Рамазон ойи одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ҳақ билан ботилни ажратувчи очиқ оятлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир.
Рамазон ойи ҳар доим ойларнинг султони, саййиди, энг яхшиси бўлиб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолаверади.
Рамазон ойи рўза, таровиҳ ва тиловат ойи бўлиб, унинг рўзасини тутиш фарз, таровиҳ намозини ўқиш суннат, Қуръони каримни хатм қилиш эса фазилатдир.
Рамазон шундай қадрли ва ғанимат ойдирки, унда тутилган рўзанинг савобини бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзи беради.
Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам қопқалари ёпилади, итоатсиз жин-шайтонлар занжирлар билан боғланади.
Рамазон ойи гуноҳлар мағфират қилинадиган, раҳм-шафқат кўрсатиладиган ва дўзахдан озод қилинадиган ойдир.
Рамазон ойи Аллоҳ ва Расулининг буйруқларини бажаришда, қайтариқларидан қайтишда ва синов-имтиҳонга учраганда сабр-тоқатли ва чидамли бўлишни ўрганадиган ойдир.
Рамазон ойи ўзаро бирдамлик, меҳрибонлик кўрсатиладиган, инсонлар бир-бирлари ҳақида қайғуриб, хато-камчиликларини кечирадиган ойдир.
Рамазон ойи хайрли ишларда ҳамкорлик қилинадиган, мусулмонлар бир-бирини қўллайдиган ойдир.
Рамазон тенглик ойи бўлиб, бу ойда қариялар зиёрат қилинади, беморлардан хабар олинади, муҳтожларга ёрдам берилади, мусибатзада инсонлардан кўнгил сўралади ва етимлар овутилиб, юпатилади.
Рамазон ютуқлар ойи бўлиб, улкан савоблар қўлга киритилади ҳамда нафс ва шайтонлар мағлуб этилади.
Рамазон ойида мусулмонларнинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабалари юқори кўтарилади, хайрли ишларининг мукофотлари кўпайтирилади ва кичик гуноҳ ишлари кечирилади.
Рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан бирида Қадр кечаси яширилган бўлиб, у Қадр кечаси бўлмаган қамарий минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, демак у кўп маҳрум бўлибди.
Барчамизга Рамазон ойи муборак бўлсин. Рўзасини тутишда, таровиҳ намозларини ўқишда, Қуръони каримни хатм қилишда ва бошқа хайрли ишларни адо этишда Аллоҳ таоло муваффақиятлар ато этсин. Бу ишларни ихлос ила бажариб тақво ҳосил қилган кишиларга хушхабар ёр бўлсин.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи кириб келиши билан саҳобаларини муборакбод қилар ва бу ойнинг фазилатларини баён этар эдилар, токи бу ойга тайёр бўлсинлар ва бу фурсатдан фойдалансинлар.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига хушхабар қилиб, айтардилар: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилур, жаҳаннам қопқалари ёпилур, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинур. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, демак у маҳрум бўлибди”[1].
Уламоларимиз бу ҳадисни инсонлар бир-бирларини Рамазон ойи билан муборакбод этишларига асос бўлади, дейишади. Нима учун бир-бирларини табриклашмасин, ахир бу ойда жаннат дарвозалари очилса, жаҳаннам қопқалари ёпилса, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинса, минг ойдан яхшироқ Қадр кечаси бўлса ва ҳоказо...
Бошқа бир ҳадисда[2]: “Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик талабгори, савоб ишларга кириш! Эй ёмонлик талабгори, гуноҳ ишлардан тийил!”, деб нидо қилиб туради. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор бўлиб, (Рамазоннинг) ҳар кечаси шундоқ бўлур”, дейилган яъни, аввалдан дўзахга тушишга лойиқ бўлиб қолган бандалардан баъзилари Рамазони шариф туфайли Аллоҳ томонидан кечирилиб, дўзахдан озод қилинурлар.
Бу ва бошқа ҳадислар асосида Рамазон ойининг баъзи хусусиятлари ва фазилатлари ҳақида тўхталамиз:
Бу ойда жаннат дарвозалари очилади ва жаҳаннам эшиклари ёпилади, чунки бу ойда жаннатга кириш учун сабаб бўлган хайрли ишлар ва солиҳ амаллар кўпроқ бажарилади, дўзахга кириш учун сабаб бўлган гуноҳ-маъсиятлар ва ярамас, жирканч, уятли ишлар камроқ содир этилади. Жаннат дарвозалари мусулмонларни хайрли ишларга шошилишга тарғиб қилиб ҳам очилади. Дўзах эшиклари эса, гуноҳлардан қайтган, истиғфор айтган, афсус-надомат чеккан, қайта қилмасликка ният қилган ҳолда тавба қилишга тарғиб қилиб ёпилади. Натижада, бу ойда вафот этган ва руҳи дўзахга маҳкум қилинган кимсалар, бу ойнинг шарофати ила шу ойнинг охиригача дўзахга киритилмай туради. Жаннатнинг барча дарвозалари очилиши Рамазон ойида ер юзига Аллоҳнинг раҳмати кўп нозил бўлишига ҳам ишорадир.
Бу ойда итоатсиз жин-шайтонлар занжирлар билан боғлаб қўйилади, қўл-оёқларига кишанлар солинади, натижада, инсонларни васваса қилишолмайди, ғаразли мақсадларига етишолмайдилар. Бу Аллоҳнинг бандаларига нисбатан меҳрибонлиги ва лутфу инояти бўлиб, У Зот уларга ўз нафсларидан ғолиб бўлишларига ёрдам беради ва итоатсиз жин-шайтонларнинг макр-ҳийлаларидан асрайди.
Рамазон ойларининг шарофати ила мўмин бандаларнинг кичкина гуноҳлари ўз-ўзидан кечириб юборилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар катта гуноҳлардан сақланиб юрилса, беш вақт намоз, жума намози ўзидан кейинги жума намозигача, Рамазон келгуси Рамазон ойигача ўртада қилинган гуноҳлар учун каффорот бўлади”[3], деганлар.
Рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан бирида Қадр кечаси яширилган бўлиб, у Қадр кечаси бўлмаган қамарий минг ойдан яхшироқдир. Саҳиҳ ҳадисларда Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунларининг тоқ кечаларидан бирида экани баён қилинган. “Аржаҳ (ҳақиқатга энг яқин) қавлга биноан, Қадр кечаси ҳар йили мазкур тоқ кечаларда биридан-бирига кўчиб юради”[4]. “Уламоларимиз Қадр кечаси бир йил у кечада, бир йил бу кечада бўлиб, кўчиб юради, деган фикрни айтганлар”[5].
Мана шу бир кечада бажарилган ибодат саксон уч йилдан кўпроқ муддат ичида қилинган ибодатга тенг бўлади. Бир кеча! Аниқроғи, таровиҳ намозидан қайтганингиздан кейин саҳарликкача бор-йўғи тўрт соатлик кеча. Агар сиз бу муборак кечани тоат ва ибодатда ўтказсангиз, гўё сиз бу тоат-ибодатни саксон уч йилдан кўпроқ вақт давомида тинмай бажараётгандек бўласиз.
Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор”, деганлар[6]. Агар бу дуо рўза пайтида айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси”[7].
Рамазон Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Қуръонни тўлиқ Жаброил алайҳиссалом назоратларидан ўтказиб олар эдилар. Вафот топадиган йилларида эса, Қуръонни бу улуғ фариштадан икки марта ўтказиб олганлар. У зот Рамазон ойида Қуръон тиловатини кучайтириб, тунги намоздаги қироатларни узайтирардилар. Ўтган солиҳларимиз ҳам бу ойда Қуръонни бир неча бор хатм қилиб чиқишарди.
Бу ой хайр-эҳсон ойидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар. Абдуллоҳ ибн Аббос айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг саховатлиси эдилар. Рамазон ойида янада саховатлироқ бўлиб кетардилар[8].
Бу ойнинг хусусиятларидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларида мужассамдир: “Ким иймон ила, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Ким иймон ила, савоб умидида Рамазон кечаларининг маълум бир қисмини таровиҳ намозини ўқиш билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Ким иймон ила, савоб умидида Қадр кечасини тоат-ибодатда ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”[9].
Бу ой тунги намозлар ва нафл ибодатлар ойи ҳамдир. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган катта-ю кичикни уйғотардилар”[10]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйда ўқийдиган нафл ибодатларини Рамазонда масжидга чиқиб, жамоат кўз ўнгида уч кун мобайнида ўқиганлари У зотнинг бу ойдаги тунги намозларга кучли эътибор қаратганларидан дарак беради. Саҳобалар бу ойда У зотнинг нафл намозларга бўлган эътиборларини кўриб, уни ўзларига доимий одат қилиб олганлар. Бу яхши одат ҳозирги кунгача давом этиб келмоқда. Рамазон ойидаги тунги намозлар фиқҳ истилоҳида “таровиҳ” дейилади. Бу намозни ўқиш барча муслим ва муслималар учун суннат ҳисобланади. Мусулмонлар ғофил қолиб, бу намозни ўтказиб юбормасликлари керак. Чунки Рамазондаги нафл намозлар учун бериладиган улуғ савоблар бошқа ойларда берилмайди.
Рамазон ойида қилинган умранинг савоби ҳаж савобига тенг, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қилинган ҳажнинг савобига тенгдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондаги умра ҳажга тенг”[11], “Рамазондаги умра мен билан бирга қилинган ҳажнинг савобига тенгдир”[12], дея марҳамат қилганлар.
Булар Рамазон ойининг айрим хусусиятлари ва фазилатларидир. Демак, Рамазони шариф ҳар бир мусулмон банда учун улкан савоблар топиб қолиш, дўзахдан озод бўлиб олиш учун жуда ҳам қулай фурсат экан. Шунинг учун ҳам бу ойнинг келишидан хурсанд бўлишимиз, яхши кутиб олишимиз ва бу фурсатдан ҳар биримиз унумли фойдаланиб қолишимиз даркор. Бунинг учун эса, бу муборак ойнинг рўзасини ихлос билан тутиб, ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва яхшиликлар қилиб қолишимиз керак.
Ўтган баъзи азизларимиз Рамазондан олдин олти ой давомида Аллоҳдан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилардилар, сўнг яна олти ой давомида ҳусни қабул қилишини сўраб, дуо қилардилар[13]. Зеро улар Рамазон ойидаги хайр-барака, улкан савоб, мўл-кўл ажр-мукофот, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш каби имтиёзлардан хабардор эдилар.
Аллоҳ бизларга ҳам уларнинг йўлларини берсин, омийн.
Абдул Азим Зиёуддин
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси
[1] Аҳмад ибн Ҳанбал, Насоий, Байҳақий, Ибн Абу Шайба ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти, исноди саҳиҳ.
[2] Имом Термизий, Насоий, Ибн Можа, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар ривояти.
[3] Имом Муслим ривояти.
[4] Аҳмад ибн Ҳажар Асқалоний, “Фатҳул Борий шарҳу саҳиҳил Бухорий”.
[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Ҳадис ва Ҳаёт”, 9-жуз, 159-бет.
[6] Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривояти. Муҳаддис Шуъайб Арнаут: “Бу ҳадиснинг исноди Бухорий ва Муслим шартларига кўра саҳиҳдир”, деган.
[7] Ибн Можа, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, Таёлисий, Ибн Хузайма ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти. Имом Термизий бу ҳадисни “ҳасан”, деган.
[8] Байҳақий ва Ҳокимлар ривояти. “Ал мустадрак ъалас саҳиҳайн би таълиқиз Заҳабий” китобида: “Бу ҳадис Бухорий ва Муслимларнинг шартига кўра саҳиҳдир”, дейилган.
[9] Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти.
[10] Муслим ривояти.
[11] Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти.
[12] Абу Довуд, Байҳақий, Табароний, Ибн Хузайма ва Ҳокимлар ривояти. Ҳоким: “Бу ҳадис Бухорий ва Муслимларнинг шартига кўра саҳиҳдир”, деган.
[13] Шайх Али ибн Нойиф Шаҳҳуд, “Мавсуъатул хутабил минбария”, “Мавсуъа ад-дийну ан-насийҳату” ва “Мавсуъатул буҳуси вал мақолотил илмия”.
Ахборот манбасини аниқлаш, маълумот кимдан олинганини текшириш, турли ривоятларни ўзаро солиштириш ва ишончли далилни шубҳали хабардан ажратиш бугунги ахборот маконининг энг долзарб масалаларидан бирига айланган. Бундан қарийб ўн икки аср муқаддам Имом Бухорий ҳадисларни саралашда манба занжири, ровийлар ишончлилиги ва ривоятларни қиёсий текширишга таянган илмий анъананинг энг мукаммал намуналаридан бирини намоён этган эди, хабар бермоқда iccu.uz.
2026 йилда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази ташкилотчилигида Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти — ICESCO ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида ўтказилган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми – йирик халқаро илмий лойиҳа ана шу меросга замонавий тадқиқот нуқтаи назаридан қайта мурожаат қилди. Ана шу форум доирасида Самарқандда ўтказилган халқаро конференцияда халқаро олимлар, тадқиқотчилар томонидан бир қатор маълумотлар, янгиликлар тақдим этилган. Бугунги кунда Ислом цивилизацияси маркази ана шу материаллар асосида 16 мамлакат олим ва тадқиқотчилари иштирокида Имом Бухорий шахсияти, “Ал-Жомиъ ал-муснад ас-саҳиҳ” асарининг илмий методологияси, қўлёзмалари, жаҳон илмий мактабларидаги ўрни ҳамда асар атрофидаги танқидий баҳсларни беш асосий йўналишда қамраб олган қарийб 800 саҳифалик илмий нашр устида ишламоқда.
Бухородан бошланган илмий йўл
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий 194 ҳижрий, 810 милодий йилда Бухорода туғилган. Ёшлигидан ҳадис илмига қизиққан аллома кейинчалик Макка, Мадина, Ироқ, Шом, Миср ва Хуросон каби ўша даврнинг йирик илм марказларида бўлиб, кўплаб муҳаддислардан таълим олган.
Унинг энг машҳур асари — “Ал-Жомиъ ал-муснад ас-саҳиҳ”, кенг тарқалган номи билан “Саҳиҳ ал-Бухорий”, сунний ислом илмий анъанасида энг нуфузли ҳадис тўпламларидан бири сифатида эътироф этилади.
Асарнинг аҳамияти фақат унда ҳадислар жамлангани билан чекланмайди. Тадқиқотчилар учун унинг асосий хусусиятларидан бири — ривоятларни қабул қилиш ва саралашда қўлланган мураккаб илмий мезонлардир.
Ислом илмлари тарихида санад — хабар ёки ҳадиснинг бир ровийдан бошқасига етиб келганини кўрсатувчи ривоят занжири — марказий аҳамият касб этган. Муҳаддислар ровийларнинг таржимаи ҳоли, ишончлилиги, хотираси, бир-бири билан учрашиш имконияти ва бир хабарнинг турли йўллар орқали қандай ривоят қилинганини қиёсий ўрганган.
Имом Бухорий ана шу илмий муҳитда фаолият юритиб, ҳадисларни текшириш ва таснифлашда ўта юқори талаблар қўйган олим сифатида тарихда қолди.
“Саҳиҳ ал-Бухорий” — фақат тўплам эмас, илмий ёндашув
Имом Бухорий меросига бағишланган замонавий тадқиқотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири унинг ҳадисларни танлаш услуби ва асарни тайёрлаш ёндашувини ўрганишга қаратилган.
Манбаларда аллома “Саҳиҳ ал-Бухорий” устида 16 йил ишлагани қайд этилади. Асарни яратишга туртки берган омиллар қаторида унинг устози, IX асрда яшаган буюк муҳаддис, фақиҳ ва Қуръон тафсири олими, Хуросоннинг энг нуфузли уламоларидан бири Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг саҳиҳ ҳадисларни алоҳида китоб шаклида жамлаш ҳақидаги таклифи ҳам келтирилади.
Бироқ илмий нуқтаи назардан асарнинг қиммати уни яратиш учун сарфланган вақтдан кўра қўлланган методологияда яққолроқ намоён бўлади.
Имом Бухорий ривоятларнинг санадига, ровийларнинг мақомига, улар ўртасидаги алоқа имкониятига ва ҳадисларнинг бошқа ривоят йўллари билан муносабатига алоҳида аҳамият берган. Асардаги боб сарлавҳалари ҳам оддий техник тақсимот эмас: улар кўп ҳолларда муаллифнинг фиқҳий хулосаси, далилни қандай англагани ва бир ривоятдан қандай ҳуқуқий ёки ахлоқий маъно чиқарганини кўрсатади.
Шу сабабли “Саҳиҳ ал-Бухорий” асрлар давомида фақат ўқилган эмас — шарҳланган, қиёсланган, кўчирилган, ўқитилган ва танқидий таҳлил қилинган.
Илмий конференция нимани ўрганди?
2026 йил 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида 9–10 июль кунлари Самарқандда “Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари — Уммат китоби” мавзусидаги халқаро илмий конференция ташкил этилган конференциянинг илмий дастури Имом Бухорий меросини бир ёқлама тарихий хотира сифатида эмас, балки комплекс тадқиқот объекти сифатида ўрганишга қаратилди. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси томонидан тайёрланаётган илмий нашр бу жиҳат алоҳида аҳамият касб этди. Олимлар ва тадқиқотчилар томонидан қуйидаги 5 йўналишда Имом Бухорий мероси таҳлил қилинди.
Биринчи йўналиш Имом Бухорий шаклланган тарихий, жуғрофий, ижтимоий ва илмий муҳитни қамраб олди. Бунда Бухоро ва Мовароуннаҳрнинг ҳадис илми тараққиётидаги ўрни, оилавий тарбия, устозлар муҳити ва алломанинг илмий шахсияти шаклланишига таъсир қилган омиллар тадқиқ этилди.
Иккинчи йўналиш “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”нинг ички илмий механизмига қаратилди. Тадқиқотчилар Имом Бухорийнинг иснод тизими, ҳадисларни саралаш ва таснифлаш мезонлари, ривоятлардаги яширин нуқсонларни аниқлаш усули, боб сарлавҳаларини шакллантириш маҳорати ҳамда далиллаш принципларини таҳлил қилди.
Бу йўналиш асарга оддий ҳадислар мажмуаси сифатида эмас, балки мураккаб илмий архитектурага эга манба сифатида қараш имконини беради.
Учинчи йўналиш дунё кутубхоналари ва қўлёзма хазиналарида сақланаётган “Саҳиҳ ал-Бухорий” нусхаларига бағишланди. Қўлёзмалардаги қироат, самоъ, ижоза, муқобала ва турли илмий қайдлар асарнинг асрлар давомида қандай ўқилгани, кўчирилгани ва авлоддан авлодга етказилганини ўрганиш учун муҳим материал ҳисобланади.
Бундай манбалар бир матннинг тарихий ҳаракатини кузатиш, нусхалар ўртасидаги фарқларни аниқлаш ва асарнинг илмий трансмиссиясини тиклаш имконини беради.
Тўртинчи йўналиш турли мамлакат ва илмий мактабларнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий”ни ўрганишга қўшган ҳиссасини қамраб олди. Асар асрлар давомида Шимолий Африкадан Марказий Осиёга, Яқин Шарқдан Жанубий Осиёгача бўлган кенг ҳудудларда ўқитилди, шарҳланди ва тадқиқ қилинди.
Бу география Имом Бухорий меросининг фақат бир давлат ёки минтақа доирасидаги тарихий қадрият эмаслигини кўрсатади.
Бешинчи йўналиш “Саҳиҳ ал-Бухорий” атрофида турли даврларда билдирилган илмий эътирозлар, баҳсли масалалар ва уларга берилган жавобларни ўрганишга бағишланди.
Бу йўналишнинг конференция дастурига киритилиши муҳим: илмий меросни асраш уни фақат улуғлаш билан эмас, балки унга қаратилган саволларни ҳам очиқ илмий муҳокама қилиш билан амалга оширилишини кўрсатади.
16 мамлакат тадқиқотчилари иштирокидаги нашр
Конференция якунлари кейинчалик алоҳида илмий нашрга айланди.
ICESCO 2026 йил 16 июлда “Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ал-муснад ас-саҳиҳ” асари: Уммат китоби. Иснод ва тасдиқ цивилизациясининг илмий тимсоли” номли фундаментал нашр тайёрланмоқда.
Нашрда 16 мамлакат олимлари ва тадқиқотчилари иштирок этди. Унда конференциянинг юқорида санаб ўтилган беш асосий илмий йўналиши бўйича тақдим этилган тадқиқотлар жамланмоқда.
Нашр ҳадис илми тарихи билан бирга манбашунослик, қўлёзмашунослик, матн танқиди, ривоят методологияси ва ислом интеллектуал тарихи учун ҳам янги тадқиқот материалларини бир майдонга тўплади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса тўпламдаги тадқиқотлар аннотацияларини ўзбек тилига таржима қилишда иштирок этди.
Қадимий санад тизими ва замонавий ахборот муҳити
Имом Бухорийнинг илмий услубини замонавий журналистика ёки бугунги фактчекинг тизими билан айнан тенглаштириш тарихий жиҳатдан тўғри бўлмайди. Улар турли даврлар, вазифалар ва илмий муҳитларга тегишли.
Бироқ улар ўртасида муҳим интеллектуал нуқта бор: ахборотнинг ўзи етарли эмас — унинг манбаси ҳам текширилиши керак.
Ҳадисшунослик анъанасида “Бу хабар кимдан келди?”, “Уни етказган шахс қанчалик ишончли?”, “У мазкур маълумотни бевосита олиши мумкин бўлганми?”, “Бошқа ривоятларда бу хабар қандай келтирилган?” каби саволлар илмий текширувнинг бир қисмига айланган.
Бугун рақамли платформалар орқали маълумот бир неча сония ичида миллионлаб одамларга етиб бораётган шароитда ҳам манбани аниқлаш, бирламчи маълумотни топиш, мустақил тасдиқ излаш ва хабарни контекстда баҳолаш ишончли ахборотнинг асосий шартларидан бўлиб қолмоқда.
Шу нуқтаи назардан Имом Бухорий мероси фақат диний ёки тарихий аҳамиятга эга эмас. У маълумот билан ишлашда масъулият, текшириш ва далилга таяниш маданияти қандай шаклланганини ўрганиш учун ҳам муҳим тарихий тажрибадир.
Имом Бухорий тадқиқотлари учун институционал база
Имом Бухорий меросини тизимли ўрганиш Ўзбекистонда сўнгги йилларда махсус илмий муассасалар фаолияти билан ҳам мустаҳкамланмоқда.
2016 йил 18 октябрда Тошкентда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида ўша пайтда Президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида буюк алломалар меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган.
2017 йил 27 мартда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирларига оид Президент қарори қабул қилинди.
Бугун Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва бошқа ихтисослашган илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик қўлёзмаларни ўрганиш, илмий нашрлар тайёрлаш ва Ўзбекистонда шаклланган интеллектуал меросни халқаро академик муҳитга олиб чиқиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Самарқандда ўтказилган халқаро конференция ва 16 мамлакат олимлари иштирокида тайёрланаётган янги илмий нашр эса Имом Бухорий меросини фақат тарихий хотира сифатида эмас, балки ҳали ҳам тадқиқ қилиниши, баҳс қилиниши ва янги илмий саволлар қўйилиши мумкин бўлган тирик интеллектуал мерос сифатида намоён этиши кутилмоқда.
Ахборот ҳажми ортиб, ҳақиқат билан талқин, ишончли манба билан тасдиқланмаган хабар ўртасидаги чегара тобора мураккаблашаётган бир даврда бу меросдан чиқадиган энг муҳим хулоса содда: ишончли билим манбани текширишдан бошланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати