Аллоҳ таолога ҳамду сано пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га саловотлар бўлсин. Аллоҳ таоло рамазон ойи рўзасини фарз қилар экан, унда бандалари учун беҳисоб ажр, савоблар ва сиҳат-саломатлиги учун катта фойда борлигини маълум қилади.
Жумладан, Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “...Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир...” (Бақара, 184).
Анас (розияллоҳу анҳу)дан: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Саҳарлик қилинглар. Албатта, саҳарликда барака бордир”, яна бир бошқа ҳадисда “Саҳарлик таомини лозим тутинглар. Чунки у муборак емакдир” дедилар.
Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобларнинг рўзасидаги фарқ саҳарлик ейиш биландир” яна бир ҳадисда “Хурмо мўмин киши учун қандай ҳам яхши саҳарлик”, дедилар.
Юқоридаги ҳадислардан маълум бўладики, саҳарлик қилишда барака бордир. Саҳарлик қилишда инсон сиҳат-саломатлиги учун манфаат бор. Иложи бўлганда саҳарликда хурмо ейилса, инсон саломатлиги учун фойдали экани ҳадисдан маълум бўлади. Саҳарлик қилишдан мақсад кундузи тутиладиган рўза учун бақувват бўлиб олишдир. Кўриниб турибдики, Ислом дини енгиллик ва инсон тоқати кўтара оладиган амаллар устига жорий қилинган. Ислом шариати жорий қилган ибодатларни бажариш учун ўзини қийнаш шарт эмас. Бугунги кунда баъзи кишиларга: “Рўза тутсанг, Аллоҳнинг амрини бажарган бўласан, охиратда дўзахдан қутилиб жаннатга кирасан”, дейилса, парво ҳам қилмайди. Тақво, бошқа яхши сифатлар ҳақида гапириб ўтиришга ҳожат ҳам йўқ.
Агар ўша кишига: “Рўза тутгин, соғлигинг яхши бўлади, вазнинг енгиллашади” дейилса, “Ундай бўлса, бир уриниб кўрсак бўлар экан”, дейди. Бу эса, ўз навбатида рўзанинг асл моҳиятидан узоқлашишга олиб келади. Афсуски, бунга ўхшаш рўзани асл моҳиятидан мусулмонларни узоқлаштирадиган омиллар оз эмас.
Узоққа бормай, биргина озиқ-овқат масаласини олиб кўрайлик. Ҳақиқий исломнинг рўза фалсафаси бўйича Рамазондан бошқа, оддий пайтлардаги нонушта Рамазонда саҳарлик бўлиб, кечки овқат эса ифторликка ўтиши керак.
Воқеликда бўлса, кишилар оддий кунларда бир неча кунга етадиган озиқ-овқатни Рамазонинг бир кунида саҳарлик ва ифторлик қилиб, еб-ичиб оладилар. Натижада улар Рамазондан бир неча килога семириб чиқадилар.
Лекин шунга қарамай, Рамазоннинг руҳи унинг фойдаси ҳозир ҳам дунё бўйлаб яққол кўриниб турибди. Рамазони шариф кириши билан Ислом олами ўзгача тусга киради. Барча яхшиликлар кескин кўпайиб, ёмонликлар деярли йўқолади. Ким бўлишидан қатъий назар ҳар бир мусулмон тавбага, ибодатга ўзини уради. Ҳар ким қўлидан келганча яхшилик қилишга уринади. Ёмонликдан барча, ҳатто ёмонлар ҳам ўзини олиб қочади. Бошқа вақтда намоз ўқимайдиганлар ҳам рўза тутиб, намоз ўқиб, таровеҳга қатнаб қолади. Хуллас, мусулмон олами бир кечада яхшилик томон бурилиб қолганга ўхшайди.
Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алйҳи ва саллам): “Модомики ифторни тез қилар эканлар, кишилар яхшиликда бўладилар”, дедилар.
Яна бошқа бир ҳадисда “Одамлар модомики ифторни тез қилишар экан, дин устун бўлади. Чунки яҳудий ва насронийлар ифторликни кечга сурадилар”, дедилар.
Ҳадиси қудсийда эса: “Мен учун бандаларимнинг энг маҳбуби ифторни тезроқ қиладиганидир”, дейилган.
Ушбу ривоятларда вақт бўлиши билан дарҳол ифторлик қилиш тарғиб этилмоқда. Бу билан кишилар яхшиликда давомли бўлиши, Ислом дини устун бўлиши, Аллоҳ таолога маҳбуб бандалардан бўлиш ваъда қилинмоқда.
Салмон ибн Омир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қачон бирингиз ифтор қилса, оғзини хурмо билан очсин. Чунки у баракадир. Ким топмаса, сув билан очсин. Чунки у покловчидир”, дедилар.
Кун бўйи рўза тутиб юрган инсон жисмида катта ўзгаришлар юз беради. Шунинг учун ифтор вақти бўлганда оғизни нима билан очиш ўта аҳамиятлидир. Чунки маълум муддат давом этган очликдан сўнг биринчи тановул қилинадиган нарсанинг таъсири каттадир. Ана шу жиҳатдан хурмо ёки сув ўта мувофиқ нарсалардир.
Тиббий-илмий изланишлар оқибатида рўзанинг турли жисмий ва руҳий касалликлардан ҳимоя қилиш, уларнинг олдини олишда фойдаси борлиги маълум бўлди. Масалан,
· рўза инсондаги касалликларга қарши иммунитетни кучайтиради;
· рўза тутган одамда семизликка қарши монелик пайдо бўлади;
· рўза буйракда тошлар йиғилишидан сақлайди;
· рўза инсон жисмини ва уни тўқималарида тўпланиб қоладиган турли заҳарли моддаларни тозалашга ёрдам беради. Озиқ-овқат, дори-дармон ва ҳаво орқали инсон жисмига кўплаб заҳарли моддалар кириб қолади. Ана шу моддалар фақат рўза орқали чиқиб кетади.
Шунингдек,
· семизликдан келиб чиқадиган қон томирларнинг торайиши, қон босимининг ортиши ва юрак касалликларини даволашда;
· қон айланишига оид касалликларни даволашда;
· бўғинларнинг сурункали шишини даволашда фойдалилиги аниқланган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, рўзанинг инсон саломатлиги тўғрисида янгидан-янги кашфиётлари бўлмоқда. Демак, Ислом шариати инсон саломатлиги ва манфаати учун хизмат қиладиган диндир.
Фазлиддин Хусанов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
#Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.
Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).
Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.
Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.
Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ