Кунии кеча муборак рамазон ойи кирди. Маҳалла-кўй тўпланишиб масжидимизга таровеҳ намозини ўқигани бордик. Намозга йиғилган одам ўтган йилгидан уч-тўрт баробар кўп. Бурунги йиллари намозхонлар таровеҳнинг яримларига келганда таҳоратга, бошқа нарсаларга қўзғалиб қолар эди. Бу йил ҳамма охиригача ўқиди. Аллоҳ таолонинг марҳамати ила бугун учинчи таровеҳни ўқиймиз.
Ўртароқ сафда туриб намоз ўқир эканман, одамларимиз намозга хийла маҳкам бўлиб қолибди, деб суюниб қўйдим. Зеро, таровеҳни ўқиган одам ҳам намоз ўқиганининг, ҳам Қуръони каримни хатм қилганнинг савобини олади-да.
Ҳамма нарса ўзининг ўрнида қийматли бўлади деганларидек, рамазон ойида тутилган рўзанинг, ана шу кечаларда ўқилган йигирма ракат намознинг, қилингани тиловати Қуръоннинг савобини бошқа ҳеч вақтда топиш мумкин эмас. Бошқа вақтда 24 соатлаб рўза тутсангиз ҳам, минг ракатлаб намоз ўқисангиз ҳам, бир кечада бир мартадан хатм қилсангиз ҳам бугуннинг савобига асло эриша олмайсиз.
Нега? Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримни айнан рамазон ойида дунё осмонига туширди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил эта бошлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Қуръон дунё осмонига Қадр кечасида бир йўла нозил қилинди. Сўнгра, ундан кейин йигирма йил мобайнида бўлиб-бўлиб нозил қилинди» (Имом Байҳақий ривояти)
Рамазон ойида тўлиқ бир ой рўза тутишни Аллоҳ таолонинг Ўзи амр қилиб: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сурасининг 183-ояти), деди ва унинг мукофотини Ўзи беришини ваъда қилди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бундай деган:
“Одам боласининг ҳар бир амали унинг учундир. Фақат рўза мен учундир. Унга ўзим мукофот бераман!” (Имом Аҳмад, Имом Муслим ва Имом Насоий ривояти)
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига таровеҳ намозини ўқишни ўргатдилар.
Аллоҳ таолонинг амри ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатини бажариб эришиладиган савобни бирор нарсага тенглаштириб бўлар эканми?
Рамазон – Қуръон ойи. Муқаддас Китобимиз ана шу ойда нозил бўлди. Бу ойда ўқилган ҳар бир ҳарф учун масжидда ҳозир бўлган инсонларнинг барча-барчаси мислсиз ажру савоблар олади.
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин” (Бақара сурасининг 185-ояти).
Рамазон – сабр-бардош ойи. Аллоҳ таоло шу ойда нафсимизни оч ва сувсиз қўйиб қалбимиздаги имонимизни синайди. Шунинг учун рўзадорман деган одамнинг қанчалик рўзадор эканини Унинг Ўзи билади.
Рамазон – барака ойи. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи уни баракали қилиб қўйган.
Рамазон – саховат ойи. Чунки ҳар сафар рамазон кирганида Пайғамбар алайҳиссалом янада сахий бўлиб кетганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахийликлари Рамазонда – Жаброил у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, Қуръонни дарс қилишарди. Ҳақиқатда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар» (Имом Бухорий ривояти).
Рамазон – бирдамлик, ҳамжиҳатлик, дийдор ойи. Бир йил давомида бир-бирини кўрмаган кўнгли яқин, аммо яшаш жойи узоқ, қиладиган касби-кори бошқа-бошқа бўлган инсонлар таровеҳ намозларига келганда яна дийдорлашади. Бегона инсонлар ҳам таровеҳ намозига қатнаганда танишиб, дўстлашиб кетади.
Таровеҳни ўқиётганда саррин ҳавода танимизни майингина шабада силаб турганини ҳис қиляпмиз. Ҳаво ҳам ниҳоятда мусаффо. Буни Раббимизнинг бошимиз узра ёғилган марҳаматидан нишона бўлсин дея умидвор бўлайлик ва кўплаб эзгуликлар сўраб дуога қўл очайлик, азизлар.
Дамин ЖУМАҚУЛ,
ЎМИ Матбуот хизмати
Кувайт университети Тил маркази директори, доктор Ҳолид Ал-Фадли мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.
– Мустақилликнинг 35 йиллик байрами муносабати билан яқин дўст ва қардош Ўзбекистон халқини чин дилдан самимий муборакбод этаман. Ўзбекистонлик барча биродарларимизга юксак тараққиёт, фаровонлик, тинчлик-хотиржамлик ва янги муваффақиятлар тилайман.
Биз Ўзбекистон билан азалдан мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва самимий меҳр-оқибат ришталарига эгамиз. Ушбу муборак заминдан кўплаб буюк ва машҳур ислом уламолари етишиб чиққан. Бу бебаҳо илмий ва маънавий мерос нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун улкан бойлик ҳисобланади.
Кувайт университети ва Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари ўртасида яқин ва самарали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганидан мамнунмиз. Кўп йиллардан буён ўзбекистонлик талабалар юртимизда, хусусан, Кувайт университетида араб тили ва маданиятимиз бўйича ўз билимини ошириб келмоқда. Улар бир ўқув йили давомида, яъни уч семестр мобайнида араб тилини пухта ўрганиш билан бирга, Кувайт маданияти, тарихи ва жамияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқда.
Ўзбек талабалари билан мулоқотлар давомида уларнинг таълим ва илмга жуда катта қизиқиш ҳамда иштиёқ билан ёндашишига алоҳида эътибор қаратдим. Улар нафақат араб тилини ўрганиш, балки бошқа халқнинг маданияти, санъати, иқтисодиёти ва ривожланиш тенденцияларини чуқур англашга интилаётгани қувонарли.
Араблар ва ўзбек халқи ўртасида асрлар давомида шаклланган чуқур тарихий, илмий ва маънавий алоқалар мавжуд. Мен ушбу дўстона ва қардошлик ришталари келгусида янада мустаҳкамланиб, янги мазмун билан бойишини истайман. Бу борада халқаро конференциялар ўтказиш, қўшма илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Кувайтдаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан билдирилаётган ташаббус ва таклифларни қўллаб-қувватлаш, уларни амалга оширишга янада катта эътибор қаратиш зарур. Биз ҳам икки мамлакат ўртасидаги таълим, илм-фан ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар ва истиқболли ташаббусларни амалга оширишдан манфаатдормиз.
Яна бир бор, қардош Ўзбекистон халқини Мустақилликнинг 35 йиллик қутлуғ байрами билан қутлайман. Аллоҳ таоло қардош Ўзбекистон диёрига тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик, тараққиёт ва улкан муваффақиятлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати