Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Сентябр, 2026   |   20 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:27
Қуёш
05:50
Пешин
12:23
Аср
17:00
Шом
18:59
Хуфтон
20:17
Bismillah
02 Сентябр, 2026, 20 Рабиъул аввал, 1448

Рўзанинг тиббий фойдалари

23.05.2018   51320   7 min.
Рўзанинг тиббий фойдалари

Ҳукамолар тўқликнинг элликка яқин зарарини санаганлар: оғирлик, чарчоқ, кўнгил кўрлиги, ғам, руҳий заифлик, гуноҳдан қўрқмаслик, ҳаёсизлик, ақлнинг заифлиги, ношукрлик, ахлоқсизлик, нотинчлик, шаҳватпарастлик, хотирасизлик, ўлимни эсдан чиқариш, дунёни кўп севиш, бахиллик, хасислик, зулм, шайтонга эргашиш, сабрсизлик, ҳикматдан узоқ бўлиш,қўрқоқлик каби....

Шунинг учун мўмин-мусулмон ҳалолдан бўлса ҳам, ейишни камайтириш керак. Кунда икки марта овқатланиш инсонга кифоя. Эрталаб ва кечқурун. Халқимизда бу одат яқингача бор эди. Ҳаётимизга Европа удумлари кириб келди-ю, энг фойдали одатларимиз йўқолди. Аслида доим тўқ бўлиб юришдан йироқ бўлиш керак. Буюкларимиз шундай дейишади: “Соғлиқ, хотиранинг баркамол ва гўзаллиги-ўртача очликда юришдир”. Очликдан мақсад ҳаддан ташқари очлик эмас. Заковатнинг ривожланиши-машаққатнинг озлиги, қаноат, Аллоҳ таолонинг бало ва азобларини унутмаслик, ўлимга тайёр туриш, доим таҳоратли ва ибодатли бўлиш каби амалларга боғлиқ. Зеро, оз еган кишининг ташвиши ҳам кам бўлади. Бундай кам еб, кам харжлайдиган киши орттирганларини фақир, йўқсил ва мискинларга бериши мумкин. Қиёмат кунидаги энг оч инсонлар бу дунёда қоринларини доимо тўйғазиб юрганлардир. Тўқларнинг охиратда оч қолишларидан бирига сабаб, уларнинг бу дунёда малакут олами ва Ҳақ каломидан бехабар ўтиб кетганларидир. Зеро, ҳар бир мўминнинг келажакда содир бўладиган ҳодисаларни кўриб англайдиган бир  фаросат нури бўладики, нафсларига қул бўлганларнинг бундан хабарлари бўлмайди. Луқмони Ҳаким айтганки: “Эй фарзанд қорнингни босиб-тиқиб тўйдирсанг, фикр хазиналаринг қурийди, тафаккур қилолмайдиган аҳволга тушасан, сендан ҳикмат деган неъмат кетади, аъзоларинг ибодат қилишдан қолади.” 

Шу ўринда дин бўйича сунъий босим кўтарилиб, одамлар ўз ихтиёрлари билан исломга қайтаётган пайтда бўлиб ўтган бир ҳодиса ёдга тушади.Олий ўқув юртларида узоқ вақт раҳбар лавозимларда ишлаб келган, илмий унвон  соҳиби бўлмиш бир киши  Рамазондан кейин ҳам рўза тутиш лозимлигини қайта-қайта такрорлар, уламолардан қайси кунлари қандоқ рўза тутилишини тушунтириб беришни сўрар эди. У кишидан нима учун бу масалага қизиқиб қолганини сўрашди.

“Очиғини айтсам, бу йил биринчи марта тўлиқ рўза тутдим”, деди у ва ўз гапида давом этиб қуйидагиларни айтди:

“Рўзанинг фойдаси жуда ҳам кўп экан. Буни мен ўз тажрибамда ҳис қилдим. Ибодат, тақво, соғлик масаласида ҳеч гап йўқ. Ҳаммаси маълум. Ҳатто одамлар билан бўладиган муомалада ҳам фойдаси кўп экан. Илгарилари иш битириш учун  деб ёлғон-яшиқни гапираверар эдик. Рўза тутган одам ҳеч ёлғон гапира олмай қолар экан. Ҳатто, бир оғиз ҳам ёлғон гапирмай қўйдим. Рўза ёлғон гапириб, иш битириб кетиш пайти келганда ҳам  рўза оғзим билан ёлғон гапираманми, деб ўзимни тўхтатиб қолмоқдаман. Менимча, рамазондан кейин ҳам вақти-вақти билан рўза тутиб турилса бу ҳолатни ушлаб қолишга ёрдам берса керак”.

Ҳа, бу гапларда жон бор. Бу нарсага алоҳида эътибор бериш керак, илмий унвони бор киши бир ой рўза тутиб юқоридаги ҳолатга келгандан кейин, мутахассис уламолар режали илмий изланишлар олиб борсалар, самарали натижалар чиқиши турган гап.

Энди рўзанинг илмий мўьжизаларига ўтайлик. Маълумки, рўза фарз бўлган дастлабки даврда мусулмонлар фарз ибодатини адо этиш масъулияти ҳисси ила рўза тутаверганлар. Кейинчалик бошқа халқ, миллат ва элатлар билан аралашилди. Уларнинг саволларига, эътирозларига ёки Исломга нисбатан қилган таьналарига жавоб бериб бориб исломий ибодатларнинг, жумладан, рўзанинг ҳукмлари, ахлоқий фойдалари ва ўша замон руҳи ва талабига мос томонлари шарт қилинди, тушунтирилди.

Кейинчалик, хусусан, бизнинг асримизда Ислом душманлари унга илм номидан ҳужум бошладилар ва таъна тошларини отдилар. Улар томонидан Ислом дини илм душмани, исломий ибодатлар илмий асосга эга эмаслиги, инсонлар учун зарарли экани кенг баён қилинди. Жумладан, рўза соғлиқнинг кушандаси, инсон шахсиятини тамомила бузиб ташлайдиган омил сифатида васф этилди.

Лекин охир-оқибатда рўза кони фойда экани, усиз соғлиқни сақлаш мумкин эмаслиги, рўза кўплаб беморликларнинг давоси экани исбот қилинди. Энг қизиғи, бу илмий кашфиётларнинг ҳаммаси мусулмон бўлмаган кишилар томонидан қилинди ва қилинмоқда.

Мазкур илмий  тажрибаларнинг натижалари Ислом динида бундан ўн беш аср илгари рўза тутишни фарз қилиниши илмий мўжиза бўлганига далолат сифатида қабул қилинмоқда. Ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг: “Рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир”, деган ояти ва Пайғамбаримиз с.а.в. нинг: “Рўза тутинглар, саломат бўласизлар”, деган ҳадислари мўьжизаси исбот бўлмоқда.

Тиббий илмий изланишлар оқибатида рўзанинг турли жисмий ва руҳий касалликлардан ҳимоя қилиш, уларнинг олдини олишда фойдаси борлиги собит бўлди.

Баъзи мисолларни келтирамиз:

  1. Рўза инсондаги касалликларга қарши қобилият (иммунитет)ни кучайтиради. Чунки рўза тутган одамда ушбу мақсадга хизмат қилувчи ҳужайралар ўн марта кўпайиши илмий равишда собит бўлган.
  2. Рўза тутган одамда семизликка қарши монелик пайдо бўлади. Чунки одатда семизлик ғизони ҳазм қилишдаги нуқсондан, атроф-муҳитдаги нафсоний ва ижтимоий таъсирлар орқали келиб чиқади.

Гоҳида руҳий изтироб ҳам ғизони нотўғри  таъсир қилишга олиб бориши мумкин. Рўза тутган одам руҳий, ақлий истиқрорга эга бўлади. Чунки рўзадор одам имоний  муҳитда кўп ибодат, зикр, Қуръон тиловати қилиб вақт ўтказади. Турли аччиқланиш, асабийлашиш, уруш-жанжаллардан йироқ бўлади.

  1. Рўза буйракда тошлар йиғилишдан сақлайди. Чунки рўза тутган одамнинг қонида сода кўпайиб, калий тузлари тўпланишини ман қилади. Шунингдек, рўзадор сийдигида сийдик йўлларидаги тузларни тўпланиб қолишини йўқотадиган модда кўпайиши ҳам илмий равишда исбот этилган.
  2. Рўза инсон жисмини унинг тўқималарида тўпланиб қоладиган турли зарарли моддалардан тозалашда ёрдам беради. Маълумки, озиқ-овқат, дори-дармон ва ҳаво орқали инсон жисмига кўплаб зарарли моддалар кириб, тўпланиб қолади. Ана ўша моддалар фақат рўза тутиш орқали чиқиб кетади.
  3. Рўза жинсий мойилликнинг кучини қирқади. Бу эса, айниқса ёшлар учун жуда ҳам фойдалик бўлиб, жисмни турли асабий ва жисмоний изтироблардан сақлайди. Бу ҳолат ҳам илмий тажрибалар орқали исбот қилинган.

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Абдуллоҳ Парпиев тайёрлади

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзбекистон халқининг 35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ

20.08.2026   48128   39 min.
Ўзбекистон халқининг 35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ

Ўзбекистон халқининг

35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ

 

Бугун азиз Ватанимизнинг ҳар бир фарзандининг юраги ҳапқириб турибди. Негаки, биз Она-юртимизнинг энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамини, Ўзбекистон Республикаси истиқлолини қўлга киритганининг 35 йиллик шодиёналарини катта тантана қилаяпмиз. 

Жаннатмакон юртимиз, муқаддас Ватанимиз, доно халқимизнинг диний қадриятлари, миллий анъаналари ниҳоятда бисёр, беқиёс ва бетакрор бўлса-да, қутлуғ айём арафасида дориломон кунларга етказгани учун яна ва яна шукр қилиш мақсадида бу йил Мустақиллигимизни 35 йиллигини нишонлаётганимиз учун фақат 35 тасинигина зикр қилмоқчимиз:

 

 

1)       Оила муқаддаслиги – жамиятнинг мустаҳкам асоси.

2)       Ота-онага ҳурмат – ота-онани эъзозлаш ва уларнинг хизматларини қадрлаш.

3)       Меҳмондўстлик – меҳмонни очиқ чеҳра ва очиқ кўнгил билан кутиб олиш.

4)       Меҳнатсеварлик – ҳалол меҳнат ва касб-ҳунарни қадрлаш.

5)       Катталарга ҳурмат – оқсоқоллар ва нуронийларни эъзозлаш.

6)       Тинчликсеварлик – тинч-тотув ҳаётга интилиш.

7)       Анъаналарни асраш – миллий урф-одат ва удумларни сақлаш ҳамда давом эттириш.

8)       Маънавият – юксак ахлоқ ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат.

9)       Поклик – уйда, кийимда, танада ва кўнгилда озодаликка риоя қилиш.

10)      Дастурхон саховати – меҳмонни саховат ва меҳр билан кутиб олиш.

11)      Қўшничилик қадриятлари – маҳаллада аҳиллик ва ўзаро ёрдам.

12)      Ёрдамга тайёрлик – яқинлар ва муҳтожларга мурувват кўрсатиш.

13)      Камтаринлик – одобли ва камтарона ҳаёт кечириш.

14)      Ёш авлодга ғамхўрлик – фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш.

15)      Аёлларга ҳурмат – она, рафиқа, опа-сингилларни қадрлаш.

16)      Таълимга интилиш – илм олиш ва билимни қадрлаш.

17)      Ор-номус – ҳалоллик ва виждон билан яшаш.

18)      Маросимларга риоя – миллий маросим ва оилавий удумларни эъзозлаш.

19)      Сўзга содиқлик – ваъдага вафо қилиш.

20)      Матонат ва сабр – қийинчиликларга бардош билан ёндашиш.

21)      Ҳунармандчиликни қадрлаш – миллий ҳунар ва устачилик анъаналарини асраш.

22)      Табиатга меҳр – ер, сув ва атроф-муҳитни авайлаш.

23)      Бағрикенглик – турли миллат, дин ва маданият вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш.

24)      Одоб-ахлоқ – юксак муомала маданиятига амал қилиш.

25)      Миллий байрамларни эъзозлаш – Наврўз, ҳайитлар ва Мустақиллик байрамини қадрлаш.

26)      Адолат – ҳалоллик, тенглик ва қонун устуворлигини қадрлаш.

27)      Ўтганларни ҳам қадрлаш бу дунёдан ўтганларни эҳтиром ва чиройли амаллар билан эъзозлаш.

28)      Тил ва маданиятни асраш – ўзбек тили ва миллий меросни эъзозлаш.

29)      Ватанпарварлик – Ватанни севиш ва унинг равнақига ҳисса қўшиш.

30)      Миллатлараро тотувлик – турли миллат ва элат вакиллари ўртасида аҳилликни мустаҳкамлаш.

31)      Жамоавийлик – ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорлик.

32)      Миннатдорчилик – қилинган яхшиликни қадрлаш.

33)      Устозга ҳурмат – устозларни эъзозлаш ва уларнинг меҳнатини қадрлаш.

34)      Миллий кийимлар – миллий маданият ва одоб тимсоли сифатида қадрлаш.

35)      Аждодларга ҳурмат – тарихий мерос ва миллий илдизларни эъзозлаш.

* СИЗ яна қўшишингиз мумкин...

*** ЭНГ муҳими: йўқотиб қўйишдан олдин уларнинг ҚАДРИГА етиш !!!

 

☼    Қуръони карим ояти карималари;

☼    Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадиси шарифлари;

☼    динимиз асослари;

☼    шариатимиз аҳкомлари;

☼    шарқона одобларимиз;

☼    мазҳабимиз меъёрлари;

☼    жамиятшунослик алоқалари;

☼    одамгарчилик муносабатлари;

☼    инсоний туйғулар;

☼    руҳшунослик сир-асрорлари;

☼    юртимиз урф-одатлари;

☼    ўзбекчилик қоидалари;

☼    маданиятимиз ахлоқлари;

☼    инсоний ақл ва ахлоқий нормалар;

☼    доно мақолларимиз;

☼    миллий анъаналаримиз;

☼    диний қадриятларимиз;

☼    халқимиз онг-тафаккури;

☼    миллатимиз менталитети,

☼    анъанавий фалсафаси;

☼    ўзбек халқининг илғор қадриятлари;

☼    улуғларимиз ҳикматлари;

☼    доно халқимиз дунёқараши;

☼    мусулмончилигимиз кўрсатмалари

 

а с о с    в а   н е г и з л а р и д а

 

–     улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган дуру гавҳар ривоятлари ва ноёб ҳикматлари,

–     буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари,

–     меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари,

–     элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари,

–     жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар,

–     замонавий олимларнинг билимлари, турли соҳа мутахассисларининг ажойиб кашфиётлари,

–     бугунги кунда ва доим керак бўладиган ҳаётий масалалар, долзарб мавзулар, қизиқарли маълумотлар ҳамда халқимиз орасида эътироф этилган мезонлар

дан

улуғ устозларимиз (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)нинг кенг, чуқур ва унумли истифода этиб, бизларга батафсил тақдим этаётган доно халқимизнинг анъанавий қадриятларини асраб авайлаш – ҳам бурчимиз, хам фарзимиз, ҳам қарзимиз!

 

Бу рўйхатни яна кўплаб давом эттириш мумкин... Бироқ фикримизни мухтасар қилган ҳолда Аллоҳдан Ўзбекистон халқининг бундай фазилатлари янада кўпайишини, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимизга сиҳат-саломатлик, оилаларимизга бахт-саодат сўраб қоламиз. 

 

Аллоҳ таборака ва таоло ҳар бир хонадонга соғлик-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, илоҳий файз-барака, кўпдан-кўп яхшиликлар ато этсин!

Илоҳо жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун, муборак динимиз камолоти ҳамда масжиду-мадрасаларимизни ободлиги учун муҳтарам Юртбошимизнинг доно раҳбарликлари остида, ҳукуматимиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб бораётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин! Турмушимиз обод, хирмонларимиз мўл, оилаларимиз мустаҳкам, болаларимиз ҳар томонлама соғлом, маънавиятимиз юксак бўлсин!

Меҳрибон Парвардигоримиз доно халқимизни доимо турли хил ўринларда ҳар хил шаклларда қилаётган яхши, хайрли, чиройли, савобли ишларини Ўз даргоҳи илоҳийсида қабул айласин! Илоҳо халқимизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, оилаларимизга файзу илоҳий, бахт-саодат, тўкин-сочин дастурхонлар насиб қилсин! Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи – эшитиб турувчи, кўриб турувчи ва билиб турувчи Зот! Ҳаммаларимизнинг дилларимиздаги ниятларимизни, қалбимиздаги орзуларимизни ва барча ҳожатларимизни ўйлаганимиздан ҳам афзали-зиёдаси билан раво қилсин!

Илоҳо деҳқончиликларимизга ва касб-корларимизга хайр-барака бериб, ишларимизда кўпдан-кўп омадлар, муваффақиятлар ва беҳисоб хурсандчиликлар ато этиб, икки дунёда ҳам азизу мукаррам айласин!

 

Иброҳимжон домла ИНОМОВ

Мақолалар