Рўза инсонни ҳалол-покликка даъват этади, унинг қалбини ғуборлардан тозалайди.
Зеро, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: “Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди” (Бақара,183). Яъни, Рамазон рўзасидан кўзланган мақсад мўминларда тақвони шакллантириш экан.
Рамазон ойларнинг султонидир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ойларнинг энг афзали Рамазондир» (Имом Табароний ривояти), деганлар. Рамазоннинг энг буюк фазилатларидан бири – бу унинг Қуръон ойи эканидадир. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги китоби, қиёматгача боқий қоладиган, барчани ожиз қолдирган мўъжиза каломи Қуръони каримни нозил қилиш учун айнан Рамазон ойини танлаган. Шунинг ўзи бу ойнинг қанчалар улуғ эканини англаш учун етарлидир. Аллоҳ таоло айтади: «Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон туширилгандир» (Бақара, 185). Қадро сурасида эса: «Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик» (1-оят) дея марҳамат қилинади.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Қуръонни аввал Лавҳул-маҳфуздан дунё осмонига бутунича нозил қилган ва бу Рамазон кечаларидан бирида – Қадр кечасида бўлган. Қуръоннинг Ер юзига, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нозил қилиниши ҳам айнан Қадр кечасида бошланган. Кейинчалик ҳар Рамазонда ваҳий фариштаси Жаброил (алайҳиссалом) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб, у зотга шу Рамазонгача нозил бўлган оятларни такрорлатадиган бўлди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этадиган йиллари Қуръонни Жаброил (алайҳиссалом)га икки бора ўқиб берганлар. Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳумо) бу муборак хатмга гувоҳ бўлганлар. Бу хатм манбаларда «арзаи охир» – «сўнгги ўқиб ўтказиш» деган ном билан машҳурдир.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг сахийроғи эдилар. Айниқса, Рамазон ойида Жаброил (алайҳиссалом) у зот билан учрашганда янада сахий бўлиб кетардилар. Жаброил (алайҳиссалом) Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, Қуръонни дарс қилишарди. Тонгги сабо шабадаси барчага хуш кайфият бахш этгани каби, Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саховатларидан ҳам барча баҳраманд бўлар эди» (Имом Бухорий ривояти).
Шу билан бирга Рамазон Райён эшигининг калитидир. Жаннатга киришнинг ўзи катта бир саодат. Аммо ўша жаннатга Парвардигори оламнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлиб, махсус тайёрлаб қўйилган эшикдан кириш яна бир ўзгача бахт ва шарафдир. Бу эшикдан эса фақат рўзадор бўлганлар кира оладилар. Саҳл (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Жаннатда бир эшик бор, у «Райён» деб аталади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. «Рўзадорлар қани?» дейилади. Шунда улар туришади. Улар киришгач, у беркитилади. Кейин ҳеч ким ундан кирмайди», дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг суннатларига кўра Рамазон билан табрикланади, унга ошиқилади. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон ойини интиқлик билан кутар, унинг яқинлашганини кишиларга эслатиб турар ва саҳобаи киромларни у билан табриклаб, муносиб тайёргарлик кўришга чорлар эдилар. Бу ҳақида Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ражаб ойи кирганда: «Аллоҳим, бизга Ражаб ва Шаъбонда барака бергин ҳамда Рамазонга етказгин», дер эканлар (Имом Байҳақий ривояти ).
Абу Фазл ўз «Муснадида» Салмон (розияллоҳу анҳу)дан қуйидагича ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаъбоннинг охирги куни бизга хутба қилиб бундай дедилар: «Эй одамлар! Дарҳақиқат, сизларга буюк бир ой соя солмоқда. Муборак ой. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ унинг рўзасини фарз қилди, кечасини ибодат билан ўтказишни ихтиёрий – нафл қилди. Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади. У сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир. У кўнгил овлаш ойидир. У мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир. Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бу унинг учун бир қул озод қилиш ва гуноҳлари учун мағфират бўлади», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз-ку?», дейилди. У зот: «Бу савобни Аллоҳ рўзадорга бир татим сут ё хурмо ёки бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳлари учун мағфират бўлади ва Аллоҳ унга менинг Ҳавзимдан ичимлик ичиради, у то жаннатга киргунича чанқамайди. Унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, у (рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарсани камайтирилмайди.
У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир. Ким унда ўз мамлукига (қул ва чўрисига) енгиллик яратса, Аллоҳ уни дўзахдан озод қилади».
Аллоҳим! Рамазон ойининг ана шу фазилатларидан барчамизни баҳраманд эт! Уни биз учун умрларимизнинг энг савоблиси ва мазмунлиси қил! Шу ойнинг шарофатидан қолган ойларимизни ҳам баракотли, хайрли қилиб, юртимиз ва бутун дунёда тинчлик, хотиржамлик ва яхшиликларингни бардавом қил!
Амрулло ЖЎРАЕВ,
Бухора шаҳридаги “Мир Араб” ислом
ўрта-махсус билим юрти мударриси
Ўзбекистон халқининг
35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ
Бугун азиз Ватанимизнинг ҳар бир фарзандининг юраги ҳапқириб турибди. Негаки, биз Она-юртимизнинг энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамини, Ўзбекистон Республикаси истиқлолини қўлга киритганининг 35 йиллик шодиёналарини катта тантана қилаяпмиз.
Жаннатмакон юртимиз, муқаддас Ватанимиз, доно халқимизнинг диний қадриятлари, миллий анъаналари ниҳоятда бисёр, беқиёс ва бетакрор бўлса-да, қутлуғ айём арафасида дориломон кунларга етказгани учун яна ва яна шукр қилиш мақсадида бу йил Мустақиллигимизни 35 йиллигини нишонлаётганимиз учун фақат 35 тасинигина зикр қилмоқчимиз:
1) Оила муқаддаслиги – жамиятнинг мустаҳкам асоси.
2) Ота-онага ҳурмат – ота-онани эъзозлаш ва уларнинг хизматларини қадрлаш.
3) Меҳмондўстлик – меҳмонни очиқ чеҳра ва очиқ кўнгил билан кутиб олиш.
4) Меҳнатсеварлик – ҳалол меҳнат ва касб-ҳунарни қадрлаш.
5) Катталарга ҳурмат – оқсоқоллар ва нуронийларни эъзозлаш.
6) Тинчликсеварлик – тинч-тотув ҳаётга интилиш.
7) Анъаналарни асраш – миллий урф-одат ва удумларни сақлаш ҳамда давом эттириш.
8) Маънавият – юксак ахлоқ ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат.
9) Поклик – уйда, кийимда, танада ва кўнгилда озодаликка риоя қилиш.
10) Дастурхон саховати – меҳмонни саховат ва меҳр билан кутиб олиш.
11) Қўшничилик қадриятлари – маҳаллада аҳиллик ва ўзаро ёрдам.
12) Ёрдамга тайёрлик – яқинлар ва муҳтожларга мурувват кўрсатиш.
13) Камтаринлик – одобли ва камтарона ҳаёт кечириш.
14) Ёш авлодга ғамхўрлик – фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш.
15) Аёлларга ҳурмат – она, рафиқа, опа-сингилларни қадрлаш.
16) Таълимга интилиш – илм олиш ва билимни қадрлаш.
17) Ор-номус – ҳалоллик ва виждон билан яшаш.
18) Маросимларга риоя – миллий маросим ва оилавий удумларни эъзозлаш.
19) Сўзга содиқлик – ваъдага вафо қилиш.
20) Матонат ва сабр – қийинчиликларга бардош билан ёндашиш.
21) Ҳунармандчиликни қадрлаш – миллий ҳунар ва устачилик анъаналарини асраш.
22) Табиатга меҳр – ер, сув ва атроф-муҳитни авайлаш.
23) Бағрикенглик – турли миллат, дин ва маданият вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш.
24) Одоб-ахлоқ – юксак муомала маданиятига амал қилиш.
25) Миллий байрамларни эъзозлаш – Наврўз, ҳайитлар ва Мустақиллик байрамини қадрлаш.
26) Адолат – ҳалоллик, тенглик ва қонун устуворлигини қадрлаш.
27) Ўтганларни ҳам қадрлаш – бу дунёдан ўтганларни эҳтиром ва чиройли амаллар билан эъзозлаш.
28) Тил ва маданиятни асраш – ўзбек тили ва миллий меросни эъзозлаш.
29) Ватанпарварлик – Ватанни севиш ва унинг равнақига ҳисса қўшиш.
30) Миллатлараро тотувлик – турли миллат ва элат вакиллари ўртасида аҳилликни мустаҳкамлаш.
31) Жамоавийлик – ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорлик.
32) Миннатдорчилик – қилинган яхшиликни қадрлаш.
33) Устозга ҳурмат – устозларни эъзозлаш ва уларнинг меҳнатини қадрлаш.
34) Миллий кийимлар – миллий маданият ва одоб тимсоли сифатида қадрлаш.
35) Аждодларга ҳурмат – тарихий мерос ва миллий илдизларни эъзозлаш.
* СИЗ яна қўшишингиз мумкин...
*** ЭНГ муҳими: йўқотиб қўйишдан олдин уларнинг ҚАДРИГА етиш !!!
☼ Қуръони карим ояти карималари;
☼ Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадиси шарифлари;
☼ динимиз асослари;
☼ шариатимиз аҳкомлари;
☼ шарқона одобларимиз;
☼ мазҳабимиз меъёрлари;
☼ жамиятшунослик алоқалари;
☼ одамгарчилик муносабатлари;
☼ инсоний туйғулар;
☼ руҳшунослик сир-асрорлари;
☼ юртимиз урф-одатлари;
☼ ўзбекчилик қоидалари;
☼ маданиятимиз ахлоқлари;
☼ инсоний ақл ва ахлоқий нормалар;
☼ доно мақолларимиз;
☼ миллий анъаналаримиз;
☼ диний қадриятларимиз;
☼ халқимиз онг-тафаккури;
☼ миллатимиз менталитети,
☼ анъанавий фалсафаси;
☼ ўзбек халқининг илғор қадриятлари;
☼ улуғларимиз ҳикматлари;
☼ доно халқимиз дунёқараши;
☼ мусулмончилигимиз кўрсатмалари
а с о с в а н е г и з л а р и д а
– улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган дуру гавҳар ривоятлари ва ноёб ҳикматлари,
– буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари,
– меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари,
– элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари,
– жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар,
– замонавий олимларнинг билимлари, турли соҳа мутахассисларининг ажойиб кашфиётлари,
– бугунги кунда ва доим керак бўладиган ҳаётий масалалар, долзарб мавзулар, қизиқарли маълумотлар ҳамда халқимиз орасида эътироф этилган мезонлар
дан
улуғ устозларимиз (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)нинг кенг, чуқур ва унумли истифода этиб, бизларга батафсил тақдим этаётган доно халқимизнинг анъанавий қадриятларини асраб авайлаш – ҳам бурчимиз, хам фарзимиз, ҳам қарзимиз!
Бу рўйхатни яна кўплаб давом эттириш мумкин... Бироқ фикримизни мухтасар қилган ҳолда Аллоҳдан Ўзбекистон халқининг бундай фазилатлари янада кўпайишини, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимизга сиҳат-саломатлик, оилаларимизга бахт-саодат сўраб қоламиз.
Аллоҳ таборака ва таоло ҳар бир хонадонга соғлик-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, илоҳий файз-барака, кўпдан-кўп яхшиликлар ато этсин!
Илоҳо жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун, муборак динимиз камолоти ҳамда масжиду-мадрасаларимизни ободлиги учун муҳтарам Юртбошимизнинг доно раҳбарликлари остида, ҳукуматимиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб бораётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин! Турмушимиз обод, хирмонларимиз мўл, оилаларимиз мустаҳкам, болаларимиз ҳар томонлама соғлом, маънавиятимиз юксак бўлсин!
Меҳрибон Парвардигоримиз доно халқимизни доимо турли хил ўринларда ҳар хил шаклларда қилаётган яхши, хайрли, чиройли, савобли ишларини Ўз даргоҳи илоҳийсида қабул айласин! Илоҳо халқимизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, оилаларимизга файзу илоҳий, бахт-саодат, тўкин-сочин дастурхонлар насиб қилсин! Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи – эшитиб турувчи, кўриб турувчи ва билиб турувчи Зот! Ҳаммаларимизнинг дилларимиздаги ниятларимизни, қалбимиздаги орзуларимизни ва барча ҳожатларимизни ўйлаганимиздан ҳам афзали-зиёдаси билан раво қилсин!
Илоҳо деҳқончиликларимизга ва касб-корларимизга хайр-барака бериб, ишларимизда кўпдан-кўп омадлар, муваффақиятлар ва беҳисоб хурсандчиликлар ато этиб, икки дунёда ҳам азизу мукаррам айласин!
Иброҳимжон домла ИНОМОВ