Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ҳозирда бетоб бўлиб турганликлари сабабли Рамазон ойида диний соҳада айни иш ҳажмининг ортиши, кўплаб тадбирлар ва хайрли лойиҳаларда масъуллик юклатилиши муносабати билан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасини вақтинча Эргаш домла Рустамов бажариб турган эди. Бугун, 21 май куни Тошкент шаҳридаги «Минор» жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари диний идора Масжидлар бўлими мудири Раҳимберди домла Раҳмоновни вазифасидан ажралмаган ҳолда Тошкент шаҳар вакили, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани тўғрисидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимовнинг буйруқларини ўқиб эшиттирди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Зиннийра розияллоҳу анҳо Абу Жаҳлнинг қули эди. У зот иймон келтирганида, Абу Жаҳл бундан хабар топиб, уни жуда қаттиқ азоблайди. Зиннийра катта ёшда бўлишларига қарамасдан, аянчли азобларга бардош берадилар. Чунки у зот иймон келтирсалар қандай машаққатлар бўлишини яхши билганлар. Абу Жаҳл у зотнинг тилидан куфр калимаси чиқмаётганини кўриб дарғазаб бўлади ва бошларига қаттиқ нарса билан уради. Бунинг натижасида Зиннийра розияллоҳу анҳунинг кўзлари кўр бўлиб қолади. Шунда кофирлар “сен бизнинг бутларимизга сиғинишни тарк этганинг учун уларнинг ғазабига дучор бўлдинг”, деб мазах қилишади. У зот шунча қийинчиликларга чидайдилар, машаққатларга бардош берадилар лекин Аллоҳнинг шаънига бўлган бу сўзларига чидаб туролмайдилар.
Дарҳол саждага йиқиладилар ва ҳақиқий маъбудга ўз ҳолларини шикоят қиладилар: “Ё Аллоҳим! Улар мени жуда кўп қийноқларга солишди, таъна-маломатлар қилишди, уларнинг барчасига чидадим. Менинг суякларимни синдиришди, жисмимни илма-тешик қилишди барчасига бардош бердим. Лекин, Сенинг шаънингга нолойиқ сўзларни сўзлашганига чидай олмадим. Уларнинг айтишича, тошдан ясалган бутлари мени кўр қилиб қўйган эмиш. Аллоҳим! Менинг кўз нуримни қайтаргин, токи уларга сенинг улуғлигинг намоён бўлсин”.
Зиннийра розияллоҳу анҳо дуога кўтарган қўлларини юзларига тортмасдан туриб, Аллоҳ таоло у зотга кўз нурларини қайтариб берди. Субҳаналлоҳ! У даврдаги эркаклар қанчалик мард бўлсалар, аёлларининг ҳам қалбида илоҳий ишқ жазбалари лиммо-лим эди.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Илоҳий ишқ" китобидан Нодир Одинаев таржимаси