Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Август, 2025   |   9 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:48
Қуёш
05:20
Пешин
12:34
Аср
17:31
Шом
19:42
Хуфтон
21:07
Bismillah
03 Август, 2025, 9 Сафар, 1447

Тил қандай қилиб рўза тутиши мумкин?

28.05.2018   50200   7 min.
Тил қандай қилиб рўза тутиши мумкин?

Тилнинг ҳам ўзига хос рўзаси бўлиб, уни лағвдан юз ўгирувчи бандалар биладилар.  Тилнинг рўзаси рамазонда ҳам рамазондан бошқа ойларда ҳам доимий давом этади. Фақат тил рамазон ойида янада тарбияли, одобли бўлишга интилади.  Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда:


قال رسول الله لمعاذٍ : كُفَّ عليك هذا - وأشار إلى لسانه – فقال معاذ: يا نبيَّ الله ، وإنَّا لمؤاخذونَ بما نتكلم به ؟ قال : ثَكِلتْك أمُّك معاذ ، وهل يَكُبُّ الناسَ في النار على وجوههم - أو قال : على مَناخِرهم - إلا حصائدُ ألسنتهم ؟». أخرجه الترمذي.
 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга: “Мана буни тийгин, деб тилларига ишора қиладилар. Шунда Муъоз розияллоҳу анҳу: “Ё набиюллоҳ, ахир биз гапирадиган тилларимиз туфайли ҳам азобланамизми?, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Онанг сени юқотгур, Муъоз, инсонларни юз тубан жаҳаннамга улоқтирадиган нарса албатта, тилларининг ҳосили ҳисобланади”, дедилар”.

Тилнинг зарари улкан бўлиб, хатарининг кўлами эса жуда катта саналади. Тил зарарли йиртқич ҳайвон, чақувчи илон ҳамда алангаланувчи оловдир. Тилингиз ила киши айбини гапирмангки, Сизнинг ҳам барча жойингиз айб, камчиликдан иборатдир, Инсонларнинг ҳам улар ҳақида гапирадиган тиллари бордир-ку. Мана Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳам тилларига хитобан шундай деярдилар: “Эй тил, яхшиликни гапир, фойда топасан ёхуд ёмонликдан сукут сақла, омонда қоласан. Аллоҳ  таоло тилини уятсиз, бузуқ гаплардан сақлаган, ғийбатдан жиловлаган, лағвдан тийган ҳамда ҳаромдан асраган мусулмонни раҳмати ила қуршаб олсин! Аллоҳ таоло сўзларини ҳисоб-китоб қиладиган, назарини сақлайдиган, нутқини тарбиялайдиган ҳамда гапларини тартиб-интизомли қилиб юрадиган кишини раҳматига олсин!”. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:


مَّا يَلْفِظُ مِن قَوْلٍ إِلاَّ لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ

 

“У бирoр сўзни тaлaффуз қилсa, aлбaттa, унинг oлдидa ҳoзиру нoзир бўлгaн бир кузaтувчи (сўзни ёзиб oлувчи фaриштa) бoрдир”. (Қоф: 18).

Тилдан чиқадиган барча лафзу сўзлар сақланиб, ҳисоб-китоб қилинади. Инсон ўзига-ўзи зулм қилувчидир, “Рaббингиз бaндaлaргa зулм қилувчи eмaсдир”. (Фуссилат: 46).

Саҳиҳи Бухорийда Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳис салом: “Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасидаги нарсага кафил бўлса, мен унга жаннатга кафил бўламан”, деб айтдилар.

Эй инсон, тилингни эҳтиёт қилгинки, сени чақиб олмайди. Чунки у илондир. Аллоҳга қасамки, биргина айтилган хато сўз унда ҳалокати, хусрон-надомати бўлган ўлимни олиб келади. Саҳобайи киромлар Қуръон ва суннат одоби ила тарбияланган вақтлариданоқ, лафзларини тўғирлаб, гапларига риоя қила бошладилар. Уларнинг нутқлари зикр, назарлари ибрат ҳамда сукут сақлашлари эса тафаккурга айланди. Художўй, тақводор кишилар қиёмат куни Қаҳҳор зотга йўлиқишларидан қўрқиб, тилларини У зотни зикр қилишга, шукр қилишга ўргатгандилар ҳамда бузуқ, фаҳш, беҳаё  сўзлардан тийгандилар. 

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Аллоҳга қасамки, ер юзида тилдан кўра узоқ вақт ҳибс қилинишга ҳақлироқ бирор нарса йўқдир”.
Солиҳ кишилар гапиришни истардилар-да, унинг масулиятини, оқибатини, натижасини ўйлашиб, сукут сақлардилар.

Тилининг жиловини, тизгинини қўйиб юборган киши қандай қилиб рўза тутади?..

Тили  у билан вақтичоғлик қиладиган, гаплари  алдайдиган, нутқи эса йўлдан урадиган киши қаердан ҳам рўза тутиши мумкин ахир?..

Ёлғон гапирадиган, ғийбат қиладиган ҳамда кўп ҳақорат қилиб сўкинадиган шунингдек, ҳисоб-китоб кунини унутиб қўйган киши қандай қилиб рўза тутган ҳисобланади?..  

Ёлғон гувоҳлик бериб, мусулмонларга ёмонлик қилишдан тийилмайдиган киши қандай рўза тутиши мумкин?..

Саҳиҳ ҳадисда Абдуллоҳ ибн Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: 

عن عبد الله بن عَمْرو ، عن رسول الله صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم : المسلم من سلم المسلمون من لسانه ويده                                

Набий алайҳис салом: “Мусулмон – бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган киши”, деб айтдилар.

Ислом бу амал қилиш, татбиқ қилиш, дастур, бўйсуниш, тўғри йўлдан юриш ҳамда итоат этиш демакдир. Аллоҳ таоло шундай айтади:

 

وَقُلْ لِعِبَادِي يَقُولُوا الَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِنَّ الشَّيْطَانَ يَنْزَغُ بَيْنَهُمْ

 

 “Бaндaлaримгa aйтингки, улaр (ўзaрo) гўзaл (сўзлaрдaн) сўзлaсинлaр. Зeрo, шaйтoн улaрнинг ўртaлaридa бузғунчилик қилур”. (Исро: 53 ).

Гўзал сўзлар бу бирор кишининг шаклу шумоилини, шахсиятини ҳақорот қилмайдиган, мусулмоннинг обрўсини тўкмайдиган ҳамда мўминнинг ҳурматини поймол қилмайдиган ажойиб, ҳуш  сўзлар саналади. Аллоҳ таоло яна бир ояти каримада шундай дейди: 

وَلَا يَغْتَبْ بَعْضُكُمْ بَعْضًا أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَنْ يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ

 

“Бирингиз бирингизни ғийбaт қилмaсин! Сизлaрдaн бирoр киши ўлгaн бирoдaрининг гўштини ейишни xoҳлaйдими?! Уни ёмoн кўрaсиз-ку, axир!”. (Ҳужурот: 12).

Қанча-қанча рўзадорлар борки, тиллари бузилган, нутқлари ёмонлашиб, айтадиган сўзларига риоя этилмай қўйилган кундан бошлаб рўзаларини бузгандирлар.

Азизлар! Рўза тутишдан мақсад бу фақат оч қолиш билан чанқаш эмас. Балки, барча аъзоларимизни тарбия қилиш, одобга солиш демакдир.

Тилда сиз унга ҳукмронлик қилмаганингиз оқибатида ўнлаб касаллиги келиб чиқади. 1. Ёлғон гапириш. 2. Ғийбат қилиш. 3. Чақимчилик қилиш. 4. Ахлоқсиз сўзларни гапириш. 5. Сўкиниш. 6. Уятсиз гапларни гапириш. 7. Алдаш. 8. Лаънатлаш. 9. Масхара қилиш. 10. Истеҳзо қилиш ва ҳоказо...

Баъзи сўзлар борки ўз соҳибини жаҳаннамга юз тубан қулашига сабабчи бўлади. Албатта бундай сўзларнинг эгалари тилларига эрк бериб, унинг тизгинини, жиловини шундай бўш қўйган инсонлардир.
Тил яхшилик эшигига йўл бўлганидек, ёмонликка ҳам худди шундай йўлдир.
Тиллари ила Аллоҳ таолони зикр қиладиган, Ул зотга истиғфор айтиб, ҳамду сано тилайдиган ҳамда тасбеҳлар айтиб, шукр қиладиган, шунингдек, тавба қиладиган  кишилар қандай ҳам кўзнинг қувончидирлар. Аксинча, тиллари ила инсонларнинг обрўларини поймол қиладиган, ҳурматларини тўкадиган ҳамда қадру қийматларини ерга урадиган инсонлар албатта бу дунёда ҳам охиратда зиён чекувчилардир. Эй, Рўзадор азизларим, келинг тилларимизни зикр ила хўллайлик, тақво ила зийнатлайлик ва турли хил маъсиятлардан поклайлик! Эй, Аллоҳим, биз сендан содиқ тилларни, саломат қалбларни ҳамда истиқоматда бўлган хулқларни сўраймиз. Ушбу ойнинг ҳурматидан барчаларимизнинг гуноҳларимизни кечир! Омиин!

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу.

 

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Баратов Ғиёсиддин манбалар асосида тайёрлади

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар

Гуноҳларни кетказувчи 8 зикр

05.11.2024   14138   4 min.
Гуноҳларни кетказувчи 8 зикр

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким таомини еб бўлгач:

الحمدُ للهِ الذي أطعَمَني هذا الطَّعامَ ورَزَقَنيه من غيرِ حولٍ مِنِّي ولا قوةٍ

“Алҳамду лиллаҳиллазий атъаманий ҳазат тоъама ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва лаа қувватин” деб айтса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).

Маъноси: “Бу таомни менинг куч-қувватимсиз менга таомлантириб, у ила мени ризқлантирган Аллоҳга ҳамд бўлсин.

 

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким янги кийим кийганда

الحمدُ للهِ الَّذي كساني هذا ورزقنيه من غيرِ حوْلٍ منِّي ولا قوَّةٍ

“Алҳамду лиллаҳиллазий касаний ҳазас савба ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва лаа қувватин” деса Аллоҳ унинг олдинги гуноҳларини кечиради” (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).

Маъноси: Ўзгартирмасдан, қувватимни кетказмасдан менга ризқ берган ва мени кийинтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин.

 

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки азонни эшитганида:

أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ وَ أَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَ رَسُولُهُ رَضِيتُ بِاللهِ رَبًّا وَ بِالْإِسْلَامِ دِينًا وَ بِمُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ رَسُولًا

“Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу. Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама Расулан” деса гуноҳлари кечирилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Маъноси: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. У якка-ю ягонадир, унинг шериги йўқдир. Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва расули эканига ҳам гувоҳлик бераман. Аллоҳни Роббим, Исломни эса диним, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим.

 

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта “Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади, юзтанинг тамом бўлишига:

لا إلهَ إلاَّ اللَّه وحْدهُ لاَ شَرِيكَ لهُ لَهُ المُلْكُ ولَهُ الحمْدُ وَهُو عَلَى كُلِّ شَيءٍ قَدِيرٌ

“Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам, мағфират қилинади», дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ўрнига ётаётганида:

لا إله إلا اللهُ وحده لا شريك له  له الملكُ وله الحمدُ وهو على كلِّ شيءٍ قديرٌ لاحولَ ولا قوةَ إلا بالله العليِّ العظيمِ سبحان اللهِ والحمدُ لله ولا إله إلا اللهُ واللهُ أكبرُ

“Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайин қодийр. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазийм. Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” деса гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам кечирилади”, дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти).

 

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ер юзида кимда-ким:

لا إلهَ إلَّا اللهُ واللهُ أكبرُ ولا حولَ ولا قوَّةَ إلَّا باللهِ

“Лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” дер экан, унинг барча гуноҳларига каффорат бўлади, гарчи гуноҳлари денгиз кўпигидек кўп бўлса ҳам», дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир кунда юз марта “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деса унинг хатолари ҳатто денгиз кўпикларича бўлса ҳам ўчирилади», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

 

8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки:

أسْتَغْفِرُ اللهَ العَظِيمَ الَّذِي لاَ إلَهَ إلاَّ هُوَ الحَيُّ القَيُّومُ وَأتُوبُ إلَيهِ

“Астағфируллоҳал ъазиймиллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййуму ва атуби илайҳ” деса урушдан қочган бўлса ҳам гуноҳлари кечирилади», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД