Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Октябр, 2026   |   4 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:16
Қуёш
06:34
Пешин
12:09
Аср
15:59
Шом
17:47
Хуфтон
19:01
Bismillah
15 Октябр, 2026, 4 Жумадул аввал, 1448

Рамазонга тайёрмисиз?

29.05.2018   52405   3 min.
Рамазонга тайёрмисиз?
  1. Аллоҳдан рамазон ойига соғ-саломат етказишини ҳамда Рамазон рўзасини тутишга мушарраф этишини сўраб дуо қилинг. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ражаб ойи келса, Аллоҳга “Ё Аллоҳ, бизга Ражаб ва Шаъбон ойларини хайрли қилгин ва Рамазонга етказгин”, деб дуо қилар эдилар. Шунингдек, саҳобийлар ҳам муборак Рамазон ойи келмасидан олдин “Аллоҳ бизни рамазонга етказ”, деб дуо қилишга одатланганлар.
  2. Рамазон ойининг ҳар бир кунининг режасини тузинг. Рамазон – ғанимат ойдир. Унинг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланиш лозим. Аллоҳ таоло Рамазон ойининг ҳар бир кунини бандалар савобларини кўпайтириб олишлари бошқа кунлардан кўра афзал қилган.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўта сахий зот бўлсалар-да, Рамазон кириши билан саховатлари, яхшиликлари янада ортиб кетар эди.  Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига тушадиган пайтларда – айниқса, зиёда бўларди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да тез эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Афсуски, ҳаётимиздаги барча майда ишларни ҳам эътибордан четда қолдирмай ҳисоб-қитоб қиламиз-у, бироқ рамазон ойи режасини тузишни унутамиз. Оқибатда дунё ва охират учун фойдали бўлган яхшиликдан бепарволик сабабли маҳрум бўламиз. Зеро, охиратнинг ободлиги бу дунёни обод қилиш билан бошланади. Абадий саодатга эришиш учун ибодатларни гўзал тарзда адо этишга одатланиш лозим. Шу сабабли, мўмин-мусулмонларнинг Рамазон ойининг ҳар бир кундузию кечасини ўтказиш тартибини режалаштириб олишлари мақсадга мувофиқ.

  1. Рамазон ва унга тааллуқли бўлган масалаларни пухта ўзлаштириб олинг. Ҳар бир мўмин-мусулмон Рамазон ойи рўзасига оид бўлган масалаларни бу ой келмасидан аввал яхшилаб ўзлаштириб олиши керак. Рўзанинг барча қоидаларини тушунмай, унга кўр-кўрона амал қилиш, гўё мевасиз дарахт каби бўлади. Ислом дини – илм дини бўлиб, ҳар бир мусулмон эркак ва аёл ўзи учун фойдали ва зарарли нарсаларни билиб олиши шарт. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Бас, Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!» (Анбиё, 7)
  2. Рамазон рўзасини тутишга холис ният қилинг. “Ҳаво жуда иссиқ, рўза тутишга кучим етмайди” каби турли баҳоналар билан бу ойнинг фазилатларидан бебаҳра қолманг! Агар рўза тутишни холис Аллоҳ учун адо этишни ният қилсангиз, Аллоҳнинг ўзи енгиллик, барака ато этади.
  3. Рамазон ойи келаётганидан хурсанд бўлинг. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон ойи келса, бахтиёр ва хурсанд бўлиб кетар эдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Рамазон ойи келди. Рамазон ойи Аллоҳ рўза тутишни фарз қилган раҳмат ойидир. Бу ойда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари беркитилади”, дер эдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобийлари, тобеийлар бу ой келишини интизорлик билан кутишар эди.
  4. Муборак Рамазон ойига етказгани учун Аллоҳга ҳамд айтинг. Чунки Аллоҳ сизни соғ-саломат бу ойга етказиб, ўзининг чексиз раҳмат ва марҳаматига лойиқ кўрди.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

 

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Ҳаж – 2027” мавсумига тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди

15.10.2026   18085   1 min.
“Ҳаж – 2027” мавсумига тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди

14 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Ҳаж – 2027” мавсумига тайёргарлик ишларини Саудия Арабистони мутасадди идоралари вакиллари билан муҳокама қилдилар.

Учрашувда ар-Рифода ҳаж хизматлари муассасаси вакиллари Носир бин Абдуллоҳ Саружий, Фуод бин Абдулазиз Факираҳ, Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов ҳамда Диний идора ҳузуридаги “Ҳаж ва Умра” маркази раҳбари Мақсуд Каримов ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Мулоқот аввалида томонлар икки мамлакат раҳбарларининг кўп қиррали муносабатлари натижасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга олиб чиқилгани, хусусан, ҳаж ва умра зиёратчилари учун кўрсатилаётган хизматлар савияси юксак даражага кўтарилганини эътироф этдилар.

Музокаралар чоғида Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида ҳожиларга муносиб хизмат кўрсатиш, улар учун зарур шароитларни яратиш батафсил муҳокама этилди. Жумладан, ҳожилар учун муборак масканларда шинам чодирлар ташкил этиш, транспорт ва озиқ-овқат таъминотини янада такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Ҳаж – 2027” мавсумига ҳаж зиёратчиларига хизмат кўрсатиш, уларга муносиб ва шинам шароитлар яратиш ҳамда ташкилий ишларини янада кучайтириш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.

Бу ишлар замирида эса битта улуғ мақсад —  ҳар бир ҳожига муносиб эътибор ва ҳурмат кўрсатиш, ибодатни энг қулай ва руҳий осудаликда адо этиш имконияти ётади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари