Бандаларига икки дунё саодатини кўзлаб, рўзани Исломнинг фарз ибодатлари қаторига қўшган Аллоҳ таборака ва таолога ҳамду санолар бўлсин!
Умматларига меҳр кўрсатиб, рўза тутишни барча сир-асрорлари ила таълим берган ҳабибимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га абадул абад саловоту саломлар бўлсин!
Диндош биродарларига рўза ҳақидаги билимларни етказиб, ўргатган динимиз йўлчи юлдузлари – саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг раҳмати ва розилиги бўлсин!
Азиз диндошлар мана, яна бир бора Рамазони шариф бошимизга соябон бўлиб ташриф буюрди. Бизга маълумки, қадимдан мусулмонлар муборак Рамазонда доимгидан-да кўпроқ Қуръон тиловат қилишга, доимгиданда кўпроқ ҳар бир хатти-ҳаракатларида ахлоқлироқ ва карамлироқ бўлишга ҳаракат қиладилар. Чунки суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ўзлари ана шундай қилганлар ва барча Ислом амаллари қатори бу масалада ҳам умматларига ўрнак бўлиб, алоҳида таълим берганлар.
Инсоннинг рўзадан бошқа ҳамма қилган амаллари ўзи учун бўлади. Фақат тутган рўзасигина Аллоҳ таоло учун бўлади. Яъни, рўзадан бошқа амалларда амал қилувчи хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам бир оз хўжакўрсинга қилиш, ўзгаларнинг ҳаваси, мақтови, обрў-эътиборини қозониш ҳисси пайдо бўлади. Мисол учун, намоз ўқиган одамнинг таҳорат қилганини, намозга жой танлаганини ва ниҳоят, намоз ўқиётганини бошқалар кўради. Бу одам намоз учун таҳорат қилмоқда, бу одам намоз учун жой танламоқда, бу одам намоз ўқимоқда, яхши одам экан, деган фикр хаёлидан ўтиб, унга ҳурмат-эътибор билан қарайди. Шу каби закот берганини қанча яширса ҳам, ҳеч бўлмаганда закот олган киши билиб, ҳаққига дуо қилади. Ҳажга боргани эса умуман шов-шув бўлиб кетади. Қайтганидан сўнг қанчадан-қанча инсонлар унинг зиёратига келишади. Ҳамма уни “Ҳожи ота” ёки “Ҳожи она” деб чақира бошлайди. Рўзада эса бу нарсаларнинг бирортаси йўқ, кечаси ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади. Кундузи эса ҳамма қатори юраверади. Ҳеч кимсиз, ёлғиз ўзи қолганида рўза тутган инсон Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, оғзини очиб юбормайди. Ушбуларнинг барчаси рўза Аллоҳ учун тутилишининг белгиларидир. Шу боис ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлган ибодатнинг мукофотини Аллоҳ таолонинг Ўзи беришини ваъда қилган. Рўза учун бериладиган савобнинг кўпайиши шунчаларки, уни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди, идрок ҳам қила олмайди.
Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Қачонки Рамазон келса, жаннат эшиклари очилур, дўзах эшиклари ёпилур ва шайтонлар кишанланур”, дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Азиз диндошлар! Эътиборингизни ушбу ҳадиси шарифдаги “…ва шайтонлар кишанланур” жумласига қаратмоқчиман. Бизга маълумки, шайтон доимо инсонларни Аллоҳ таолонинг ибодатидан, тоатидан четланишга ундайди, васваса қилади ва одам боласининг қон томирида сузиб юради. Мўмин-мусулмонларга раҳмат бўлиб Рамазони шариф ташриф буюрса, исёнкор шайтонлар ўзлари учун севимли бўлган бу ишларидан тўсилиб, кишанларга маҳкум этиладилар. Шу ўринда савол пайдо бўлади: Шундай бўлса нега барибир билиб-билмай маъсиятлар содир этаверамиз? Ҳаттоки, баъзи инсонларнинг гуноҳ ишларда бардавом бўлаётганларига гувоҳ бўламиз? Ушбу саволларнинг жавоби эса қуйидагича: Рамазони муборак ҳурматидан шайтонлар кишанланган пайтда маъсиятга бошловчи, тутган рўзанинг, Аллоҳ асрасин, мукаммаллиги кетиб, нуқсонли бўлишига сабабчи бўлувчи нарса – НАФСдир. Демак, Рамазони шарифнинг муборак кунлари давомида бирор-бир гуноҳ содир этгудек бўлсак, “Ҳа, шайтон ўлгур йўлдан урди-да”, дейишимиз ноўриндир. Бежизга ҳикматларда: “Ақл мудроқ, нафс эса уйғоқдир”, дейилмаган. Шайтонлар кишанланган Рамазон ойида ким биландир тортишиб қолишимиз, кимнидир ғийбат қилишимиз, дилозор ишларга йўл қўйишимиз-нафсимизнинг уйғоқлиги, ҳали ҳам кишанланмаганидандир. Ушбу ой нафсларимизни поклаш, руҳимизни сайқаллаш учун қулай фурсатдир. Рўзадаги чанқоқ, очлик, тунгги бедорлик, таровеҳ намозлари, хатми Қуръонлар, хайру эҳсонлар-нафсимизга қарши курашдир.
Шундай экан, Аллоҳ Ўз фазлу марҳаматидан баҳраманд айлаб, Рамазони шарифни фақат гўзал амаллар, савобли ишлар билан ўтказиш бахтини барчамизга насиб этсин! Бу ойда нафсимиз “Хотиржам нафслар” сафига қўшилсин.
Муҳсина Исоқжонова тайёрлади.
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси