Маълумки, тижорат кўпчилик инсонларнинг тирикчилик манбаи. Муқаддас динимизда савдо-сотиқни энг шарафли касблардан саналган.
Шу боисдан ҳам мусулмон халқлар, жумладан, диёримизда истиқомат қилувчилар ушбу касб билан мунтазам шуғулланиб келган. Ҳозирги пайтга келиб кишилар қўлидаги мол-мулкларнинг асосий қисми тижорат моллари улушига тўғри келади. Шунинг учун уларнинг закотини ҳисоблашга оид баъзи тартиб қоидаларни билишимиз зарур бўлади.
Фуқаҳоларимиз тижорат моллари деганда олтин, кумуш ва бошқа пуллардан ташқари тижорат учун ҳозирлаб қўйилган буюмларни назарда тутадилар. Бунга асбоб-ускуналар, кийимлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳайвонлар, транспорт воситалари, кўчмас мулклар ва бошқа барча фойда олиш ниятида савдо-сотиқ учун тайёрлаб қўйилган воситалар киради.
Кимнинг қўлида мана шу моллардан қиймати олтин ёки кумуш бўйича нисобга етарли бўлиб, у бир йил айланса закот бериш фарз бўлади. Унинг миқдори жами мол (сармоя ва фойда)нинг қириқдан бир қисми ёки 2,5 фоизига тенгдир. Бу миқдорни қандай чиқаришга келсак, закот берадиган бўлса, у мазкур тижорат учун киритган сармоясини, олган фойдаларини, кишилар қўлидаги қарзларини (агар қайтарилиши умид бўлса) бошқа пулларига (жумладан, олтин ва кумушларига) қўшиб барча молнинг қириқдан бир қисмини чиқаради. Қайтишига умид йўқ бўлган қарзларини эса қачон қўлга киритса кейин чиқаради. Ўтиб кетган йиллар учун чиқармайди. Агар савдогарнинг ўзини бошқалардан қарзи бўлса, уни умумий молнинг йиғиндисидан чиқариб ташлагандан сўнг закот беради.
Тижорат моли сифатида қаралиб закот бериладиган мол бу айланаётган моллардир. Дўкон биноси ва жиҳозлари каби айланмайдиган буюмлар закот молига қўшилмайди. Бундан ташқари моллар солиб қўйиладиган идишлар, ўлчаш учун ишлатиладиган тарозилар, қоплар ва ҳоказолар ҳам агар улар моллар билан сотиб юбориш ният қилинмаса, закот молига киритилмайди. Акс ҳолда киради.
Закот чиқаришда молларни қайси нархда баҳолашга келадиган бўлсак, бу борада уламоларимиз турли фикрларни айтиб ўтишган. Аммо бизнинг мазҳабимизда ихтиёр қилинган фатвога кўра уларни олинган эмас, балки бугунги сотилаётган баҳоси, яъни, улгуржи баҳоси ҳисобга олинади, чунки зарурат бўлиб қолса, шу нархда сотиб юбориш мумкин. Бугунги баҳосини молни ўтмай қолгани сабабли аниқлаш мушкул бўлиб, қолган ўринда ибн Аббос (разияллоҳу анҳу) фикрларига кўра зиммасида закот чиқариш фарзи сақланиб турган ҳолда сотилишини кутиб туриш мумкин бўлади.
Тижорат моллари закотини қайси молдан чиқариш савдогар ихтиёридадир. Агар ҳохласа, молни ўзидан ёки қийматидан бериши ҳам мумкин. Мабодо, камбағалнинг эҳтиёжидаги буюмни олиб берса, яна яхшироқдир. Чунки уни бозорга бориб-келиш каби ортиқча харажатлардан халос қилган бўлади. Бундан ташқари улар нарх-наво борасида алданиб қолишлари ҳам мумкин. Валлоҳу аълам.
Саййиджамол Масаитов,
ТИИ катта ўқитувчиси
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати