Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг рўза ва рўзадорлар ҳақида кўплаб гўзал башорат-хушхабарлар берганлар. Жумладан, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлашлиги Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби орттириб берилади ва гуноҳи кечирилгандир”, деб марҳамат қилдилар.
Рамазон бу шундай муборак ойки, бу ойда рўза тутиш ибодат, рўза ҳолатда ухлаш ибодат, ҳатто гапирмасдан жим туриш ҳам ибодат, ифторликда таом тановул қилса ҳам ибодатдир. Зотан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу Рамазон ойи барака ойидир”, деб бежизга айтмадилар.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Рўзадорнинг уйқуси ҳам ибодатдир” дедилар, яъни рўзадор одам оиласининг нафақаси учун ишлаб меҳнат қилса ва чарчаганидан пешиндан кейин ёки асрдан сўнг бироз мизғиб олса, уни Аллоҳ таоло ҳар бир чиқарган нафаси учун зикр қилди, деб номаи аъмолига ёзиб қўяди. Рўзадорнинг мартабасига қаранг. Аллоҳ таоло рўзадор бандасини қандай азиз қилиб қўйди!
Шунингдек, Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рўза тутган кишининг гапирмаслиги, жим туришлиги тасбеҳдир”, дедилар. Яъни, рўзадор одам олдин ҳар хил номақбул сўзларга ўрганган бўлса, энди бу одатини тарк этиб яхши сўз, бўлмаса жим туриши лозимлиги тушунтирилмоқда. Мана шу ҳолда Парвардигори олам у инсонга сукут сақлагани учун «“Субҳаналлоҳ” деди», деб ҳисоблайди. Ҳадиснинг давомида келади “Рамазонда қилинган савобли ишларнинг ажри орттирилади”, дейилади. Яъни, Рамазонда қилинган ибодатлари, бошқа вақтларда қилинган ибодатлари билан бир хил бўлса-да, аммо муборак ойда қилинган хайрли ишларнинг савоби етмиш даража кўтарилади. Бу жуда катта мукофотдир. Рамазонда ҳар тун 20 ракаат таровеҳ намози ўқилади. Бу 1400 ракаат намоз ўқилганнинг ажри берилади деганидир. Ҳамда бу ойда садақалар, хайрли ишлар, зикрлар 70 маротаба зиёда қилинади. Шунинг учун ҳам инсонлар закотларини ушбу муборак Рамазон ойида адо этадилар. Чунки Рамазон ойида қилинган ҳар бир эзгу амалга 70 марта кўп савоб берилади.
Ва яна ҳадисда рўзадорнинг сифатлари зикр этилиб: “Рўзадорнинг дуоси мақбулдир” дейилади. Чунки у Аллоҳ таоло яхши кўрган банда бўлишга интилмоқда. У Парвардигори учун кундузи ейиш, ичиш ва оилавий муносабатдан узоқлашади. Раббиси учун нафсининг кучли орзуларини тарк этади. У Аллоҳ таоло учун фидокорлик қилганлиги сабабли ҳам Худои таоло унинг дуосини ижобат қилади.
Ҳадиснинг охирида Сарвари коинот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Рўзадорнинг гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилдилар. Рўза тутган мусулмон мағфират даҳасида кўпроқ истиғфор айтса, албатта, гуноҳлари кечирилади. Бошқа бир ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилган:
“Сизларга Рамазон ойи келди, барокот ойи келди. Унда кўп яхшиликлар бор. Сизларни Аллоҳ таоло Ўз раҳматига ғарқ қилади. Хатоларингизни кечириб, дуоларингизни ижобат қилади. Бу Рамазон ойида ибодат борасида қиладиган мусобақаларингизга Парвардигорларингиз рози ҳолда қараб туради. Бу ишларингиз билан Аллоҳ таоло фаришталарга мақтанади. Шунинг учун бу ойда Парвардигорларингизга ўзларингизни яхши томонларингизни кўрсатинглар. Чунки фақат бадбахт инсонгина Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлади”.
Кўпчилигимиз шу баракотли ой туфайли номақбул амалларимизни тарк қиламиз. Шунингдек, бу муборак ойда ажру мукофотлари беҳисоб эканлигига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу сўзлари далилдир:
“Бандаларим фармонимни тутиб, ейиш, ичиш ва ҳамма хоҳишдан кечдилар, шунинг учун уларнинг ажру савобларини ўзим бераман”.
Бу ойнинг фазилатларидан яна бири, рўзадор қандай инсон бўлишидан қатъи назар унинг дуоси, албатта, ижобат бўлади. Чунки бу ойда рўзадор инсонга Аллоҳ Ўз раҳмат назари билан қарайди ва фақат У учун тутилган холис рўзадорни дуосини ижобат қилади. бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай дейилади:
“Уч тоифа кишининг дуоси рад этилмайди. Улар: Рўзадорнинг оғзини очгунча қилган дуоси, одил имомнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси”
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек, ушбу ойда бизлар Аллоҳга ўзимизнинг энг яхши томонларимизни кўрсатишимиз, ажру мукофотлар эга бўлиш учун кўпроқ хайрли амалларни қилишимиз зарурдир. Чунки Сарвари коинотнинг ўзлари бу ойда жуда саховатпеша бўлганлар ва биз умматларга ҳам шуни таълим берганлар.
Ушбу ҳадиси шарифлардан кўриниб турибдики, бу ойнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, эзгу ишлар қилишга шошилишимиз, шайтонлар кишанланган пайтда ёмон одатларимиздан қутулишимиз, истиғфору тасбеҳларни кўпайтириб, номаи аъмолларимизни ажру ҳасанотларга тўлдиришимиз, кўпроқ хайру эҳсонлар қилиб, савоблар шодасига эга бўлишимиз лозим экан.
Ҳошимжон Низомиддинов,
Тошкент ислом институти талабаси
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси