Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

Чекиш ёки соғлом ҳаёт – танлов ўзингиздан!

01.06.2023   6366   7 min.
Чекиш ёки соғлом ҳаёт – танлов ўзингиздан!

Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш инсон саломатлигига жиддий зарар етказади. Ушбу оддий ҳақиқат билан ҳаётда қайта-қайта дуч келсак-да, дунёда чекувчилар тобора ортмоқда. Айниқса, вояга етмаган ёшлар, хотин-қизлар орасида бу иллат кенг тарқалаётгани аянчли.

Ҳар йили 31 май – Жаҳон тамакисиз куни жаҳон миқёсида нишонланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 1987 йил таъсис этган ушбу халқаро сана чекишни ташлаш бўйича глобал ҳамкорликнинг энг муҳим воқеасидир.

Жаҳон тамакисиз кунини ўтказишдан бир неча мақсад кўзланган. Хусусан, тамаки хавфи ҳақида бутун дунё бўйлаб хабардорликни ошириш, чекишни ташлашнинг афзаллигини тарғиб қилиш, ушбу зарарли одатни тарк этишда амалий ёрдам таклиф этиш, чекиш билан курашадиган соғлиқни сақлаш уюшмалари ва шифохона хизматларини рағбатлантириш, ёшларни тамаки маҳсулотларидан, айниқса, электрон сигарет каби янги маҳсулотдан ҳимоя қилиш шулар сирасига киради.

Бу йил Жаҳон тамакисиз куни “Тамаки эмас, озиқ-овқат етиштириш” мавзуси доирасида нишонланмоқда. Бинобарин, тамаки саноатининг атроф-муҳитга зарарли таъсири, салбий оқибати муттасил ортиб бормоқда. Бу сайёрамизнинг шусиз ҳам чекланган ресурслари ва кучсизланган экотизимига ортиқча юк бўлмоқда.

Рақамларга мурожаат қиламиз. Сигарет ишлаб чиқариш учун бир йилда 600 миллион дарахт кесилади, 22 миллиард литр сув ишлатилади, атмосферага 84 миллион тонна карбонат ангидрид (СО2) гази чиқади. Буларнинг бари ер юзида ҳаво ҳарорати янада кўтарилишига сабаб бўлмоқда.

Тамаки етиштириш нафақат қишлоқ хўжалиги ишчилари, балки барчамизнинг соғлиғимизга путур етказмоқда, боз устига ушбу иллатдан сайёрамиз беқиёс зарар кўрмоқда. Тамаки саноати эса тамакини бошқа экинлар билан алмаштиришга йўл қўймай, оқибатда глобал озиқ-овқат инқирози кучайишига ҳисса қўшмоқда.

Бу йилги тамакига қарши компания, бир томондан, ҳукуматларни тамаки ишлаб чиқаришни субсидиялашдан воз кечишга ҳамда тежалган маблағни қишлоқ хўжалиги корхоналарига озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун йўналтиришга, иккинчи томондан, одамларнинг овқатланишини яхшилаш учун янада барқарор экинларга ўтиш учун ёрдам беришга қаратилган.

Чекишнинг зарарини тамаки истеъмоли туфайли юзага келадиган касалликлардан ҳам билиш мумкин. Бу одат юрак-қон томир, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш, асаб, жинсий безлар каби инсоннинг муҳим ички аъзоларига заҳарли таъсир қилади. Оқибатда миокард инфаркти, хафақон касаллиги, бронхларнинг сурункали яллиғланиши, яра ва саратон сингари кўпгина хавфли касалликлага олиб келади.

Кашандалик 17 хил саратонга сабабчи: 98 фоиз қизилўнгач ёки томоқ саратони, 96 фоиз ўпка саратони, 30 фоиз бошқа турдаги саратон касалликлари, 75 фоиз сурункали бронхит ва ўпка эмфиземаси, 25 фоиз юрак-ишемик касалликлари. Юрак касаллиги билан боғлиқ ўлимнинг 20 фоизи айнан тамаки истеъмоли натижасида келиб чиқади.

ЖССТ статистикаси:

  • тамаки чекувчиларнинг тенг ярми айнан шу иллат туфайли ўлим топади;
  • тамаки истеъмоли билан боғлиқ касалликлардан  ҳар йили 8 миллиондан ортиқ одам вафот этади;
  • ушбу ўлим ҳолатларининг 7 миллиондан кўпи тўғридан-тўғри кашандалик натижасида, 1,2 миллионга яқини эса чекмайдиганлар, яъни пассив чекувчилар орасида тамаки тутуни таъсиридан келиб чиқади;
  • дунёдаги 1,3 миллиард нафардан ортиқ кашанданинг 80 фоизи паст ва ўрта даромадли мамлакатларда яшайди;
  • 2020 йил дунё аҳолисининг 22,3 фоизи, хусусан, эркакларнинг 36,7 фоизи ва аёлларнинг 7,8 фоизи тамаки истеъмол қилган. Бугунги кунда ушбу рақамлар янада ортмоқда;
  • тадқиқотлар тамаки истеъмол қилувчилар ҳеч қачон чекмаганларга нисбатан 10-15 йил кам яшашини кўрсатган.

Таъкидлаш жоиз, тамакининг салбий таъсири олдини олишга уриниш электрон сигарет кенг тарқалишига олиб келди. Электрон сигарет нима ўзи?

Электрон сигарет – чилим, буғ генератори, вапорайзер ёки вайп сингари тамаки ўрнига махсус суюқлик картрижидан фойдаланадиган чекиш мосламаси.

Чекишнинг ушбу янги шакли кўпинча ўсмирлар, ёшлар томонидан маъқул кўрилмоқда. Бунга асосий сабаб эса электрон сигаретнинг дизайни, ихчам ўлчами ва шаклидир. Қолаверса, турли ёқимли ҳид ва таъм чекиш ҳолатини яшириш имконини беради. Ота-она, ҳатто, фарзанди электрон сигарет истеъмол қилаётганини пайқамаслиги ҳам мумкин.

ЖССТ экспертлари ва бошқа кўплаб мутахассислар ўз тадқиқотларида бундай турдаги электрон чекиш воситасининг зарарли оқибати аёнлигини исботламоқда. Шу сабабли электрон чекиш воситалари тарқалишининг олдини олиш ҳам кун тартибидаги долзарб масалалардан ҳисобланади.

Дунё бўйлаб 800 миллионга яқин одам чекишни ташлашни хоҳлайди. Бинобарин, бу унчалик осон иш эмасдек, гўё. Чекиш кучли жисмоний ва руҳий қарамликни келтириб чиқаради.

Мутахассислар фикрича, инсон тамаки истеъмол қилишдан воз кечганда унинг танасида қуйидаги жараёнлар юз беради:

  • охирги истеъмол қилинган сигаретдан атиги 20 дақиқа ўтгач, юрак уриши секинлашади;
  • 12 соат ичида қондаги углерод оксиди миқдори меъёрий даражагача тушади;
  • 2-12 ҳафта ичида қон айланиши ва ўпка фаолияти яхшиланади;
  • 1-9 ой ичида йўтал ва нафас қисиши аста-секин йўқолади;
  • 5-15 йил ўтгач, инсульт хавфи чекмайдиган одамдаги даражагача камаяди;
  • 10 йил ичида ўпка саратони ривожланиш хавфи, тахминан, икки баробар пасаяди;
  • 15 йил ичида юрак хасталигининг ривожланиш эҳтимоли чекмайдиганлар даражасига қадар тушади.

Инсоннинг саломатликка нисбатан ҳуқуқини таъминлаш мақсадида барча давлатлар тамаки маҳсулотлари учун солиқни ошириш, жамоат жойида тамаки истеъмолини чеклаш ва рекламасини тақиқлаш каби зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Яқиндагина давлатимиз раҳбари “Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонунни имзолади. Ушбу қонунга кўра, жамоат жойида тамаки маҳсулоти, электрон сигарет ва чилим истеъмол қилиш тақиқланади. Яъни, тамаки маҳсулотини фақат очиқ ҳавода, бинодан ташқарида чекиш мумкин. Чилим ёки тамаки маҳсулоти истеъмол қилишга мўлжалланган бино ва иншоот эса махсус вентиляция тизими билан жиҳозланган бўлиши керак.

Қонунга биноан, тамаки маҳсулоти 21 ёшга тўлмаган шахсларга ва улар томонидан, болаларга мўлжалланган маҳсулотлар сотиладиган хоналарда соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, спорт иншооти, санаторий ҳамда тиббий-ижтимоий муассаса ҳудудларида, таълим, спорт ва диний ташкилотдан 100 метрдан кам масофада жойлашган савдо объектида, доналаб ёки очилган ҳолда сотилиши мумкин эмас.

Бир сўз билан айтганда, соғлигимиз – Яратганнинг бизга ато этган улуғ неъмати. Шу бебаҳо бойликни асраш учун тамакидан воз кечайлик. Биз чекадиган тамаки тутуни нафақат ўзимиз, балки атрофимиздаги инсонлар, айниқса, фарзандларимиз саломатлигига жиддий хавф туғдиришини эсдан чиқармайлик.

Рустам Атовуллоев,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази бош юрисконсульти

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саудия Арабистонида ўтказилаётган халқаро Қуръон танловида 133 давлат вакиллари иштирок этмоқда

10.08.2026   21269   2 min.
Саудия Арабистонида ўтказилаётган халқаро Қуръон танловида 133 давлат вакиллари иштирок этмоқда

Қирол Абдулазиз номидаги Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирқ олтинчи халқаро танловнинг саралаш босқичи 7 август куни Макка шаҳридаги мусобақалар ўтказиладиган жойда 133 давлатдан 334 нафар иштирокчи (эркак ва аёллар) иштирокида бошланди.

ИҚНА "Минбар" газетасига таяниб хабар беришича, Қирол Абдулазиз номидаги Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирқ олтинчи халқаро танловнинг саралаш босқичи бир кун аввал Маккадаги мусобақалар ўтказиладиган жойда бошланган ва финал босқичини Масжидул Ҳаромда ўтказиш учун замин тайёрлаган.

Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва ҳидоят вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу тадбирнинг саралаш босқичида ҳакамлар ҳайъатлари энг юқори аниқлик ва шаффофлик стандартларига риоя қилган ҳолда, Қуръон тиловати услублари ва қоидаларига ихтисослашган таниқли халқаро ҳакамлар гуруҳи назорати остида эркак ва аёл иштирокчиларнинг чиқишларини тинглаб, финал босқичига кимлар ўтишини аниқлади.

Танловнинг жорий босқичи 133 мамлакатдан 334 нафар иштирокчи (эркак ва аёллар) иштирокида ўтказилмоқда, улар беш тоифа: "Шатибия" усули бўйича етти хил қироат асосида Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш (қироат ва назарий билимларни, шунингдек, тажвид қоидаларини аъло даражада бажариш ва риоя қилишни ўз ичига олади); аъло даражада ижро этиш, тажвидга риоя қилиш ва сўзларни шарҳлаш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет ўн бешта жузни ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет бешта жузни ёдлаш бўйича беллашмоқда.

Вазирлик ушбу глобал қуръоний тадбирнинг муваффақиятини таъминлаш учун электрон ҳакамлик тизимини жорий этиш, иштирокчиларни баҳолашда адолат ва аниқликни таъминлаш учун ташкилий ва кенг қамровли платформани яратиш, шунингдек, уларга турли хил хизматларни тақдим этиш каби барча имкониятларини ишга солишда давом этади.

Қирол Абдулазиз номидаги халқаро мусобақа дунёдаги энг йирик Қуръон мусобақаларидан бири ҳисобланиб, унинг умумий пул мукофотлари миқдори 10 миллион саудия риалидан ошади.

Мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини "Мир Араб" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, "Саййид Муҳиддин махдум" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ҳамда "Хадичаи Кубро" қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ҳимоя қилиши ҳақида аввал хабар берилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари