Динимизда тақиқланган нарсаларнинг барчасида инсон соғлигига ёки жамиятга зарарлари бор. Аксинча, уларга ман этилмаган нарсаларда фойдалари жуда кўп. Дин устунларидан бири бўлмиш рўза ибодати ҳам инсон саломатлигига бу дунёда келтирадиган манфаатлари кўп бўлиши билан бирга, охират сармояси ҳамдир. Рўза жисмнинг закоти экан, бу ойда тугал рўза тутган одам танаси ва руҳидаги ўзгаришларнинг ижобийлигини ҳис этади.
Рўза барча аъзоларни сақлайди, Унинг инсон саломатлигини мустаҳкамлаши борасидаги фойдалари ҳақида кўп гапирилган. Рўза ошқозон ва ичакларни ортиқча чириндилардан тозалайди, у туфайли ҳазм қилиш тизими маълум муддат ором олади. Рўза парҳездан ҳам устун туради. Ичак ва йўғон ичакларида яллиғланиши бор беморлар рўзанинг фойдасини сезишади. Рўзада таомланиш бир тартибга тушади.
Рўза нафс ва руҳни поклайди, камбағал ва муҳтожларга меҳр кўрсатишни ўргатади, шаҳватларга берилишдан қайтаради, нафсни ростгўйлик, ғазаб қилмаслик каби хулқларга эриштиради, тинчлик, муҳаббат ва поклик руҳини беради. Баъзи докторлар қанд, бўғим ва бошқа турли касалликларни даволашда рўзадан кенг фойдаланишган.
Инсон организми асаб тизимига қараб турлича бўлади. Инсон танасидаги ортиқча вазн сабабидан ҳам касаллик сеза бошлайди, пешоб йўлида тўпланган тошларни эритишда, оқсил ва крахмал моддаларининг кўпчиш ҳолатига сабаб бўлувчи ошқозон безовталигида рўза ҳам кўп фойда беради.
Рўза ибодати инсоннинг соғлигига қанчалик фойдали бўлса, унинг руҳи – қалбига ҳам шунчалик манфаатли. Буни қуйидаги маълумотлардан билиб олишимиз мумкин. Набий (алайҳиссалом): “Огоҳ бўлинглар! Ҳамманинг жисмида бир бўлак гўшт бўлади. Агар у салоҳиятли бўлса, бутун жасад салоҳиятли бўлади. Агар у фасод (айниса, яроқсиз) бўлиб қолса, бутун жасад фасодли бўлади. Огоҳ бўлинг у қалбдир”, дедилар.
Демак, рўза билан қалбимизни ислоҳ қилсак, бутун жасадимизни ислоҳ қилган бўламиз. Қалбимизнинг салоҳиятли бўлиши эса, дунё ва охиратдаги саодатимиз. Унинг фасод бўлиши натижасида қандай ҳалокатга юз тутишини Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи билади.
Қалбимиз нафақат Рамазон ойида балки, бошқа ойларда ҳам Рамазон ойидагидек рўза тутиши керак. Унинг рўза тутиши эса ширк амаллар, нотўғри эътиқод, ёмон ва ёвуз ниятлар ва маҳзунликлардан узоқ бўлишидир. Зеро, қалбимиз Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат билангина тирик бўлади, чироқ каби чарақлайди, қуёш каби нур сочади ва тонг каби ярақлайди.
Қалбимиз Қуръони каримни эшитиши билан имон нури, тафаккур қилиши билан ишончи ва атроф-муҳитга ибрат назари билан боқиши натижасида ҳидояти зиёдалашиб боради, манманликдан тийилади. Чунки кибр – қалб рўзасини бузади.
Шуни эсда тутиш лозимки, касални даволаш учун муолажа қанчалик зарур бўлса, парҳез ҳам шунчалик зарур. Гуноҳлардан парҳез қилиб, Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат қилиш орқали мақсадимиз ҳосил бўлади.
Инсон соғлиғига оид рўза ҳақидаги мазкур маълумотлар Аллоҳ таоло биздек ожиз бандаларига билдирганларидир. Биз билмаган яна қанча манфаатлари ва ҳикматлари бор, бу У Зотнинг ёлғиз Ўзига аён.
Қорақалпоғистон мусулмонлар қозиёти қозиси
Ш.Бауатдинов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ