Рўза қачон фарз қилинган?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларидан бир ярим йил ўтиб, ҳижрий иккинчи йилда Шаъбон ойида фарз қилинган.
Рўзанинг таърифи.
Рўза соғлом ва қодир кишининг ният билан субҳи содиқдан шомгача еб-ичиш, жинсий алоқа ва рўзани очувчи бошқа нарсалардан тийилишидир.
Рамазон ойида рўза тутиш Исломнинг беш асосий рукнларидан бири бўлиб, у Қуръон, суннат ва ижмоъ билан собит бўлган.
Рамазон рўзаси кимларга фарз?
Рамазон рўзаси фарз бўлиши учун банда мусулмон, ақлли ва балоғатга етган бўлиши керак. Ушбу тоифадагилар Рамазон ойи кириши билан рўза тутишлари ёки мазкур ойда бирон узрлари бўлса, кейин қазосини ўташлари керак бўлади.
Рамазон рўзасининг шартлари.
Янги ойни кўриб рўза тутиш ва рўза тутишни ният қилиш.
Рўзанинг вожиб бўлиш шартлари.
Рўза тутишга тўсқинлик қиладиган оғир касаллиги бўлмаслик, аёлларнинг ҳайз ва нифосдан пок бўлишлари ва муқим бўлиш рўза тутишни вожиб қилади.
Рўза тутишнинг тўғри бўлиш шартлари.
Рўза тутишни ният қилиш, рўзани бузадиган амаллардан узоқ бўлиш ва аёлларнинг ҳайз ва нифосдан пок бўлишлари рўзанинг тўғри бажарилиш шартлари саналади.
Рўзанинг рукни.
Рўза тутган одам қорин ва жинсий аъзолар майлини қайтариши ва рўзани очувчи бошқа ишлардан тийилиши шарт. Шундагина у рўза тутган саналади. Акс ҳолда унинг рўзаси тўғри бўлмайди.
Рўзанинг одоблари.
Рамазон ойида ношаръий ишлардан тийилиш, асосан тилни кераксиз сўзлар, ғийбат ва туҳматдан сақалаш, кўзни номаҳрамларга қараш ва қўлни зулмдан тийиш, яхши хулқли, меҳр-шафқатли ва карамли-сахий бўлиш рўзанинг одобларидандир.
Рўзанинг фойдалари.
Рўзанинг ухровий – руҳий фойдалари.
– рўза бандада тақводорлик ҳиссини оширади;
– рўза тутган банда ўзи тўқ бўлса-да, оч-наҳор юрган бева-бечоралар ҳолини ўз танасидан ўтказади ва уларга нисбатан раҳмдил бўлади;
– рўза шаҳватларни тийишга, инсонга тартибли бўлишга ўргатади ва ҳоказо;
Рўзанинг дунёвий – тиббий фойдалари.
– рўза банданинг соғлиғига ижобий таъсир кўрсатади, унинг иммунитетини оширади;
– рўза тутган банданинг баданидан кераксиз моддалар, жумладан, ёғлар, туз ва бошқа нарсалар чиқиб кетади.
– олимлар рўзанинг инсон саломатлигига таъсирини ўрганиб, ажойиб илмий янгиликларни эълон қилдилар. Улар ҳатто саратон касаллигига ҳам рўза орқали шифо топиш мумкинлигини исботладилар.
Рўза тутиш натижаси.
Рамазон рўзасини тутган банда бўйнидаги фарзи айнни бажарган бўлади ва охиратда Аллоҳ томонидан улуғ мукофот ва ваъда қилинган неъматларга эришади.
Рўза турлари
Рўза тўрт хил бўлади. Булар: фарз рўза, вожиб рўза, нафл рўза ва макруҳ рўза.
1. Фарз рўза.
Рамазон рўзасини ўз вақтида тутиш ёки бирон сабаб билан ўша ойда тута олмаса, унинг қазосини ўташ, каффорат ва назр рўзалар фарз рўза турига киради.
Қазо рўза Рамазон ойида бирон сабаб – узр билан рўза тута олмаганлар бошқа кунларда рўза тутишларидир. Аллоҳ таоло Бақара сурасида рўза оятида бандалар ичида ким касал ёки мусофир бўлса, рўзани бошқа кунларда тутиши жоизлигини баён қилган.
Банда қуйидаги ҳолатларда каффорат рўза тутади:
1. Рамазон рўзасини билиб туриб бузганда. (Масалан, банда рўзадор, рўзани шомгача давом эттиришга қодир. Аммо у ўз хоҳиши билан рўзадорлигини билиб туриб бирон нарса еса, ичса ёки хотини билан жинсий алоқа қилса, унга каффорат вожиб бўлади);
2. Одам ўлдирганда;
3. Зиҳор қилганда, яъни киши ўз хотинини ёки унинг бир аъзосини онасига ёки онасининг ўша аъзосига ўхшатганда.
Бу уч ҳолат учун икки ой орасини узмасдан рўза тутиш лозим бўлади.
Қасамни бузгани учун уч кун, ҳажда эҳромда бўлиб, ов қилса, ҳайвон турига қараб турли миқдорда рўза тутади.
Каффорат билан қазо рўза орасидаги фарқ шундаки, қазо рўзада банда Рамазон ойида узрли бўлиб, кейин тузалгач, бир кун ўрнига бир кун рўза тутади. Каффорат рўзада эса банда рўзани қасддан бузади ва Рамазондан кейин бир кун учун олтмиш кун пайдар-пай рўза тутади.
Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мақсадида банда ўзига-ўзи вожиб қиладиган рўза назр рўзадир. Шунингдек, банда “фалон иш содир бўлса” ёки “касалликдан тузалиб кетсам, Аллоҳ учун рўза тутаман”, деб назр қилса ва ният қилган иши амалга ошса ёки тузалиб кетса, назр қилган рўзасини тутиши фарз бўлади.
Аслида ҳар куни рўза тутиш жоиз эмас. Лекин ким умр бўйи рўза тутишни назр қилиб, кейин назрини бажаролмаса, рўза тутиш ўрнига фидя беради. Агар фидяга қодир бўлмаса, истиғфор айтади.
2. Вожиб рўза.
Нафл рўза нияти билан тутилган ва соҳибининг ихтиёри билан бузилган рўзанинг қазосини тутиш вожибдир. Нафл рўза тутган одам ўз нафсига ўзи эгалик қилади, унинг ихтиёри ўзида. Лозим бўлган ҳолларда у рўзасини очиши мумкин. Лекин бунда унинг қазосини ҳам тутишни ёддан чиқармаслик керак.
3. Нафл рўза.
Банда Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун тутадиган, бироқ фарз ёки вожиб бўлмаган рўза нафл рўза саналади. Қуйидаги ҳолатларда рўза тутиш нафл саналади:
– Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи ёки ўнинчи ва ўн биринчи кунлари;
– Ҳижрий ойнинг 13, 14 ва 15-кунлари;
– Ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари;
– Шаввол ойида олти кун рўза тутиш;
– Ҳожилардан бошқалар учун Арафа куни рўза тутиш;
– Шаъбон ойида рўза тутиш;
– Яна ҳадиси шарифларда айтилган, номи ва вақти маълум бўлмаган, макруҳ саналмаган рўзалар нафл ҳисобланади. Масалан, Довуд алайҳис салом рўзаси энг афзал рўзалардандир. У киши кунора рўза тутардилар.
Нафл рўза тутган одам бирон узр билан ёки узрсиз бўлса ҳам рўзасини очиб юбориши мумкин. Фақат ўша очиб юборилган рўзанинг қазосини тутиб бериш вожиб бўлади.
4. Макруҳ рўза.
Макруҳ рўза танзиҳий ва таҳримий макруҳ рўзаларга бўлинади. Муҳаррам ойининг тўққизинчи ёки ўн биринчи кунларини қўшмасдан, фақат ўнинчи куни рўза тутиш таҳримий макруҳдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишдан қайтарганлар. Яҳудийлар Муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўза тутишларидан хабар топганларида, келаси йили тўққизинчи куни ҳам тутамиз, деб ният қилганлар. Аммо у зотга бу ишни қилиш насиб этмаган. Бироқ шундай бўлса-да, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзлари ва ниятлари шаръий қонундир. Шунингдек, икки кун кетма-кет улаб рўза тутиш, йил бўйи рўза тутиш ҳам танзиҳий макруҳдир.
Қуйидаги ҳолатларда рўза тутиш таҳримий макруҳ саналади:
1. Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари;
2. Ташриқ кунлари;
3. Шак кунлари;
4. Эри ёнида (муқим) бўлган хотиннинг эридан рухсатсиз рўза тутиши;
5. Ҳайз ва нифосли аёлнинг рўза тутиши;
6. Фақат жума ва шанба кунларини хослаб рўза тутиш.
7. Рўза тутса, ҳалок бўлиши ёки соғлиғига катта зарар етишини билиб туриб рўза тутиш.
Икки ҳайит ва ташриқ кунлари нафл нияти билан рўза тутган одам, рўзани бузса, унга қазо тутиш вожиб бўлмайди. Сабаби бу кунларда рўза тутиш мумкин эмас.
Тошкент шахар Шайхонтохур тумани бош
имом хатиби Одилхон қори Исмоилов
Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.
Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:
“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.
“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.
Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.
Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.
Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.
Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.
Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.
Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.
Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.
Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари
Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:
الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ
1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.
جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ
2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.
عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ
3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.
Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ
1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ
2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.
Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.
Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.
Бидъатнинг турлари.
“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).
Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).
Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.
Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ
“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси