ҳазратлари Ҳақ таолодан бутун дунё, хусусан, юртимизда тинчлик-осойишталик бўлишини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
#xabar #taroveh #muftiy
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати