Рамазон ойи ойларнинг султони, муборакли, улуғ ой бўлиб, бу ой сабабидан бандаларга жуда кўплаб яхшиликлар берилади. Бу ой инсонлар савобларини кўпайтириб ва гуноҳларидан покланиб олишга катта имкониятдир. Рамазон ойи нафсни тарбиялаш ойи бўлиб, инсон бу ойда нафсини жиловлаб олиши ва тақво ҳосил қилиши бошқа ойларга нисбатан қулайроқ ва осонроқ бўлади. Чунки, бу ойда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Шунингдек, бу ойда инсоннинг энг катта душмани бўлмиш шайтонлар кишанланади. Инсон ўзини турли гуноҳларга васваса қиладиган шайтонларнинг ёмонлигидан омонда бўлади. Шунингдек, бу ойда бундан бошқа фазилатлар ҳам бўлиб, буларнинг барчаси мусулмон кишининг гуноҳлари тўкилиб, савобларининг кўпайишига сабабчи бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: لَمَّا حَضَرَ رَمَضَانُ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: قَدْ جَاءَكُمْ رَمَضَانُ شَهْرٌ مُبَارَكٌ، افْتَرَضَ اللَّهُ عَلَيْكُمْ صِيَامَهُ، تُفْتَحُ فِيهِ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ وَيُغْلَقُ فِيهِ أَبْوَابُ الْجَحِيمِ وَتُغَلُّ فِيهِ الشَّيَاطِينُ، فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْر،ٍ مَنْ حُرِمَ خَيْرَهَا قَدْ حُرِمَ. رَوَاهُ أَحْمَدُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:
“Рамазон (ойи) келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дарҳақиқат, сизларга Рамазон, муборак ой келди. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди. Унда жаннат эшиклари очилади ва унда жаҳаннам эшиклари ёпилади. Унда шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхшироқ кеча бор. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум қилинса, батаҳқиҳ маҳрум қилинибди”, дедилар. Аҳмад ривоят қилган.
Бу ҳадисда қуйидаги фазилатлар санаб ўтилди:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : « مَنْ قَامَ لَيْلَةَ القَدْرِ إيمَاناً وَاحْتِسَاباً غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ » . مُتَّفَقٌ عَلَيْهِِ .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қадр кечасида иймон келтирган ва савоб умид қилган ҳолда қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”. Муттафақун алайҳ.
Демак, юқоридаги санаб ўтилган фазилатлар сабабидан инсон бу амалларга интилади ва ўзини яхшигина тарбия қилади. Натижада, у ўз нафсини енгади ва унда Аллоҳга бўлган тақвоси кучаяди.
Шунингдек, бу ойда инсон рўза тутиш ва кечаларда ибодатлар билан қоим бўлиш билан бирга турли хил гуноҳ ишларни қилишдан ўзини сақлаш ҳам керак. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنِ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الصِّيَامَ جُنَّةٌ فَإِذَا كَانَ أَحَدُكُمْ صَائِمًا فَلَا يَرْفُثْ وَلَا يَجْهَلْ فَإِنْ امْرُؤٌ شَاتَمَهُ أَوْ قَاتَلَهُ فَلْيَقُلْ: إِنِّي صَائِمٌ. رَوَاهُ أَحْمَدُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тўсиқдир. Сизлардан бирингиз рўзадор бўлса, беҳаё сўзларни гапирмасин ва жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар бирор киши у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса: “Мен рўзадорман”, деб айтсин”, дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.
Яна бир бошқа ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ فِي أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон сўзни ва унга амал қилишни тарк қилмаса, таоми ва шаробини тарк қилишида Аллоҳ учун ҳожат йўқдир”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Демак, рўза тутадиган киши, ёлғон, ғиёбат, туҳмат ва беҳаё гапларни гапиришдан ва бировларга озор беришдан сақланиши лозим бўларкан. Акс ҳолда унинг рўза тутиши ва кечаларда қоим бўлишидан унга манфаат бўлмайди. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: كَمْ مِنْ صَائِمٍ لَيْسَ لَهُ مِنْ صِيَامِهِ إِلَّا الْجُوعُ وَكَمْ مِنْ قَائِمٍ لَيْسَ لَهُ مِنْ قِيَامِهِ إِلَّا السَّهَرُ.رَوَاهُ أَحْمَدُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қанчадан қанча рўзадор борки, у учун рўзасидан фақатгина очлик бўлади ва қанчадан қанча тунда қоим бўлувчи борки, у учун унинг қиёмидан фақатгина бедорлик бўлади холос”, дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.
Демак, инсоннинг тутган рўзаси ва тунлардаги ўқиган таровийҳ намозлари мукаммал тарзда қабул бўлиши учун, тили ва бошқа аъзолари томонидан содир бўладиган гуноҳлардан ўзини сақлаши лозим бўларкан. Бу гуноҳ ишларни тарк қилиш билан, инсон ўз нафсини жиловлайди ва тақвосини зиёда қилади.
Шунингдек, Рамазон Қуръони Карим ойи бўлиб, бу ойда Қуръони Каримни кўплаб тиловат қилиш суннат амалдир. Чунки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Рамазон ойида Жаброил алайҳиссаломга Қуръонни ўқиб берардилар. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَجْوَدَ النَّاسِ بِالْخَيْرِ وَكَانَ أَجْوَدُ مَا يَكُونُ فِي رَمَضَانَ حِينَ يَلْقَاهُ جِبْرِيلُ وَكَانَ جِبْرِيلُ عَلَيْهِ السَّلَام يَلْقَاهُ كُلَّ لَيْلَةٍ فِي رَمَضَانَ حَتَّى يَنْسَلِخَ يَعْرِضُ عَلَيْهِ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْقُرْآنَ فَإِذَا لَقِيَهُ جِبْرِيلُ عَلَيْهِ السَّلَام كَانَ أَجْوَدَ بِالْخَيْرِ مِنْ الرِّيحِ الْمُرْسَلَةِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ .
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У киши айтди:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий пайтлари Рамазонда ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келган бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон чиқиб кетгунича ҳар кеча у зот билан учрашар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни ўқиб берардилар. Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашганда, эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар”. Бухорий ривоят қилган.
Демак, бу ойда Қуръони Карим бошқа ойларга нисбатан кўпроқ тиловат қилинади. Қуръон қанча кўп ўқилса, инсонда Аллоҳ таолога бўлган муҳаббати ва тақвоси зиёда бўлади. Унга сакийна тушади ва уни раҳмат фаришталари қуршаб олади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Рамазон ойи Аллоҳ таоло томонидан бизга берилган катта имконият ойидир. Бу ойда ҳар қанча тоат-ибодат қилиб, гуноҳлардан ўзимизни сақлайдиган бўлсак, охиратимиз учун улкан захийрага эга бўламиз. Шунингдек, нафсимизни поклаб, ибодатларда бардавом бўлишни одат қилиб оламиз. Шунга кўра, Рамазондан кейин ҳам шу ибодатларда давомли бўлиш осон бўлади.
“Кўкалдош” Тошкент ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Мадаминов Шокиржон.
Имом Суфён ибн Саъид Саврий раҳматуллоҳи алайҳ ўз замонида ҳадис ривоят қилувчиларнинг кўпайиб кетганини зикр қилиб, шундай деган: “Бир кемада бир нечта бошлиқ денгизчи бўлса кема ғарқ бўлади!”. Айни шу гапни ҳозирги кунда шариатнинг номидан гапириб фатво бериб юрганларга ҳам қарата айтса бўлади. Саҳобалар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – Қуръони карим нозил бўлиш даврига ҳамаср бўлсалар ҳам, шариатни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни шахсан ўзларидан ўрганган бўлсаларда, шариат номидан бирон гап айтишга шошилмаганлар. Улардан бирон масала сўралса, хато гапириб қўйишдан қўрқиб, ўзларидан илмлироқ бўлганларга ҳавола қилиб юборардилар. Саҳиҳ Муслимда ривоят қилинади: Бир киши Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан масала сўради. У эса: “Буни Баро ибн Озибдан сўрагин”, деди. Баро ибн Озиб эса: “Зайд ибн Арқамдан сўра”, деган экан. Абу Муҳаммад Ромаҳурмузий “Ал-Муҳаддис ал-фосил” китобида Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан қуйидагини ривоят қилади: “Мен ушбу масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир юз йигирмадан ортиқ ансор саҳобалар билан кўришганман. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ривоят қилиш масъулиятини билганлари сабабли ўрнига бошқа киши ҳадис айтиб беришини истар эдилар. Шуниндек, улардан биронтасидан бирон масала сўралса, ўрнига бу масалада бошқа илмлироқ киши жавоб беришини ҳохлардилар. Имом Шаъбийдан бир киши: “Агар сизлардан бирон савол сўралса қандай жавоб берардингизлар?”, деб сўраган экан. Шаъбий роҳматуллоҳу алайҳ: “Агар кимдир биздан бир савол сўраса, биз ёнимиздаги шергимизга, сен жавоб бер, деб ҳавола қилар эдик. Шу тариқа савол яна биринчи сўралган кишига қайтиб келар эди”, деб жавоб берган эканлар.
Агар салафи солиҳлар илмни яшириб қўйиш гуноҳидан қўрқмаганларида эди, умуман фатво беришга журъат ҳам қилмаган бўлар эдилар. Бу борада салаф уламолардан жуда кўп ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар фатво бериш масъулиятидан нақадар эҳтиёткор бўлганларини яққол кўрсатиб беради. Аммо бугунги кунда аҳвол бутунлай бошқача, одамлар фатво беришга ошиқадиган, масъулиятни ўйламай, бир-бири билан биринчи бўлиб саволга жавоб беришга мусобақалашадиган бўлиб қолдилар. Шунингдек, мазҳабсизликни даъво қилувчи гуруҳларнинг ҳар бир мавъиза ва насиҳат мажлисида ҳам ақида ва фиқҳ масалаларида асоссиз фатволар кўп айтилади. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда оддий бир ҳайдовчи ҳам энг мураккаб ва чуқур масалаларда одамларга фатво беришдан тортинмайди. “Мен катта бобомдан эшитганларим бор”, ёки “Уйимдаги эски китоблардан ўқиб олганман”, деб ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилиб қўйиш ҳолатлари жуда кўп. Бу каби шахсиятлар ўқиган китобидаги маълумотлар ёки эшитган гаплари ҳақиқатга қанчалик мос, адашиш ва оғишлардан холи экани текшириб ўтирмайдилар ҳам. Аслида, бундай масалаларда ҳатто катта уламолар ҳам хато қилиб қўйиши мумкин, қолаверса, оддий устоз кўрмаган шахсиятлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Энг хатарли томони шундаки, агар китоблар устозларнинг назоратисиз ўқилса, турли манбалардан чиққан фатволар бир масалада “шариат номидан” бири ҳалол, бири ҳаром, бири тўғри, бири нотўғри, деб чиқарверади. Бу эса бирдам, хотиржам жамиятнинг парчаланишига, одамларнинг шариатга нисбатан беэътибор бўлиб қолишига олиб келади. Оқибатда, уммат қалбидан фатвонинг ҳурмати, шариатнинг улуғворлиги ва уламоларнинг обрў-эътибори сўниб боради. Ҳар ким ўзича фатво беравириши сабабли одамлар орасида, масжид имомлари ва юрт уламолари ҳақида “Буларни фақат ойлик оладиган пайтидагина эшитамиз”, “Буларнинг барчаси ҳақни гапира олмайдилар”, деган гаплар кенг тарқаб қолди. Аслида бу гапларни тарқатганларнинг мақсади мусулмонлар орасида низо ва фитна уруғини сочиш, ўз юртининг уламоларининг гапига ишонмайдиган ҳолатга олиб келиб қўйишдир. Натижада мусулмонлар биродар бўлиб елкадош туриш ўрнига, ўзаро жанжаллашиб, бир-бирини ёмонлаб, душманлашиб кетадилар.
21 аср ижтимоий тармоқ асри деб айтамиз. Мусулмонлар диний масалаларда жавоб олиш учун ижтимоий тармоққа мурожат қилишлари табиий. Ҳечким, буни инкор ҳам қилолмайди, қолаверса бу ишни ман қилиб қўйиш мантиққа тўғри келмайдиган иш. Лекин, азиз халқимиз билиши лозим бўлган нарса шуки, ижтимоий тармоқлардан бериладиган аксар фатво ва саволларга жавоблар Ўрта Осиёда амалда бўлиб турган ҳанафий мазҳабига тамоман зид бўлади. Бу фатволарда келтирилаётган ҳадислар ва шунга ўхшаш сиз номини биринчи маротаба эшитаётган китоблардан келтирилган нақллар сизни алдаб қўймасин. Аслида эса бу фикр на бирор саҳобадан, на бирор тобеиндан, на салaф уламоларидан ҳеч биридан ривоят қилинмаган бўлади.
Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг фатвоси, ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг қози сифатида чиқарган ҳукми, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақллар, Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг амали ва Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг тутган йўли ишончли ривоятлар билан бизгача етиб келган. Қолаверса, буларнинг барчаси саҳобалар орасида эътирозсиз қабул қилинган. Демак, саҳобаларнинг барчаси ҳам ўзларича ижтиҳод қилмаганлар, балки ичларидаги энг илмли кишиларга эргашганлар. Шунингдек, тобеинлар ва улардан кейинги авлод фуқаҳоларининг ижмоси ҳам бор. Бу ижмоъ уларнинг фатволари асосида тузилган манбаларда очиқ кўринади. Бу каби манбалар сифатидан Абдурраззоқ, Вакиънинг ва Ибн Абу Шайбанинг “Мусаннаф”лари, Саид ибн Мансурнинг, Байҳақийнинг “Сунан”лари, Ибн Абдулбаррнинг “Тамҳид”и ва “Истизкор”и каби асарларни кўрсатиш мумкин. Буларнинг барчаси ушбу масалада соҳта салафий ва бемазҳаблар томонидан айтилган шоз, яъни барчага хилоф гапларни мутлақо инкор қилади. Бундай масала ҳақида илм аҳли бўлган инсон, юқорида зикр этилган манбаларга ўхшаш китобларни кўрмасдан туриб, гапиришга ҳақли эмас. Саҳобалар ва тобеинларга нисбат бериладиган фикрларнинг манбаи айнан шу каби китоблардир. Кимки бу асарларни кўрмасдан туриб, бирор фикрни саҳоба ёки тобеинларга нисбат берса, у илм аҳли олдида уятли ҳолатга тушади ва уларнинг назарида қадри тушади. Бу эса қандай оғир оқибатларга олиб келишини тушуниш қийин эмас.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бирон масалада фикр билдиришдан эҳтиёт бўлинг. Унутманг илм ота-боболардан мерос бўлиб қолмайди. Илм китоблардан, устозлардан ўрганилади. Демак, етти аждодингиз уламолар катта эшон боболар бўлса ҳам сизда бирон масалада шариат номидан гапиришга ҳаққингиз йўқ. Қолаверса, охиратининг ғами бўлган мусулмон одам фатво беришдан жуда эҳтиёт бўлиши керак. Зеро, хато айтилган бир фатвонинг оқибати жаҳаннам бўлиши ҳеч гап эмас. Гапимизини Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақлни келтириб тугатамиз. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизлар орасида фатво беришга энг журъатли бўлганингиз — дўзахга киришга ҳам энг журъатли бўлганингиздир”. (Доримий ривояти).
Маҳмуджон Мухторов
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси