Ҳукамолар тўқликнинг элликка яқин зарарини санаганлар: оғирлик, чарчоқ, кўнгил кўрлиги, ғам, руҳий заифлик, гуноҳдан қўрқмаслик, ҳаёсизлик, ақлнинг заифлиги, ношукрлик, ахлоқсизлик, нотинчлик, шаҳватпарастлик, хотирасизлик, ўлимни эсдан чиқариш, дунёни кўп севиш, бахиллик, хасислик, зулм, шайтонга эргашиш, сабрсизлик, ҳикматдан узоқ бўлиш,қўрқоқлик каби....
Шунинг учун мўмин-мусулмон ҳалолдан бўлса ҳам, ейишни камайтириш керак. Кунда икки марта овқатланиш инсонга кифоя. Эрталаб ва кечқурун. Халқимизда бу одат яқингача бор эди. Ҳаётимизга Европа удумлари кириб келди-ю, энг фойдали одатларимиз йўқолди. Аслида доим тўқ бўлиб юришдан йироқ бўлиш керак. Буюкларимиз шундай дейишади: “Соғлиқ, хотиранинг баркамол ва гўзаллиги-ўртача очликда юришдир”. Очликдан мақсад ҳаддан ташқари очлик эмас. Заковатнинг ривожланиши-машаққатнинг озлиги, қаноат, Аллоҳ таолонинг бало ва азобларини унутмаслик, ўлимга тайёр туриш, доим таҳоратли ва ибодатли бўлиш каби амалларга боғлиқ. Зеро, оз еган кишининг ташвиши ҳам кам бўлади. Бундай кам еб, кам харжлайдиган киши орттирганларини фақир, йўқсил ва мискинларга бериши мумкин. Қиёмат кунидаги энг оч инсонлар бу дунёда қоринларини доимо тўйғазиб юрганлардир. Тўқларнинг охиратда оч қолишларидан бирига сабаб, уларнинг бу дунёда малакут олами ва Ҳақ каломидан бехабар ўтиб кетганларидир. Зеро, ҳар бир мўминнинг келажакда содир бўладиган ҳодисаларни кўриб англайдиган бир фаросат нури бўладики, нафсларига қул бўлганларнинг бундан хабарлари бўлмайди. Луқмони Ҳаким айтганки: “Эй фарзанд қорнингни босиб-тиқиб тўйдирсанг, фикр хазиналаринг қурийди, тафаккур қилолмайдиган аҳволга тушасан, сендан ҳикмат деган неъмат кетади, аъзоларинг ибодат қилишдан қолади.”
Шу ўринда дин бўйича сунъий босим кўтарилиб, одамлар ўз ихтиёрлари билан исломга қайтаётган пайтда бўлиб ўтган бир ҳодиса ёдга тушади.Олий ўқув юртларида узоқ вақт раҳбар лавозимларда ишлаб келган, илмий унвон соҳиби бўлмиш бир киши Рамазондан кейин ҳам рўза тутиш лозимлигини қайта-қайта такрорлар, уламолардан қайси кунлари қандоқ рўза тутилишини тушунтириб беришни сўрар эди. У кишидан нима учун бу масалага қизиқиб қолганини сўрашди.
“Очиғини айтсам, бу йил биринчи марта тўлиқ рўза тутдим”, деди у ва ўз гапида давом этиб қуйидагиларни айтди:
“Рўзанинг фойдаси жуда ҳам кўп экан. Буни мен ўз тажрибамда ҳис қилдим. Ибодат, тақво, соғлик масаласида ҳеч гап йўқ. Ҳаммаси маълум. Ҳатто одамлар билан бўладиган муомалада ҳам фойдаси кўп экан. Илгарилари иш битириш учун деб ёлғон-яшиқни гапираверар эдик. Рўза тутган одам ҳеч ёлғон гапира олмай қолар экан. Ҳатто, бир оғиз ҳам ёлғон гапирмай қўйдим. Рўза ёлғон гапириб, иш битириб кетиш пайти келганда ҳам рўза оғзим билан ёлғон гапираманми, деб ўзимни тўхтатиб қолмоқдаман. Менимча, рамазондан кейин ҳам вақти-вақти билан рўза тутиб турилса бу ҳолатни ушлаб қолишга ёрдам берса керак”.
Ҳа, бу гапларда жон бор. Бу нарсага алоҳида эътибор бериш керак, илмий унвони бор киши бир ой рўза тутиб юқоридаги ҳолатга келгандан кейин, мутахассис уламолар режали илмий изланишлар олиб борсалар, самарали натижалар чиқиши турган гап.
Энди рўзанинг илмий мўьжизаларига ўтайлик. Маълумки, рўза фарз бўлган дастлабки даврда мусулмонлар фарз ибодатини адо этиш масъулияти ҳисси ила рўза тутаверганлар. Кейинчалик бошқа халқ, миллат ва элатлар билан аралашилди. Уларнинг саволларига, эътирозларига ёки Исломга нисбатан қилган таьналарига жавоб бериб бориб исломий ибодатларнинг, жумладан, рўзанинг ҳукмлари, ахлоқий фойдалари ва ўша замон руҳи ва талабига мос томонлари шарт қилинди, тушунтирилди.
Кейинчалик, хусусан, бизнинг асримизда Ислом душманлари унга илм номидан ҳужум бошладилар ва таъна тошларини отдилар. Улар томонидан Ислом дини илм душмани, исломий ибодатлар илмий асосга эга эмаслиги, инсонлар учун зарарли экани кенг баён қилинди. Жумладан, рўза соғлиқнинг кушандаси, инсон шахсиятини тамомила бузиб ташлайдиган омил сифатида васф этилди.
Лекин охир-оқибатда рўза кони фойда экани, усиз соғлиқни сақлаш мумкин эмаслиги, рўза кўплаб беморликларнинг давоси экани исбот қилинди. Энг қизиғи, бу илмий кашфиётларнинг ҳаммаси мусулмон бўлмаган кишилар томонидан қилинди ва қилинмоқда.
Мазкур илмий тажрибаларнинг натижалари Ислом динида бундан ўн беш аср илгари рўза тутишни фарз қилиниши илмий мўжиза бўлганига далолат сифатида қабул қилинмоқда. Ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг: “Рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир”, деган ояти ва Пайғамбаримиз с.а.в. нинг: “Рўза тутинглар, саломат бўласизлар”, деган ҳадислари мўьжизаси исбот бўлмоқда.
Тиббий илмий изланишлар оқибатида рўзанинг турли жисмий ва руҳий касалликлардан ҳимоя қилиш, уларнинг олдини олишда фойдаси борлиги собит бўлди.
Баъзи мисолларни келтирамиз:
Гоҳида руҳий изтироб ҳам ғизони нотўғри таъсир қилишга олиб бориши мумкин. Рўза тутган одам руҳий, ақлий истиқрорга эга бўлади. Чунки рўзадор одам имоний муҳитда кўп ибодат, зикр, Қуръон тиловати қилиб вақт ўтказади. Турли аччиқланиш, асабийлашиш, уруш-жанжаллардан йироқ бўлади.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Абдуллоҳ Парпиев тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
#Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.
Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).
Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.
Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.
Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ