Бу йил ҳам муқаддас ойни узун кунлару қисқа тунлар билан қаршиладик.
Бу, мусулмонлик бурчини бажарган ҳолда, тўғри овқатланишни йўлга қўйишимиз учун ажойиб имкониятдир.
Очлик муолажаси, яъни рўза тутиш ўзига хос мураккаб жараён бўлиб, у муайян қонуният ва тамоиллар асосида кечади. Илмий асосга таяниб, маълум қоидаларга амал қилиб тутилган рўзанинг афзал жиҳати шундаки, унинг саломатлик учун ҳеч бир зиёни ва ҳавфи йўқ. Зеро, Қуръони каримда рўзадорнинг очлик ҳолатида инсоний (табиий) қонунлар эмас, балки илоҳий қонунлар ишга тушиши эътироф этилган. Рўза эса бу қонунлар талабига риоя этган, мослашган вужудни ҳимоя қилиш механизмини юзага чиқаради. Қирқ кун давомида рўза тутиб, очлик муолажасини ўтказган киши илоҳий қонуниятлардан чинакам баҳрамандлик ҳиссини туйиб, рўзани ҳар йили баҳорни соғингандай интиқлик билан кутади. Умрни ортга қайтаришнинг иложи бўлмаса-да, одам ўзини ёшаргандек ҳис қилиб, вужудида ёшлик шижоатини мавжлантирувчи ҳаётбахш қон гупуриб оқа бошлайди. Қирқ кунлик чилладан сўнг бош мия томирлари хилтлардан тозаланиб, одамнинг фикрлаш, тушуниш, англаш, ҳис қилиш, ўрганиш, хаёлни жамлаш қобилиятлари ортиб, таъм сезиш ҳисси кучаяди. Рўза тутиш даври, очлик жараёнида тананинг ички яширин имкониятлари намоён бўлиши учун одам руҳан, маънан ва жисман тайёр бўлиши керак.
Ифторлик хурмо ва сув билан
Илмий изланишлар кўрсатишича, дунёда миллионлаб кишилар меъёридан ортиқ овқат ейишнинг қурбонидирлар. Айни пайтда одам организми минерал ва витаминлар етишмовчилигидан қарийди. Тана учун энг муҳими – организмдаги сув меъёрини жойига келтириш, бунга айниқса, Рамазон ойида алоҳида эътибор қаратиш керак. Истеъмол қилинаётган сув миқдорини назорат қилиш ва доимийлигини таъминлашимиз зарур. Ифтордан саҳарликкача бўлган пайтда энг камида икки литр сувни бўлиб-бўлиб ичиш зарур. Масалан, ифторликка ярим литр сув ичилса, кейин ҳар соатда 0,3 литр сув исътемол қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. (Дарвоқе, ифторлик сувига бир қошиқ асал қўшилса, нафақат озиқлантирувчи, балки шифобахш, антибактериал ичимликка айланади)
Рўза тутганда, айниқса ифторлик маҳали хурмо исътемол қилиш аънанага айлангани бежиз эмас. Хурмо инсон танасидаги қувват – энергияни тиклаб берувчи витамин ва минералларга бой мевадир.
Рўзада таркибида кофеин моддаси бўлган ичимликлар, яъни чой, қаҳвадан тийилган маъқул. Улар ташна организмга фойда бермайди, аксинча, ундаги муҳим минерал – магний ва бошқа витаминларни чиқариб ташлайди, танадаги намликни қуритади. Агар сиз чой ва қаҳва ичишда ўзингизни чеклай олмасангиз, истеъмол қилинадиган сув миқдорини оширинг.
Ифторликда сув ва хурмо билан оғиз очгандан сўнг турли мевалардан тайёрланган салат ёки мева шарбати истеъмол қилинса, айни муддао бўлади. Мевалар инсон ҳаётида катта аҳамиятга эга, балки, шу боис ҳатто жаннатда ҳам Аллоҳ бандаларини мевалар билан сийлайди. “Уларга у жойда (турли) мевалар ва улар учун истаган нарсалари мавжуддир” (Ёсин, 57). “Сизлар учун у жойда кўплаб мева(лар) бўлиб, сизлар улардан егайсиз” (Зухруф, 73).
Мевалар сув, витамин, минералларга бой, энг табиий егуликдир. Мева сабзавотга қараганда тезроқ парчаланади, овқат ҳазм қилиш каналларини очади ва организмни витамин, минераллар билан бойитади. Уй шароитида янги таёрланган шарбат таркиби ич қотишига қарши, танадаги заҳарли моддалар – токсинларни чиқариш, овқат ҳазм қилиш ва қон айланиш тизимига ёрдам берувчи тўқималарга бой бўлади. Бироқ тайёр қадоқланган шарбатлар ҳам фойдадан холи эмас. Энг осон ва тез ҳазм бўладиган егулик тарвуздир.
Ифторликда ёнғоқлар, сут маҳсулотларини емаган маъқул. Бундай озиқланиш, витамин минералларга организмнинг тўйинишига етарли миқдордаги қувват билан тамиллашга ёрдам беради.
Саҳарлик дастурхони – оқсиллар макони
Саҳарлик дастурхони ҳайвон гўшти, ёғлар ва сабзавотлардан тайёрланган таомлардан иборат бўлиши керак. Гўшт инсон организмида 16 соат давомида парчаланади. Димланган қўй гўшти, қовурилган жўжа, сабзавотли қуймоқлар кишини тўқ тутади. Аммо уларни иложи борича гуруч ва нон маҳсулотларидан алоҳида истеъмол қилган маъқул. Гуруч ва нон каби крахмал ва углеводларга бой маҳсулотлар ошқозонда ишқорий муҳит яратилишини талаб қилади, аммо оқсилларни парчаловчи пепсин ферменти ишқорий муҳитда кучини йўқотади. Демак, икки хил озуқа гуруҳига мансуб маҳсулотларни парчаловчи ферментлар бирга ишлай олмайди, бу эса ошқозонга тушган овқатнинг бижғишига олиб келади. Натижада қорин дам бўлиши, жиғилдон қайнаши каби ҳолатлар вужудга келади.
Таъкидлаш лозимки, саноат миқёсида ишлаб чиқариладиган гўшт маҳсулотлари таркибида юқори миқдорда гормонлар қўлланилган бўлиши мумкин. Махсус доривор моддалар мол, паррандалар озуқасига уларнинг вазнини ошириш – семиртириш учун қўшиб берилади. Бундай гўштнинг таркибида яна катта миқдорда карбомид кислота токсинлари мавжуд бўлиб, уларнинг одам организмидан чиқиб кетиши қийиндир. Жонивор сўйилаётганда танасида қанча зарарли токсин бўлса, ҳаммаси гўштда сақланиб қолади. Шу ўринда дудланган, консерваланган гўшт, колбаса, сосиска каби маҳсулотлар ҳақида тўхталсак. Уларнинг таркибида маҳсулот яроқлилик муддатини узайтириш учун қўшилган холестерин, ёғ, катта миқдорда туз, ҳазми оғир бошқа қўшимчалар бўладики, аксариятини саломатлик учун безарар деб бўлмайди. Демак, харид қилаётган маҳсулотларимиз, хусусан гўштнинг ҳалол-покиза инсонлар томонидан етиштирилгани, рўзадорнинг танасига соф қувват беришига алоҳида аҳамият бермоқ лозим.
Ниҳоят, рўзага оид энг асосий жиҳатлар. Биринчидан, кун давомида оч юриб, ифтордан кейин бирданига кўп овқат ейиш рўзанинг ҳикматига зид, қолаверса, ошқозонга оғирлик қилиб, оқибатда инсон соғлигига салбий таъсир қилиш мумкин. Иккинчидан, саҳарлик қилиш, яъни кечанинг охирги қисмида таомланиш рўзанинг мустаҳаб одобларидан ҳисобланади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳарлик қилишга буюриб, айтганлар: «Саҳарлик қилинглар, зеро саҳарликда барака бордир» (Муттафақун алайҳ). Рўза вақтида сабр ва тиришқоқлик билан тўғри овқатланиш, табиий егуликлар истеъмол қилиш жисм саломатлиги, руҳиятнинг енгиллашиши, тиниқ фикрлаш, узоқ умрга олиб келади, иншааллоҳ.
Дилфуза РАҲИМЖОН қизи тайёрлади
Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.
Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.
Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.
Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.
Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.
Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.
Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.
Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.
Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.
Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.
Нафақат музей, балки интеллектуал платформа
Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.
Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.
Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш
Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.
Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.
Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.
«Маърифат билан жаҳолатга қарши»
Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.
Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.
Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.
Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.
Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси
Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.
Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.
Учинчи Ренессанснинг асосий кучи
Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.
Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.
Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.
Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.
Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.
Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати