Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва саломлар бўлсин.
Тилнинг ҳам ўзига хос рўзаси бор. Уни билган инсон лағвдан сақланади, узоқ бўлади. Тил рўзаси Рамазон ойида бўлгани сингари бошқа ойларда ҳам бўлиши зарурдир. Тилга Рамазон ойида таълим-тарбия бериб, дунё-охиратга манфаатли, ҳаётга фойдали нарсаларни гапиришга ўргатилади. Ўз ўрнида сўзлаб, ўз ўрнида жим туриш, вақтида сукут сақлашга одатлантирилади.
Тилниниг зарари буюк, хатари улкандир. Тил ваҳший йиртқичдек жароҳатлайди, илондек заҳарлайди, оловдек ёндиради. Қилич билан берилган жароҳат шифо топиши мумкин, тилнинг жароҳатига даво йўқдир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ўз тилларига: “Эй тил, яхшиликни сўзлаб, уни ғанимат бил. Ёмон сўзда сукут қил, саломат бўласан”, деган эканлар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким икки жағи ва икки сони орасидаги нарсага кафил бўлса, уни жаннатга киришига мен кафил бўламан”, дедилар. Аллоҳ таоло ғийбатдан, чақимчилик, ёлғон, уятсиз сўзлар, лағв ва ҳаром сўзлардан тилини тийган мўминга раҳматини ёғдирсин.
Салафи солиҳ уламолар Қуръон ва суннат билан одоб берардилар. Уларнинг сўзлари мулойим, нутқлари зикр, назарлари ибрат, жим туришлари тафаккур эди. Инсон Қаҳҳор сифатли Рабга дуч келишдан қўрқса, тилини зикр ва шукрга ишлатиб, беҳаё, уятсиз, ахлоқсиз ва лағв сўзлардан тияди. Шунинг учун Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Ер юзида сақлаш зарур бўлган нарса тилдир”, деган. Тақводор зотлар гапирмоқчи бўлсалар, сўзлари ортидан келадиган машаққат ва натижасини ўйлаб сукут сақлаб тураверганлар. Бошқаларга озор бериш ҳаром. Озор беришнинг турли-туман кўринишлари бор. Шунинг учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлса, у комил мўминдир”, дедилар (Имом Муслим). Бу ҳадисдан инсон камолотга етиши учун тил, қўл ва барча аъзолар билан озор беришдан сақланиши лозимлиги тушунилади. Бошқа аъзоларга нисбатан тил орқали ғийбат, бўҳтон, ёлғон, чақимчилик, тилёғламалик, масхара, сўкиш, беҳаё сўзлар, сирни очиш каби гуноҳлар ва озорлар кўп содир бўлади. Шуниниг учун ҳадисда тил зикр қилинган. Баъзида унинг хатаридан жим туриш билангина нажот топиш мумкин.
Тилнинг рўзаси ёмон, зарарли гаплардан тийилиши, жим туришидир. Инсон жим туриш билан ҳалокатдан сақланиш билан бир қаторда ажр-савобларга ҳам эга бўлади. Манбаларда жим тура олиш инсонга берилган нажот топиш омилидир, дейилади. Инсон ҳаётида жим туриш билан дунё ва охират саодатига эришиши мумкин. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жим туриш ҳикматдир. Жим турувчилар эса жуда камдир”, дедилар” (Имом Байҳақий). Бошқа бир ҳадисда: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким жим турса, нажот топади”, дедилар” (Имом Термизий).
Уламолар айтади: “Тинглаш вақтида жим туриш фазилат, синов келганида жим туриш сабрдир, дейилган”. Бишр ибн Ҳорис Ҳофий айтади: “Сўзловчи жим турувчидан кўра тақволи бўлолмайди. Ўз ўрнида сўзлаб, ўз ўрнида сукут қилган олимгина ундан афзал бўлиши мумкин”. Саҳл ибн Абдуллоҳ: “Аллоҳ таолони танувчилар илмли бўлсалар ҳам жим турадилар ва изн билан гапирадилар. Шунинг учун уларда лағв бўлмайди”, дейди. Донишмандлар: “Инсон сўзлашни ўрганишига икки йил кифоя қилса, жим туришни ўрганишига эллик йил керак бўлади”, дейди.
Барча суннатлар қаторида ўз ўрнида сукут сақлай билишга ҳам одатланмоғимиз лозим. Бунга эришишнинг осон йўли рўза тутишдир. Еб-ичишдан сақланиш билан бир қаторда кўзни номаҳрамдан, қулоқни ғийбатдан ва барча аъзоларни гуноҳдан тийиш, хусусан, тилни бўҳтон, чақимчилик, мазаҳ қилиш каби маъсиятлардан тийиш рўзанинг савобини мукаммал қилади. Ушбу Рамазон ойи мазкур амалларни бажариб жим туришни ўз одатимизга айлантириб олишимизга қулай фурсатдир. Эй рўзадорлар, тилларингизни зикр билан намланг. Унга тақвони ўргатинг ва гуноҳлардан покланг. Эй Раббимиз, бизга тўғри сўзловчи тил, саломат қалб ва чиройли хулқ бергин! Рамазон ойида барчамизнинг мақсадларимиз ҳосил бўлсин.
Баҳриддин ПАРПИЕВ
Аллоҳ таоло бизга бир садақамизни етти юз баробар кўпайтириб беришини ваъда қилди. Шундай экан, нега энди муҳтожларга эҳсон қилишга иккиланамиз?!
Ривоятларда келишича, Муҳаллабий деган бир вазир ўтган бўлиб, аввалбошда камбағал бўлган экан. Дунё матоҳларидан бирор нарсаси бўлмаган ҳам экан. Шу ҳолида у сафар қилади. Борган жойида ҳам ейишга бирор нарса топа олмайди. Гўшт ейишни қаттиқ иштаҳа қилса-да, гўштга етгулик пул топа олмайди ва:
Аё, харид қилсам ўлим сотилурму,
Бул маийшат хайрсиз бўлди манга,
Вооҳ, бу ҳаётдин ўлим тотли бўлурму,
Бу хушсиз ҳаётдин келиб мани халос этса…
У кишининг ҳамсафари бўлиб, исми Абу Абдуллоҳ Сўфий эди. У байтни эшитиб, бир дирҳамга гўшт сотиб олиб, пишириб Муҳаллабийнинг қўлига тутқазади. Кейин эса улар ўз йўналишлари бўйича ажралиб кетишади.
Кунлар ўтиб Муҳаллабий Бағдодда вазир даражасига кўтарилади. Бу ёқда Абу Абдуллоҳ Сўфийнинг шароити оғирлашиб, қийналиб қолади. У вазирнинг ҳузурига боради ва бир парча қоғоз бериб, уни соқчидан киргизиб юборади. Қоғозда қуйидагилар ёзилган эди:
Аё вазирингга етказ, унга жонимни фидо айладим,
Йигит ҳеч замон гапин ёддан чиқармас.
Ёдингдаму йўқчиликдан қийналиб айтган гапинг,
“Аё, харид қилсам ўлим сотилурму” деганинг…
Вазир Муҳаллабий хатни ўқигач, ўтган кунлари ёдига тушиб, гўшт егиси келганида гўшт олиб пишириб берган ҳамсафарини эслайди. Кўзлари ёшга тўлиб, Аллоҳнинг неъматлари ичида яйраб яшаётганини, қандай қилиб бу мартабаларга эришиб, халифанинг вазири бўлиб қолгани ҳақида тафаккур қилади. Кейин эса: “Бу хатни ёзган кишига етти юз дирҳам бериб юборинглар”, деб буюради ва хат остига жавоб тариқасида мана бу оятни ёзиб қўяди:
«Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчи кишиларнинг (савобининг) мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди...»[1] (яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда).
Бу орқали вазир ҳамсафарига “Менга бир дирҳам эвазига олиб берган гўштинг ҳаққини Аллоҳ таоло етмиш баробар кўпайтириб берди”, демоқчи эди.
Шоир айтади:
Яхшилик ўгурганнинг мукофоти йўқолмагай ҳеч,
Холиқу халқ орасиндаги суннат зоил ўлмагай ҳеч.
Ҳеч бир кишидан миннатдорчилик кутманг!
Ҳакимлардан бири айтади: “Ким қилган яхшилиги учун миннатдорчилик, раҳмат кутса, шубҳасиз, у охират савобини дунёда олишга шошилибди”.
Яхшилик қилиш мақтовга арзирли харажатдир
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтади: “Ҳар нарсада исроф бор, иллоки ҳусни хулқни қўлга киритишда, яхшилик қилишда, одамгарчиликни юзага чиқаришда исроф йўқ”.
Бир ҳаким зотнинг гапини доимо ёдингизда тутинг: “Яхшилик қилувчи киши ҳеч чоҳга тушмайди. Мабодо тушган тақдирда ҳам, бир тиргак топади”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Бақара сураси, 261-оят.