Юртимизга эзгуликлар баракотини ёғдириб давом этаётган моҳи Рамазон юртдошларимиз қалбида эзгу амалларга интилиш рағбатини уйғотмоқда. Рамазон шарофатидан руҳланган диллар меҳр-оқибат , ўзаро иззат-ҳурмат ва дўст биродарлик туйғулари билан покланмоқдалар.
Рамазон ойининг улуғлиги ҳақида барча оммавий ахборот воситалари орқали маърифий тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Айниқса «Namangantoday.uz» муҳарририяти томонидан тайёрланаётган туркум материаллар ўзининг мазмундорлиги билан эътиборга сазовор. «Namangantoday.uz» навбатдаги кўрсатувридан бирини «Ўттиз айём жилоси» деб номлабдики, унда Рамазон ойининг фазилатлари ўзига хос даъваткорлик билан композициялаштирилган. Уламоларимизнинг илмий асосланган маълумотлари, тасвирдаги манзаралар билан уйғун. Бу каби жиҳатлар кўрсатувнинг маърифий қимматини оширган.
Манба: http://namtoday.uz
Озарбайжонда бўлиб ўтган Саййид Яҳё Бокувийнинг бой маънавий меросига бағишланган халқаро илмий-амалий конференциянинг ёпилиш маросими рамзий маънога эга бўлган тарихий Ағдам шаҳрида ўтказилди. Унда туркий давлатлар, араб-мусулмон мамлакатлари диний пешволари, уламолар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугунги мураккаб даврда тинчлик ва ҳурлик энг бебаҳо неъмат эканини алоҳида таъкидлаб, уммат бирлиги, ҳамжиҳатлик ва диний-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш заруратига тўхталдилар. Шунингдек, давлат Раҳбарлари ўртасидаги самимий биродарлик ва олий даражадаги ўзаро ташрифлар халқларимиз тарихида янги саҳифа очганини эътироф этдилар.
Йиғилишда Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода ҳам сўзга чиқиб, яқинда бўлиб ўтган Озарбайжон етакчисининг Ўзбекистонга тарихий ташрифи ва имзоланган "Абадий дўстлик шартномаси" қардошлик муносабатларимизни янги босқичга олиб чиққанини таъкидлади.
Анжуман якунида Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода жанобларининг таклифига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари йиғилганлар ва бутун ислом уммати ҳаққига хайрли дуолар қилдилар. Муфтий ҳазратлари ўз дуоларида эл-юртларимиз тинчлиги, мамлакатларимиз фаровонлиги ҳамда анжуманда кўтарилган муҳим масалалар мусулмонлар ва бутун уммат манфаати учун хизмат қилишини Ҳақ таолодан сўрадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати