Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Август, 2026   |   18 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:25
Қуёш
05:48
Пешин
12:23
Аср
17:03
Шом
19:02
Хуфтон
20:21
Bismillah
31 Август, 2026, 18 Рабиъул аввал, 1448

Рамазон – бирдамлик ойи, таровеҳ – тароватли намоз

19.05.2018   50246   4 min.
Рамазон – бирдамлик ойи, таровеҳ – тароватли намоз

Кунии кеча муборак рамазон ойи кирди. Маҳалла-кўй тўпланишиб масжидимизга таровеҳ намозини ўқигани бордик. Намозга йиғилган одам ўтган йилгидан уч-тўрт баробар кўп. Бурунги йиллари намозхонлар таровеҳнинг яримларига келганда таҳоратга, бошқа нарсаларга қўзғалиб қолар эди. Бу йил ҳамма охиригача ўқиди. Аллоҳ таолонинг марҳамати ила бугун учинчи таровеҳни ўқиймиз.

Ўртароқ сафда туриб намоз ўқир эканман, одамларимиз намозга хийла маҳкам бўлиб қолибди, деб суюниб қўйдим. Зеро, таровеҳни ўқиган одам ҳам намоз ўқиганининг, ҳам Қуръони каримни хатм қилганнинг савобини олади-да.

Ҳамма нарса ўзининг ўрнида қийматли бўлади деганларидек, рамазон ойида тутилган рўзанинг, ана шу кечаларда ўқилган йигирма ракат намознинг,  қилингани тиловати Қуръоннинг савобини бошқа ҳеч вақтда топиш мумкин эмас. Бошқа вақтда 24 соатлаб рўза тутсангиз ҳам, минг ракатлаб намоз ўқисангиз ҳам, бир кечада бир мартадан хатм қилсангиз ҳам бугуннинг савобига асло эриша олмайсиз.

Нега? Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримни айнан рамазон ойида дунё осмонига туширди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил эта бошлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Қуръон дунё осмонига Қадр кечасида бир йўла нозил қилинди. Сўнгра, ундан кейин йигирма йил мобайнида бўлиб-бўлиб нозил қилинди» (Имом Байҳақий ривояти)

Рамазон ойида тўлиқ бир ой рўза тутишни Аллоҳ таолонинг Ўзи амр қилиб:  “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сурасининг 183-ояти), деди ва унинг мукофотини Ўзи беришини ваъда қилди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан  ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бундай деган:

Одам боласининг ҳар бир амали унинг учундир. Фақат рўза мен учундир. Унга ўзим мукофот бераман!” (Имом Аҳмад, Имом Муслим ва Имом Насоий ривояти)

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига таровеҳ намозини ўқишни ўргатдилар.

Аллоҳ таолонинг амри ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатини бажариб эришиладиган савобни бирор нарсага тенглаштириб бўлар эканми?

Рамазон – Қуръон ойи. Муқаддас Китобимиз ана шу ойда нозил бўлди. Бу ойда ўқилган ҳар бир ҳарф учун масжидда ҳозир бўлган инсонларнинг барча-барчаси мислсиз ажру савоблар олади.

Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин(Бақара сурасининг 185-ояти).

Рамазон – сабр-бардош ойи. Аллоҳ таоло шу ойда нафсимизни оч ва сувсиз қўйиб қалбимиздаги имонимизни синайди. Шунинг учун рўзадорман деган одамнинг қанчалик рўзадор эканини Унинг Ўзи билади.

Рамазон – барака ойи. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи уни баракали қилиб қўйган.

Рамазон – саховат ойи. Чунки ҳар сафар рамазон кирганида Пайғамбар алайҳиссалом янада сахий бўлиб кетганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахийликлари Рамазонда – Жаброил у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, Қуръонни дарс қилишарди. Ҳақиқатда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар» (Имом Бухорий ривояти).

Рамазон – бирдамлик, ҳамжиҳатлик, дийдор ойи. Бир йил давомида бир-бирини кўрмаган кўнгли яқин, аммо яшаш жойи узоқ, қиладиган касби-кори бошқа-бошқа бўлган инсонлар таровеҳ намозларига келганда яна дийдорлашади. Бегона инсонлар ҳам таровеҳ намозига қатнаганда танишиб, дўстлашиб кетади. 

Таровеҳни ўқиётганда саррин ҳавода танимизни майингина шабада силаб турганини ҳис қиляпмиз. Ҳаво ҳам ниҳоятда мусаффо. Буни Раббимизнинг бошимиз узра ёғилган марҳаматидан  нишона бўлсин дея умидвор бўлайлик ва кўплаб эзгуликлар сўраб дуога қўл очайлик, азизлар.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ,

ЎМИ Матбуот хизмати

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Иордания ОАВ: Тошкентда Ислом цивилизациясига бағишланган халқаро медиафорум ўтказилади

19.08.2026   80052   2 min.
Иордания ОАВ: Тошкентда Ислом цивилизациясига бағишланган халқаро медиафорум ўтказилади

Иорданиянинг нуфузли “Jordan News Agency” (Petra) ахборот агентлиги ҳамда “Hala Ahbar” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ ва кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Агентликда ёзилишича, мазкур йирик халқаро тадбир Ўзбекистоннинг жаҳон медиа ҳамжамияти билан алоқаларини янада кенгайтириш, журналистлар ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашишни ривожлантириши билан аҳамиятлидир.

Шу билан бирга, форум давомида ислом цивилизациясининг бой илмий-маърифий ва маданий меросини замонавий медиа воситалари орқали кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Форумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.

Нашрлар форум дастурининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, тадбир доирасида ялпи мажлислар, ихтисослаштирилган медиа-кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ташкил этилади.

Мунозараларда ҳужжатли фильмлар яратиш, тарихий хотирани асраш ва ёритиш, нашриёт лойиҳаларини ривожлантириш, замонавий технологиялардан медиа соҳасида самарали фойдаланиш ҳамда халқаро медиа лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади.

Нашрнинг қайд этишича, тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири – Ўзбекистонлик талабалар учун халқаро медиа соҳасининг тажрибали мутахассислари иштирокида амалий мастер-класслар ўтказилишидир. Бу машғулотлар замонавий журналистика, медиамаҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга хизмат қилади.

Иордания ОАВда форум доирасида иштирокчилар учун Самарқанд шаҳрига сафар ҳам режалаштирилгани қайд этилган. Хорижий журналистлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси билан танишадилар. Тошкент шаҳрида эса халқаро ОАВ вакиллари учун махсус медиатур ташкил этилади.

Бундай сафарлар форум иштирокчиларига Ўзбекистоннинг нафақат замонавий тараққиёти, балки унинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни, илмий-маърифий анъаналари ва бой маданий мероси ҳақида бевосита тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

Мақолаларда халқаро медиафорумнинг 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланиши ҳам маълум қилинган. Хорижий меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари