Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Сентябр, 2026   |   2 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:41
Қуёш
06:01
Пешин
12:19
Аср
16:45
Шом
18:40
Хуфтон
19:56
Bismillah
13 Сентябр, 2026, 2 Рабиъус сони, 1448

Рамазон ойини муносиб кутиб олайлик!

22.05.2018   44914   5 min.
Рамазон ойини муносиб кутиб олайлик!

Бу моҳи шарифни ҳар бир мусулмон яхши кутиб олиб, ҳурмат-иззатини жойига қўйган ҳолда кузатишни орзу қилади. Бунинг учун у аввало рамазоннинг фазилатларидан хабардор бўлмоғи лозим. Чунки рўза ойи ҳар йилда бир келиб кетадиган азиз меҳмон.

Уйингизга бирор меҳмон келадиган бўлса, уни яхши кутиб олиб, хурматини жойига қўйиб, кўнгилдагидек кузатиш учун бор имкониятларингизни ишга соласиз. Худди шунингдек, моҳи рамазонни ҳам иштиёқ ва ихлос билан кутиб олиб, шу ойда қўлимиздан келганича солиҳ амалларни қилишга ҳаракат этмоғимиз лозим. Ҳар бир мусулмон бу ойда ўзининг имон ва ихлосини чархлаб, унга сайқал бериб, эътиқоду имони нурини зиёда қилиб олиш зарур.

Рўза инсонни ҳалолликка даъват этади, унинг қалбини тозалайди. Зеро, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: “Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат) ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди”(Бақара,183).

Салмони Форсий розияллоҳу анҳу бундай дедилар. Яъни: “Шаъбон ойининг охирги куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга хутба ўқиб бўлганидан кейин: “Эй одамлар! Сизларга энг улуғ ва барокатли ой соя солиб келмоқда. У ойда бир кеча борки, у кеча минг ойдан афзалдир. Аллоҳ таоло у ойда рўза тутишни фарз, кечасида намоз ўқишни нафл қилган. У ойда кимда ким бирор бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади, кимда ким бу ойда бирор фарз амалини адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади. У- сабр ойи. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. У- хайр эхсон улашадиган ой. У ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга  ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча  кам бўлмаган савоб берилади”, дедилар. Шунда биз: “Ё Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки  рўзадорни қорнини тўйғазса Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсардан бир қултум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди”, дедилар.

Рамазон шариф – тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат ойи. Шунинг билан бирга, бу ойда гуноҳлар ювилажак, тавба-тазаррулар, чин ихлос  ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топажак.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қилиб айтадилар: “Кимки рамазон ойида рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳ таолонинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” (Бухорий ривояти).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар: “Бу ой шундай ойки, аввалибиринчи ўн кунлиги раҳмат, иккинчи ўн кунлиги мағфират ва учинчи ўн кунлиги дўзахдан нажотдир”.

Аллоҳнинг раҳмати тушган қалб эгаси Ҳақдан адашмайди, дунёнинг зеб-зийнатлари ва ҳою ҳавасларига алданмайди, ҳақиқатга хиёнат қилмайди. Шунингдек, Аллоҳнинг раҳмати ёғилган оила эса, албатта, баракотли ва файзли бўлади, унда меҳр-муҳаббат, ўзаро вафодорлик ҳукмронлик қилади.

Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом жума хутбасини ўқиш учун минбарга кўтарилаётганларида уч марта “омин” дедилар. Бу “омин”ларнинг сирини сўраганларида, жаноб Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Минбарга чиқаётганимда биродарим Жаброил Амин келди ва қулоғимга: “Рамазонга соғ-саломат етиб келиб, имкониятлари бўла туриб, гуноҳларидан янги туғилган гўдакдек пок бўлмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”, деди. Мен “омин” дедим. Кейин: “Ота-онасини  ёки уларнинг бирини ёши улуғликка етганда топса-ю, уларнинг хизматини қилиб, розилигини олмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”, деди. Мен яна “омин” дедим. Кейин яна: “Сизнинг муборак номингизни  эшитиб, салавот айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”, деди. Мен яна “омин” дедим”.  “Бурни ерга ишқалсин”нинг маъносини: эртага кўп афсус ва надомат чексин, маҳшаргоҳда шарманда бўлсин ҳамда хижолатга қолсин деб таъвил қилиш мумкин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўзаси мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки урушмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бор. Бири ифтор вақтида, иккинчиси Парвардигорга йўлиққанида”, дедилар (Бешовлари ривоят қилган). Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар: “Албатта, жаннатда “Раййон” деган  эшик бор. У эшикдан қиёмат кунида рўзадорларгина киради. Улардан бошқа кимса кирмайди. Улар кириб бўлганларидан сўнг у эшик ёпилади, улардан бошқа кимса у эшикдан кирмайди”. Бу ой Парвардигори оламнинг абадий туганмас неъмати бўлмиш жаннатига етишишимиз учун берилган улкан бир неъматдир. Аллоҳ таоло барчамизга бу ойни ғанимат билишга тавфиқ берсин.

 

Рашидбек  ЭРНАЗАРОВ,

Хоразм вилояти Боғот тумани  бош имом-хатиби 

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Жаннатнинг мисоли

26.08.2026   38901   3 min.
Жаннатнинг мисоли

“Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли шуки, унинг остидан анҳорлар оқади, мевалари ва соялари доимийдир. Шу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир” (Раъд сураси, 35-оят).


Бу оят тақводорларга ваъда қилинган жаннатни сифатлаб бериш маъносида бўлиши мумкин. Оят “тақводорларга ваъда қилинган жаннат кофирларга ваъда қилинган дўзахга ўхшаш бўладими?” деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Яъни жаннат билан дўзах бир­бирига ўхшаш эмас.


Аллоҳ таоло бошқа бир оятда жаннат ҳақида бундай марҳамат қилади: “Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчилар учун лаззатбахш хамрли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор. Улар учун унда барча мевалар ва Раббиларидан мағфират бордир. Улар дўзахда мангу қоладиган, ўта қайноқ сув билан суғорилиб, ичаклари титилиб кетадиган кимса (кофирлар)га ўхшармиди?” (Муҳаммад сураси, 15-оят).


Аллоҳ таоло бу оятда бундай демоқда: “Сифати шундай доимий неъматлар ичра бўлган кишилар мудом азобланадиган, сифатлари ана ундай бўлган кимсалар каби бўлурми?” Яъни жаннатийлар дўзахийлар каби бўлмайди. Шундан олдин келган оят ҳам ушбу оятга қиёс қилинади.


Унинг остидан анҳорлар оқади, мевалари доимийдир”. Яъни жаннатнинг мевалари доимий бўлиб, асло тугаб қолмайди. Улар дунё мевалари ва унинг неъматларига ўхшамайди. Дунё меваларининг ҳар қандай тури вақти билан тугаб қолади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло охират жаннатининг мевалари ва ундаги жамики неъматлар узлуксиз, доимий эканини ҳамда кофирларга охиратнинг азоби ҳам бардавом эканини хабар қилди.


Ва соялари…” Аллоҳ таоло жаннатнинг сояси ҳам узлуксиз экани, унда ботиши билан сояси ҳам йўқоладиган қуёш бўлмаслигини баён этиб, ундаги барча неъматларнинг давомийлиги ва манфаатли бўлишини билдирди. Сояда манфаат бор, лекин зарар йўқ, қуёшда эса фойда билан бирга зарар ҳам бордир. Худди шундай, дунё ҳаётида барча нарсаларда фойдали тарафлари билан бирга зарарли жиҳатлар ҳам бўлади. У неъматлар келиши вақти билан тўхтаб, завол топади. Аллоҳ таоло охиратдаги соя, жаннатдаги барча неъматлар зарарсиз, узлуксиз, боқий бўлишини ва улар дунёдаги сояга ва неъматларга ўхшамаслигини хабар қилди.


Шу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Бу оят нинг зоҳирини эътиборга оладиган бўлсак, гўзал оқибат ширкдан сақланганларга бўлиши айтилди. Чунки Аллоҳ таоло кофирларнинг оқибати дўзах эканини зикр қилди. Яъни улар нинг оқибати, жазоси дўзахдир. Жаннат эса ширкдан сақланганларнинг мукофотидир.


Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Ёки ушбу иборанинг маъноси: “Тақво қилганлар нинг оқибати жаннатдир, кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”.


Муфассирлардан баъзилари Аллоҳ таолонинг “Бу тақво қилганларнинг оқибатидир” оятининг маъносини бундай баён қилади: “Уларнинг амаллари, яхшиликларининг оқибати жаннатдир. Аллоҳ таолонинг ягоналигига куфр келтирган кимсалар амалларининг оқибати эса дўзахдир”.


Имом Абу Мансур МОТУРИДИЙнинг “Таъвилотул Қуръон” асаридан

Абдулатиф АЛЛОҚУЛОВ таржима қилди.

“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

Ибратли ҳикоялар