Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Август, 2026   |   11 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:16
Қуёш
05:41
Пешин
12:25
Аср
17:11
Шом
19:13
Хуфтон
20:34
Bismillah
24 Август, 2026, 11 Рабиъул аввал, 1448

Силаи раҳм яхшиликлар калити

20.05.2018   51317   16 min.
Силаи раҳм яхшиликлар калити

Ҳар йили Рамазон ойи бошимизга соябон бўлиб келганида ул муборак ойнинг фазилатидан баҳраманд бўлиб қолиш учун интиламиз, тутаёган рўзамиз қабул бўлиши учун бир-биримизга яхшиликлар илинамиз. 

Динимиз яхшиликни аввал ўз яқинларингдан бошлашга амр этади. Яқинларга қилинадиган яхшиликнинг энг афзали эса силаи раҳмдир.

 

 «Сила» сўзи араб тилида «қўшиш», «боғлаш», «жамлаш» ва «пайвандлаш» маъноларини англатади. Шунингдек, моддий мукофот ва мол беришга ҳам ишлатилади. Уламолар истилоҳида эса, асосан, силаи раҳм, яъни қариндошларга ва яқин кишиларга яхшилик қилишга «сила» дейилади. «Сила силаи раҳмдир. У насабдош қариндошларга яхшилик қилиш, уларга меҳр-мурвват кўрсатиб, ҳолларидан хабар олишдан иборатдир.

 

Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалар қариндошларидан шикоят қилишганида, у зот: “Улар ёмонлик қилишса ҳам, сизлар яхшилик қила- веринглар”, деб буюрганлар.

 

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

 

“Эй одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Раббиларингдан қўрқинглар! Шунингдек, ўрталарингдаги ўзаро му- омалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир” (Нисо, 1).

 

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) “Қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндошнинг ҳолидан хабар олишдир ” (Бухорий ва Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар.  Қариндошлик ҳақлари фақат борди-келдиларнинг такрорланиши билан чегараланиб қолмай, очин-тўқин кунларида далда ва хурсандчилигига шерик бўлишни ҳам тақозо этади. Инсон табиатан яқинларига, оға-иниларига суянишни хоҳлайди ва топганларини улар билан баҳам кўришга уринади. Яқинларнинг ўзаро борди-келдини узиб қўйиши жамиятда меҳрсизлик, бағритошлик каби иллатларни пайдо қилади. Демак, қариндошлик алоқаларининг мустаҳкамлиги жамият тараққиётида ҳам муҳим омилдир.

 

Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Аллоҳ таоло: «Мен Аллоҳман! Мен Раҳмонман! Раҳм Менинг исмимдан олингандир! Ким унинг силасини қилса, Мен ҳам унинг силасини қиламан. Ким унинг силасини узса, мен ҳам унинг силасини узаман», дейди», — дедилар.

 

Ҳадисларда ака ота ўрнида, опа она ўрнида экани айтилган. Демак, акани ота каби ҳурматлаш, опани она каби эъзозлаш лозим. Ўз навбатида, бу қоидадан ака ва опанинг ука-сингилларига ота ва она каби ғамхўрлик қилишлари кераклиги ҳам англашилади.

 

Аллоҳ таоло барчаларимизни бир- бирларимизга меҳр-муҳаббатли қилсин, фаровон ҳаёт кечиришимизни насиб этсин!

 

Айниқса, муборак Рамазон кунларида яқинларимизни йўқлайлик. Бу эса юқорида айтилганидек рўзаларимизнинг мукаммал қабул бўлишига далолатдир.

 

 

 

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   32212   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари