Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448

Қалб қандай рўза тутиши мумкин?

28.05.2018   47325   10 min.
Қалб қандай рўза тутиши мумкин?

 Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 

  وَمَنْ يُؤْمِنْ بِاللَّهِ يَهْدِ قَلْبَهُ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ {11} التغابن

  “Кимки имoн кeлтирсa, у унинг қaлбини тўғри йўлгa ҳидoят қилур. Aллoҳ ҳaр нaрсaни билувчидир”. (Тағобун: 11)

Қалбнинг ҳидоятланиши бу барча ҳидоятнинг пойдевори, барча муваффақиятнинг асоси, барча умрнинг таянчи ҳамда барча ишнинг негизи ҳисобланади.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиснинг охирида: Набий алайҳис салом:

 

أَلا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ أَلا وَهِيَ الْقَلْبُ

  “Огоҳ бўлинглар! Ҳамманинг жисмида бир бўлак гўшт бўлади. Агар у салоҳиятли бўлса, бутун жасад салоҳиятли бўлади. Агар у фасод (айниса, яроқсиз) бўлиб қолса, бутун жасад фасод бўлади. Огоҳ бўлинг, у қалбдир”, дедилар. 

Қалбингизни салоҳиятли бўлиши бу дунё ва охиратда сизнинг саодатингиздир. Унинг фасод бўлиши аниқ ҳалокат бўлиб, унинг қай даражада ҳалокатга юз тутишини ёлғиз Аллоҳ билади. Аллоҳ таоло айтади:

 

إِنَّ فِي ذَلِكَ لَذِكْرَى لِمَنْ كَانَ لَهُ قَلْبٌ أَوْ أَلْقَى السَّمْعَ وَهُوَ شَهِيدٌ (37)

 “Aлбaттa, бундa (ўйғoқ) қaлб эгaси бўлгaн ёки ўзи ҳoзир бўлиб, қулoқ тутгaн киши учун eслaтмa бoрдир”. (Қоф:37)

Барча махлуқнинг ёлғиз қалби бўлади. Лекин у икки хилдир.

  1. Нур ила уриб турувчи, иймон ила ёришадиган, ишончга тўла ҳамда тақво ила тирик қалб.
  2. Ўлик, бутунлай сўнган, унда барча харобалик, ҳалокатлик бор бўлган касал қалб.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло имондан юз ўгирувчиларнинг қалблари ҳақида бир оятда қуйидаги мазмунда марҳамат қилади:

 

فِي قُلُوبِهِم مَّرَضٌ فَزَادَهُمُ اللّهُ مَرَضاً (البقرة 10)

 

“Улaрнинг диллaридa xaстaлик (шубҳa вa кибр кaсaли) бoр. Aллoҳ улaргa (шу) xaстaликни зиёдa қилди”. (Бақара: 10)

Яна бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло шундай дейди:

 

(وَقَالُوا قُلُوبُنَا غُلْفٌ بَلْ لَعَنَهُم الله بكُفْرِهِم فَقَلِيلاً مَا يُؤمِنُون.) (سورة البقرة: الآية 88)

 

"Қалблaримиз (ислoм учун) бeрк", - дейдилaр. Йўқ, бaлки куфрлaри сaбaбли улaрни Aллoҳ лaънaтлaгaн. Бинoбaрин, улaрнинг oзчилик қисмигинa имoн кeлтирaдилaр. (Бақара: 88)

Аллоҳ таоло айтади:

 

أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ أَمْ عَلَى قُلُوبٍ أَقْفَالُهَا? (محمد 24)

 

“Axир, улaр Қуръoн (oятлaри) ҳaқидa фикр юритмaйдилaрми?! Бaлки диллaрдa қулфлaри бoрдир?!” (Муҳаммад: 24)

Яна бошқа бир ояти карима қуйидаги мазмунда келган:

 وَقَالُوا قُلُوبُنَا فِي أَكِنَّةٍ مِمَّا تَدْعُونَا إِلَيْهِ وَفِي آذَانِنَا وَقْرٌ? [فصلت: 5]

 

 “Улaр дедилaр: "Диллaримиз сeн бизлaрни дaъвaт қилaётгaн нaрсaдaн тўсилгaн, қулoқлaримиздa эсa  oғирлик (кaрлик) бoрдир”. (Фуссилат: 5)

Демак, қалблар касал бўлиши, муҳрланиб қолиши, қулфланиши ҳамда ўлиши ҳам мумкин экан.

Тўғри, исломдан бош тортадиганларнинг кўксиларида қалблари бор. Лекин у қанақа қалб? Бу ҳақда қуйидаги мазмундаги ояти карима мавжуд: 

 

وَلَقَدْ ذَرَأْنَا لِجَهَنَّمَ كَثِيرًا مِنَ الْجِنِّ وَالْإِنْسِ لَهُمْ قُلُوبٌ لَا يَفْقَهُونَ بِهَا وَلَهُمْ أَعْيُنٌ لَا يُبْصِرُونَ بِهَا وَلَهُمْ آذَانٌ لَا يَسْمَعُونَ بِهَا أُولَئِكَ كَالْأَنْعَامِ بَلْ هُمْ أَضَلُّ أُولَئِكَ هُمُ الْغَافِلُونَ [الأعراف/179]

 

“Жинлaр вa инсoнлaрнинг кўпчилигини жaҳaннaм учун ярaтгaнмиз. Улaрдa қaлблaр бoр, (лeкин) улaр билaн "aнглaмaйдилaр". Улaрдa кўзлaр бoр, (лeкин) улaр билaн "кўрмaйдилaр". Улaрдa қулoқлaр бoр, (лeкин) улaр билaн "эшитмaйдилaр". Улaр ҳaйвoнлaр кaбидирлaр. Бaлки, улaр (янaдa) aдaшгaнрoқдирлaр. Aнa ўшaлaр ғoфиллaрдир.

   Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг марҳамати, ҳидоятидан бенасиб бўлган ҳақиқий ғофил бандалар ҳақида айтиляпти. Уларнинг ҳам қалблари бор. Лекин бу қалблари билан улар ҳақиқатни англай олмайдилар.

Имом Бухорийнинг ал-Адаб ал-Муфрад номли китобларининг 683 сонли ҳадисда:

 

 حدثنا الحسن بن الربيع قال حدثنا أبو الأحوص عن الأعمش عن أبي سفيان ويزيد عن أنس قال : كان النبي صلى الله عليه و سلم يكثر أن يقول اللهم يا مقلب القلوب ثبت قلبي على دينك.

 Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй қалбларни айлантирувчи Зот, қалбимни Ўз динингда собит қил”, деб кўп дуо қилардилар”. (Имом Бухорий ривояти).

Мўминнинг қалби нафақат рамазон ойида балки, бошқа ойларда ҳам рўза тутади. Қалб қандай рўза тутиши мумкин?..

Қалбнинг рўза тутиши бу қалбнинг ҳалок қилувчи ширк амаллардан, бузуқ эътиқоддан, ёмон васвасадан, ёвуз, жирканчли ниятлардан ҳамда ғамга ботган лаҳзалардан фориғ бўлишидир.

Мўминнинг қалби доимо Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат ила тирик туради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда қандай Ўзини сифатлаган бўлса, бу қалб Роббисини, худди шундай исми-сифатлари билан танийди. Бу қалб ақл кўзи билан Роббисининг исми-сифатлари сатрларини, У Зотнинг бу борлиқдаги қудрати саҳифаларини мутолаа қилади. Ҳамда махлуқотларни яратиши ҳақидаги дафтарларни ўқийди.

Мўминнинг қалбида зулматлик қолдирмайдиган ёрқин нури бўлади. Бу нур пайғамбардан, самовий таълимотлардан ҳамда раббоний шариъатдан бўлган нурдир. Ушбу нур Аллоҳ таоло бандасига ато қилган фитрат нурига қўшилиш натижасида иккита улкан нурга айланади. Қуръони каримда ушбу мазмунда оят бор:

 

نُورٌ عَلَى نُورٍ يَهْدِي اللَّهُ لِنُورِهِ مَنْ يَشَاءُ وَيَضْرِبُ اللَّهُ الأَمْثَالَ لِلنَّاسِ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ {35}النور

   

“Нур устигa нур (бўлур). Aллoҳ ўзининг (бу) нуригa ўзи xoҳлaгaн кишилaрни ҳидoят қилур. Aллoҳ oдaмлaр (ибрaт oлишлaри) учун (мaнa шундaй) мaсaллaрни кeлтирур. Aллoҳ бaрчa нaрсaни билувчидир”. (Нур: 35).

Мўминнинг қалби чироқ каби чарақлайди, қуёш каби нур сочади, тонг каби ярақлайди. 

Мўмин қалбининг Қуръони каримни эшитиши ила имон нури, тафаккур қилиши ила ишончи ҳамда атроф-муҳитга ибрат назари билан боқиши ила ҳидояти зиёдалашади.

Мўминнинг қалби кибр қилишдан рўза тутади. Чунки кибр - қалб рўзасини бузади. Шунинг учун ҳам кибр мўминнинг қалбидан жой олмайди. Чунки кибрланиш инсонга хос эмас. Аслида кибрнинг жойлашадиган ўрни қалб ҳисобланади. Мабодо кибр қалбдан жой олса, бу қалб эгаси эси паст аҳмоққа, ваҳший ҳайвонга айланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай дейди:

 

قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ الْكِبْرِيَاءُ رِدَائِى وَالْعَظَمَةُ إِزَارِى فَمَنْ نَازَعَنِى وَاحِدًا مِنْهُمَا قَذَفْتُهُ فِى النَّارِ

 

“Кибрлилик менинг ридомдир. Улуғворлик менинг изоримдир. Ким шулардан бирортасини мендан тортиб олмоқчи бўлса, уни жаҳаннамга улоқтираман”.

Мўминнинг қалби ужубдан рўза тутади. Ужуб – инсон ўз нафсини комил бўлди деб тасаввур қилиши, ўзини бошқалардан афзал кўриши ва ўзида бошқаларда бўлмаган яхшиликлар бор деб ўйлаши. Бу эса айни ҳалокатнинг ўзидир. Анас ибн Моликдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 عن انس بن مالك عن النبي صلى الله عليه و سلم ثلاث مهلكات شح مطاع وهوى متبع واعجاب المرء بنفسه من الخيلاء.

 

“Учта ҳалок қиладиган нарса бор: Итоат қилинадиган бахиллик. Эргашиладиган ҳавойи нафс. Инсоннинг кибр туфайли ўз-ўзидан ажабланиши”.

Бу ужубланиш касаллигининг даъвоси – инсон ўз айбига, кўплаб камчиликларига, унутиб қўйган минглаб ёмонликлари-ю хатоларига назар ташламоғи. Шунингдек, бу нарсаларнинг Роббиси ҳузуридаги ҳеч ҳам ёзишликда адашмайдиган ва унутиб ҳам қўймайдиган китобда сақланиб турганини ҳис қилмоғи.  

Мўминнинг қалби ҳасад қилишдан рўза тутади. Чунки ҳасад инсоннинг солиҳ амалларини беҳудага суворади. Унинг қалбидаги нурини ўчиради. Ҳамда доимо Аллоҳ сари қиладиган сай-ҳаракатларини пучга чиқаради. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасининг 54 оятида шундай мазмунда марҳамат қилади:

 

أَمْ يَحْسُدُونَ النَّاسَ عَلَى مَا آتَاهُمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ (54)

 

“Ёки Aллoҳ ўз фaзлидaн бeргaн нeъмaтлaри учун oдaмлaргa ҳaсaд қилaдилaрми?”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳис салом:

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ، قَالَ : لا تَحَاسَدُوا وَلا تَبَاغَضُوا ، وَلا تَنَاجَشُوا وَلا تَدَابَرُوا ، وَلا يَبِيعُ بَعْضُكُمْ عَلَى بَعْضٍ   ...    

 

“Бир-бирларингизга ҳасад қилманглар. Бир-бирларингизни ёмон кўрманг. Ўзаро тортишманглар. Бир-бирларингизга душманчилик қилманг. Бирларингиз бошқа бирларингизнинг савдоси устидан савдо қилмасин”, деб айтдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаридан бир кишини уч марта жаннат аҳлидан эканининг хабарини бердилар. Шунда анашу кишидан: “Жаннатга кириш бахтига нима билан эришдингиз”, деб сўралганида, у киши: “Мен қалбимда бирор мусулмонга нисбатан ҳасад ё гина-адоват ё ғилли-ғашлик бўлмаган ҳолимда тунайман”, деб жавоб берган экан.

 Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Баратов Ғиёсиддин манбалар асосида тайёрлади.

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзбекистон халқининг 35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ

20.08.2026   45093   39 min.
Ўзбекистон халқининг 35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ

Ўзбекистон халқининг

35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ

 

Бугун азиз Ватанимизнинг ҳар бир фарзандининг юраги ҳапқириб турибди. Негаки, биз Она-юртимизнинг энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамини, Ўзбекистон Республикаси истиқлолини қўлга киритганининг 35 йиллик шодиёналарини катта тантана қилаяпмиз. 

Жаннатмакон юртимиз, муқаддас Ватанимиз, доно халқимизнинг диний қадриятлари, миллий анъаналари ниҳоятда бисёр, беқиёс ва бетакрор бўлса-да, қутлуғ айём арафасида дориломон кунларга етказгани учун яна ва яна шукр қилиш мақсадида бу йил Мустақиллигимизни 35 йиллигини нишонлаётганимиз учун фақат 35 тасинигина зикр қилмоқчимиз:

 

 

1)       Оила муқаддаслиги – жамиятнинг мустаҳкам асоси.

2)       Ота-онага ҳурмат – ота-онани эъзозлаш ва уларнинг хизматларини қадрлаш.

3)       Меҳмондўстлик – меҳмонни очиқ чеҳра ва очиқ кўнгил билан кутиб олиш.

4)       Меҳнатсеварлик – ҳалол меҳнат ва касб-ҳунарни қадрлаш.

5)       Катталарга ҳурмат – оқсоқоллар ва нуронийларни эъзозлаш.

6)       Тинчликсеварлик – тинч-тотув ҳаётга интилиш.

7)       Анъаналарни асраш – миллий урф-одат ва удумларни сақлаш ҳамда давом эттириш.

8)       Маънавият – юксак ахлоқ ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат.

9)       Поклик – уйда, кийимда, танада ва кўнгилда озодаликка риоя қилиш.

10)      Дастурхон саховати – меҳмонни саховат ва меҳр билан кутиб олиш.

11)      Қўшничилик қадриятлари – маҳаллада аҳиллик ва ўзаро ёрдам.

12)      Ёрдамга тайёрлик – яқинлар ва муҳтожларга мурувват кўрсатиш.

13)      Камтаринлик – одобли ва камтарона ҳаёт кечириш.

14)      Ёш авлодга ғамхўрлик – фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш.

15)      Аёлларга ҳурмат – она, рафиқа, опа-сингилларни қадрлаш.

16)      Таълимга интилиш – илм олиш ва билимни қадрлаш.

17)      Ор-номус – ҳалоллик ва виждон билан яшаш.

18)      Маросимларга риоя – миллий маросим ва оилавий удумларни эъзозлаш.

19)      Сўзга содиқлик – ваъдага вафо қилиш.

20)      Матонат ва сабр – қийинчиликларга бардош билан ёндашиш.

21)      Ҳунармандчиликни қадрлаш – миллий ҳунар ва устачилик анъаналарини асраш.

22)      Табиатга меҳр – ер, сув ва атроф-муҳитни авайлаш.

23)      Бағрикенглик – турли миллат, дин ва маданият вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш.

24)      Одоб-ахлоқ – юксак муомала маданиятига амал қилиш.

25)      Миллий байрамларни эъзозлаш – Наврўз, ҳайитлар ва Мустақиллик байрамини қадрлаш.

26)      Адолат – ҳалоллик, тенглик ва қонун устуворлигини қадрлаш.

27)      Ўтганларни ҳам қадрлаш бу дунёдан ўтганларни эҳтиром ва чиройли амаллар билан эъзозлаш.

28)      Тил ва маданиятни асраш – ўзбек тили ва миллий меросни эъзозлаш.

29)      Ватанпарварлик – Ватанни севиш ва унинг равнақига ҳисса қўшиш.

30)      Миллатлараро тотувлик – турли миллат ва элат вакиллари ўртасида аҳилликни мустаҳкамлаш.

31)      Жамоавийлик – ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорлик.

32)      Миннатдорчилик – қилинган яхшиликни қадрлаш.

33)      Устозга ҳурмат – устозларни эъзозлаш ва уларнинг меҳнатини қадрлаш.

34)      Миллий кийимлар – миллий маданият ва одоб тимсоли сифатида қадрлаш.

35)      Аждодларга ҳурмат – тарихий мерос ва миллий илдизларни эъзозлаш.

* СИЗ яна қўшишингиз мумкин...

*** ЭНГ муҳими: йўқотиб қўйишдан олдин уларнинг ҚАДРИГА етиш !!!

 

☼    Қуръони карим ояти карималари;

☼    Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадиси шарифлари;

☼    динимиз асослари;

☼    шариатимиз аҳкомлари;

☼    шарқона одобларимиз;

☼    мазҳабимиз меъёрлари;

☼    жамиятшунослик алоқалари;

☼    одамгарчилик муносабатлари;

☼    инсоний туйғулар;

☼    руҳшунослик сир-асрорлари;

☼    юртимиз урф-одатлари;

☼    ўзбекчилик қоидалари;

☼    маданиятимиз ахлоқлари;

☼    инсоний ақл ва ахлоқий нормалар;

☼    доно мақолларимиз;

☼    миллий анъаналаримиз;

☼    диний қадриятларимиз;

☼    халқимиз онг-тафаккури;

☼    миллатимиз менталитети,

☼    анъанавий фалсафаси;

☼    ўзбек халқининг илғор қадриятлари;

☼    улуғларимиз ҳикматлари;

☼    доно халқимиз дунёқараши;

☼    мусулмончилигимиз кўрсатмалари

 

а с о с    в а   н е г и з л а р и д а

 

–     улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган дуру гавҳар ривоятлари ва ноёб ҳикматлари,

–     буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари,

–     меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари,

–     элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари,

–     жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар,

–     замонавий олимларнинг билимлари, турли соҳа мутахассисларининг ажойиб кашфиётлари,

–     бугунги кунда ва доим керак бўладиган ҳаётий масалалар, долзарб мавзулар, қизиқарли маълумотлар ҳамда халқимиз орасида эътироф этилган мезонлар

дан

улуғ устозларимиз (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)нинг кенг, чуқур ва унумли истифода этиб, бизларга батафсил тақдим этаётган доно халқимизнинг анъанавий қадриятларини асраб авайлаш – ҳам бурчимиз, хам фарзимиз, ҳам қарзимиз!

 

Бу рўйхатни яна кўплаб давом эттириш мумкин... Бироқ фикримизни мухтасар қилган ҳолда Аллоҳдан Ўзбекистон халқининг бундай фазилатлари янада кўпайишини, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимизга сиҳат-саломатлик, оилаларимизга бахт-саодат сўраб қоламиз. 

 

Аллоҳ таборака ва таоло ҳар бир хонадонга соғлик-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, илоҳий файз-барака, кўпдан-кўп яхшиликлар ато этсин!

Илоҳо жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун, муборак динимиз камолоти ҳамда масжиду-мадрасаларимизни ободлиги учун муҳтарам Юртбошимизнинг доно раҳбарликлари остида, ҳукуматимиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб бораётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин! Турмушимиз обод, хирмонларимиз мўл, оилаларимиз мустаҳкам, болаларимиз ҳар томонлама соғлом, маънавиятимиз юксак бўлсин!

Меҳрибон Парвардигоримиз доно халқимизни доимо турли хил ўринларда ҳар хил шаклларда қилаётган яхши, хайрли, чиройли, савобли ишларини Ўз даргоҳи илоҳийсида қабул айласин! Илоҳо халқимизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, оилаларимизга файзу илоҳий, бахт-саодат, тўкин-сочин дастурхонлар насиб қилсин! Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи – эшитиб турувчи, кўриб турувчи ва билиб турувчи Зот! Ҳаммаларимизнинг дилларимиздаги ниятларимизни, қалбимиздаги орзуларимизни ва барча ҳожатларимизни ўйлаганимиздан ҳам афзали-зиёдаси билан раво қилсин!

Илоҳо деҳқончиликларимизга ва касб-корларимизга хайр-барака бериб, ишларимизда кўпдан-кўп омадлар, муваффақиятлар ва беҳисоб хурсандчиликлар ато этиб, икки дунёда ҳам азизу мукаррам айласин!

 

Иброҳимжон домла ИНОМОВ

Мақолалар