Ҳар йили Рамазон ойи бошимизга соябон бўлиб келганида ул муборак ойнинг фазилатидан баҳраманд бўлиб қолиш учун интиламиз, тутаёган рўзамиз қабул бўлиши учун бир-биримизга яхшиликлар илинамиз.
Динимиз яхшиликни аввал ўз яқинларингдан бошлашга амр этади. Яқинларга қилинадиган яхшиликнинг энг афзали эса силаи раҳмдир.
«Сила» сўзи араб тилида «қўшиш», «боғлаш», «жамлаш» ва «пайвандлаш» маъноларини англатади. Шунингдек, моддий мукофот ва мол беришга ҳам ишлатилади. Уламолар истилоҳида эса, асосан, силаи раҳм, яъни қариндошларга ва яқин кишиларга яхшилик қилишга «сила» дейилади. «Сила силаи раҳмдир. У насабдош қариндошларга яхшилик қилиш, уларга меҳр-мурвват кўрсатиб, ҳолларидан хабар олишдан иборатдир.
Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалар қариндошларидан шикоят қилишганида, у зот: “Улар ёмонлик қилишса ҳам, сизлар яхшилик қила- веринглар”, деб буюрганлар.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Эй одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Раббиларингдан қўрқинглар! Шунингдек, ўрталарингдаги ўзаро му- омалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир” (Нисо, 1).
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) “Қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндошнинг ҳолидан хабар олишдир ” (Бухорий ва Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар. Қариндошлик ҳақлари фақат борди-келдиларнинг такрорланиши билан чегараланиб қолмай, очин-тўқин кунларида далда ва хурсандчилигига шерик бўлишни ҳам тақозо этади. Инсон табиатан яқинларига, оға-иниларига суянишни хоҳлайди ва топганларини улар билан баҳам кўришга уринади. Яқинларнинг ўзаро борди-келдини узиб қўйиши жамиятда меҳрсизлик, бағритошлик каби иллатларни пайдо қилади. Демак, қариндошлик алоқаларининг мустаҳкамлиги жамият тараққиётида ҳам муҳим омилдир.
Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Аллоҳ таоло: «Мен Аллоҳман! Мен Раҳмонман! Раҳм Менинг исмимдан олингандир! Ким унинг силасини қилса, Мен ҳам унинг силасини қиламан. Ким унинг силасини узса, мен ҳам унинг силасини узаман», дейди», — дедилар.
Ҳадисларда ака ота ўрнида, опа она ўрнида экани айтилган. Демак, акани ота каби ҳурматлаш, опани она каби эъзозлаш лозим. Ўз навбатида, бу қоидадан ака ва опанинг ука-сингилларига ота ва она каби ғамхўрлик қилишлари кераклиги ҳам англашилади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни бир- бирларимизга меҳр-муҳаббатли қилсин, фаровон ҳаёт кечиришимизни насиб этсин!
Айниқса, муборак Рамазон кунларида яқинларимизни йўқлайлик. Бу эса юқорида айтилганидек рўзаларимизнинг мукаммал қабул бўлишига далолатдир.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ