Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Сентябр, 2026   |   19 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:26
Қуёш
05:49
Пешин
12:23
Аср
17:01
Шом
19:00
Хуфтон
20:19
Bismillah
01 Сентябр, 2026, 19 Рабиъул аввал, 1448

Рамазон тақво ойи

28.05.2018   46894   9 min.
Рамазон тақво ойи

Рамазон ойи ойларнинг султони, муборакли, улуғ ой бўлиб, бу ой сабабидан бандаларга жуда кўплаб яхшиликлар берилади. Бу ой инсонлар савобларини кўпайтириб ва гуноҳларидан покланиб олишга катта имкониятдир. Рамазон ойи нафсни тарбиялаш ойи бўлиб, инсон бу ойда нафсини жиловлаб олиши ва тақво ҳосил қилиши бошқа ойларга нисбатан қулайроқ ва осонроқ бўлади. Чунки, бу ойда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Шунингдек, бу ойда инсоннинг энг катта душмани бўлмиш шайтонлар кишанланади. Инсон ўзини турли гуноҳларга васваса қиладиган шайтонларнинг ёмонлигидан омонда бўлади. Шунингдек, бу ойда бундан бошқа фазилатлар ҳам бўлиб, буларнинг барчаси мусулмон кишининг гуноҳлари тўкилиб, савобларининг кўпайишига сабабчи бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: لَمَّا حَضَرَ رَمَضَانُ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: قَدْ جَاءَكُمْ رَمَضَانُ شَهْرٌ مُبَارَكٌ، افْتَرَضَ اللَّهُ عَلَيْكُمْ صِيَامَهُ، تُفْتَحُ فِيهِ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ وَيُغْلَقُ فِيهِ أَبْوَابُ الْجَحِيمِ وَتُغَلُّ فِيهِ الشَّيَاطِينُ، فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْر،ٍ مَنْ حُرِمَ خَيْرَهَا قَدْ حُرِمَ. رَوَاهُ أَحْمَدُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:

“Рамазон (ойи) келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дарҳақиқат, сизларга Рамазон, муборак ой келди. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди. Унда жаннат эшиклари очилади ва унда жаҳаннам эшиклари ёпилади. Унда шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхшироқ кеча бор. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум қилинса, батаҳқиҳ маҳрум қилинибди”, дедилар. Аҳмад ривоят қилган.

Бу ҳадисда қуйидаги фазилатлар санаб ўтилди:

  1. Рамазон ойи муборакли ойдир. Чунки, бу ойда Аллоҳ таолонинг бандаларига раҳмати, мағфират кенг бўлади. Бу ойда қилинган нафл амалларнинг савоби бошқа ойдаги фарз амаллар савобига тенг бўлади. Бу ойдаги фарз амалларининг савоби бошқа ойдаги фарз амалларидан етмиш баробар ортиқроқ бўлади. Мана шу барокотлар сабабли инсон бу ойда кўпроқ ибодат қилишга ҳаракат қилади ва натижада, унинг Аллоҳга бўлган тақвоси зиёда бўлади.
  2. Бу ойда Аллоҳ таоло рўза тутишни фарз қилди. Инсон бу ойда рўза тутар экан, бу аснода нафсини сабрга ўргатади. Кундузлари ейиш, ичиш ва аёлига жимоъ қилишга сабр қилса, кечалари эса, тунларни ибодат билан ўтказиб, бедорликка сабр қилади, буларнинг барчасига сабр қилиш Аллоҳга бўлган тақво эмасми?
  3. Бу ойда жаннат эшиклари очилади. Яъни, Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилади ва раҳмат фаришталари нозил бўлади. Бу ойда рўза тутиб ва тунларда ибодат қилган кишиларнинг жаннатга кириши кўп бўлади. Шунга кўра, инсон ибодатларини кўпайтиради ва жаннатга интилади. Ибодатларнинг кўпайиши эса, инсоннинг Аллоҳга бўлган тақвосини зиёда қилиб бораверади.
  4. Рамазон ойида жаҳаннам эшиклари ёпилади. Бу улуғ ой ҳурматидан жаҳаннам эшиклари ёпилади. Яъни, жаҳаннамга киритиш ортга сурилади. Бу ҳам бир имконият бўлиб, гуноҳларга тавба қилиб, савобларни кўпайтириб олиш керак бўлади.
  5. Бу ойда шайтонлар кишанланади. Шайтонларнинг занжирбанд қилиниши жуда ҳам улуғ нарсадир. Чунки, инсон қиладиган ҳар бир гуноҳ ишнинг ортида шайтоннинг васвасаси бор. Шайтон кишанланса, инсон васваса қилувчидан омонда бўлади. Бу эса, Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган катта имконият бўлиб, шу имкониятдан фойдаланиб, Аллоҳга бўлган тақвосини зиёда қилиб олишга интилиши лозим бўлади.
  6. Бу ойда мингта ойдан яхшироқ бир кеча бор. Рамазон ойининг хусусиятларидан яна бири, бу ойда “Қадр кечаси”нинг борлигидир. Бу кеча сабабли инсоннинг барча гуноҳлари мағфират қилинади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ  صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : « مَنْ قَامَ لَيْلَةَ القَدْرِ إيمَاناً وَاحْتِسَاباً غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ » . مُتَّفَقٌ عَلَيْهِِ .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қадр кечасида иймон келтирган ва савоб умид қилган ҳолда қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”. Муттафақун алайҳ.

Демак, юқоридаги санаб ўтилган фазилатлар сабабидан инсон бу амалларга интилади ва ўзини яхшигина тарбия қилади. Натижада, у ўз нафсини енгади ва унда Аллоҳга бўлган тақвоси кучаяди.

Шунингдек, бу ойда инсон рўза тутиш ва кечаларда ибодатлар билан қоим бўлиш билан бирга турли хил гуноҳ ишларни қилишдан ўзини сақлаш ҳам керак. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنِ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الصِّيَامَ جُنَّةٌ فَإِذَا كَانَ أَحَدُكُمْ صَائِمًا فَلَا يَرْفُثْ وَلَا يَجْهَلْ فَإِنْ امْرُؤٌ شَاتَمَهُ أَوْ قَاتَلَهُ فَلْيَقُلْ: إِنِّي صَائِمٌ. رَوَاهُ أَحْمَدُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тўсиқдир. Сизлардан бирингиз рўзадор бўлса, беҳаё сўзларни гапирмасин ва жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар бирор киши у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса: “Мен рўзадорман”, деб айтсин”, дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.

Яна бир бошқа ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ فِي أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон сўзни ва унга амал қилишни тарк қилмаса, таоми ва шаробини тарк қилишида Аллоҳ учун ҳожат йўқдир”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.

Демак, рўза тутадиган киши, ёлғон, ғиёбат, туҳмат ва беҳаё гапларни гапиришдан ва бировларга озор беришдан сақланиши лозим бўларкан. Акс ҳолда унинг рўза тутиши ва кечаларда қоим бўлишидан унга манфаат бўлмайди. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: كَمْ مِنْ صَائِمٍ لَيْسَ لَهُ مِنْ صِيَامِهِ إِلَّا الْجُوعُ وَكَمْ مِنْ قَائِمٍ لَيْسَ لَهُ مِنْ قِيَامِهِ إِلَّا السَّهَرُ.رَوَاهُ أَحْمَدُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қанчадан қанча рўзадор борки, у учун рўзасидан фақатгина очлик бўлади ва қанчадан қанча тунда қоим бўлувчи борки, у учун унинг қиёмидан фақатгина бедорлик бўлади холос”, дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.

Демак, инсоннинг тутган рўзаси ва тунлардаги ўқиган таровийҳ намозлари мукаммал тарзда қабул бўлиши учун, тили ва бошқа аъзолари томонидан содир бўладиган гуноҳлардан ўзини сақлаши лозим бўларкан. Бу гуноҳ ишларни тарк қилиш билан, инсон ўз нафсини жиловлайди ва тақвосини зиёда қилади.

Шунингдек, Рамазон Қуръони Карим ойи бўлиб, бу ойда Қуръони Каримни кўплаб тиловат қилиш суннат амалдир. Чунки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Рамазон ойида Жаброил алайҳиссаломга Қуръонни ўқиб берардилар. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَجْوَدَ النَّاسِ بِالْخَيْرِ وَكَانَ أَجْوَدُ مَا يَكُونُ فِي رَمَضَانَ حِينَ يَلْقَاهُ جِبْرِيلُ وَكَانَ جِبْرِيلُ عَلَيْهِ السَّلَام يَلْقَاهُ كُلَّ لَيْلَةٍ فِي رَمَضَانَ حَتَّى يَنْسَلِخَ يَعْرِضُ عَلَيْهِ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْقُرْآنَ فَإِذَا لَقِيَهُ جِبْرِيلُ عَلَيْهِ السَّلَام كَانَ أَجْوَدَ بِالْخَيْرِ مِنْ الرِّيحِ الْمُرْسَلَةِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ .

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У киши айтди:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий пайтлари Рамазонда ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келган бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон чиқиб кетгунича ҳар кеча у зот билан учрашар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни ўқиб берардилар. Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашганда, эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар”. Бухорий ривоят қилган.

Демак, бу ойда Қуръони Карим бошқа ойларга нисбатан кўпроқ тиловат қилинади. Қуръон қанча кўп ўқилса, инсонда Аллоҳ таолога бўлган муҳаббати ва тақвоси зиёда бўлади. Унга сакийна тушади ва уни раҳмат фаришталари қуршаб олади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Рамазон ойи Аллоҳ таоло томонидан бизга берилган катта имконият ойидир. Бу ойда ҳар қанча тоат-ибодат қилиб, гуноҳлардан ўзимизни сақлайдиган бўлсак, охиратимиз учун улкан захийрага эга бўламиз. Шунингдек, нафсимизни поклаб, ибодатларда бардавом бўлишни одат қилиб оламиз. Шунга кўра, Рамазондан кейин ҳам шу ибодатларда давомли бўлиш осон бўлади.

 

“Кўкалдош” Тошкент ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Мадаминов Шокиржон.

 

 

 

 

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Фидокорона хизмат эътирофсиз қолмайди

11.08.2026   42003   1 min.
Фидокорона хизмат эътирофсиз қолмайди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги "Кўкалдош" ўрта махсус ислом таълим муассасасида кўп йиллар ҳалол ва фидокорона меҳнат қилган ходимамиз Аҳмаджонова Нилуфар Ҳабибуллаевнанинг 50 ёшлик юбилейи муносабати билан таълим муассасаси ҳамда касаба уюшмаси томонидан тадбир ўтказилди.
Тадбирда таълим муассасаси мудири М. Эркаев, ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Н. Джалолов ва манавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари, таълим муассасаси касаба уюшмаси раиси А.Ғаниев иштирок этишди. Муассаса мудири М. Эркаев муҳтарама опамизни шахсан ўзи табрикнома билан тақдирлади. Эсдалик совғалари билан ҳам мукофотланди.
Нилуфар опа ҳар куни тонг саҳардан илм даргоҳига келиб, унинг озода, шинам ва покиза бўлишига йилларида сабр, ихлос ва садоқат билан ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бундай камтарин, аммо қадри баланд меҳнат барчамиз учун ибрат намунасидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Покизалик иймондандир", деб марҳамат қилганлар. Илм ва марифат масканининг таъминлаш — талабалар устозларнинг тинч, тоза ва баракали илм олишига муносиб ҳисса қўшадиган эзгу ишдир. Ана беминнат хизмат ҳар қандай эътироф ва эҳтиромга лойиқдир.
Билим юртимиз ўз ёрдамга ғамхўрлик қилишни муҳим бурч деб билади. Зеро, илм даргоҳига қилинган ҳар бир хизмат — Аллоҳнинг розилиги йўлидаги савобли амалдир. Ким илм аҳлига ва илм масканига хизмат қилса, ўша илмдан таралаётган эзгуликнинг ажридан баҳраманд бўлиши умид қиламиз.
Муҳтарама опамизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, узоқ умр, оила бахти ва ишларида барака тилаймиз. Аллоҳ таоло ҳалол меҳнатларини ажру мукофотсиз қолдирмасин, қилган эзгу ишлари ва меҳнатларининг роҳатини кўриш узоқ йиллар давомида насиб этсин!
 

"Кўкалдош" ўрта махсурс ислом таълим муассасаси
матбуот хизмати

Фидокорона хизмат эътирофсиз қолмайди Фидокорона хизмат эътирофсиз қолмайди
Ўзбекистон янгиликлари