Ҳурматли порталимиз мухлислари! Сиз азизларни кириб келаётган Рамазони шариф билан муборакбод этамиз.
Сайт ижодкорлари Сизга мамнуният билан шуни маълум қиламизки, анчадан бери амалга оширишни режалаштириб юрган “Muslim Radio” лойиҳамиз раҳмат ойи остонасида ўз якунига етди. Ҳозирда мухлисларга тақдим этиш учун тайёр бўлди.
Эртага муборак Рамазон ойининг биринчи кунида интернет радиомиз ўз фаолиятини бошлайди, иншоаллоҳ.
Онлайн радиода сизга манзур ва манфаатли бўладиган мавзуларда маърифий суҳбатлар, дунёга машҳур қорилар ва юртимиз ҳофизи Каломларининг гўзал тиловатлари ҳамда “Минг бир ҳадис”, “Қуръони карим маънолари таржимаси”, “Аёллар саҳифаси”, “Онлайн дарслар”, “Зиёратгоҳлар”, “Саволларга жавоблар”, “Кун янгиликлари” ва “Аудио китоб” каби кўплаб рукнларда эшиттиришларни тинглаб баҳраманд бўласиз.
Ушбу онлайн радио барчамизга муборак бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги, «Вақф хайрия» жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди.
Хайрли тадбир давомида болажонларга кийим-кечаклар ва совға-саломлар тақдим этилиб, уларнинг қувончига қувонч улашилди. Тўйхонада ош дамланиб, меҳмонлар ва юртдошларга дастурхон ёзилди.
Бундай хайрли ва саховатли ишлар мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилиб, халқимизга бўлган меҳр-эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Сирдарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати