Аввалроқ, мамлакатимизда муқаддас Рамазон ойининг жорий йил 17 майдан бошланиши ҳақида маълум қилинган эди.
Кеча, 15 куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги уламолари ойнинг ҳаракатини кузатган ҳолда 1439 ҳижрий Шаъбон ойи 30 кун бўлишини ҳамда Рамазон ойининг дастлабки куни 17 май санасига тўғри келишини маълум қилдилар. Бу ҳақда "saudigazette" нашри хабар берди.
Малайзия, Индонезия, Сингапур, Брунай, Австралия ва Оман давлатларида 17 май, пайшанба куни рамазоннинг биринчи куни деб эълон қилинди.
Аллоҳ таоло юртимизга ушбу муборак ойни баракотли қилсин!
ЎМИ Матбуот хизмати
Бугун, 4 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саад бин Носир бин Абдуллоҳ Абу Хаймид жанобларини қабул қилдилар.
Мулоқот аввалида Муфтий ҳазратлари элчи жанобларининг юртимиздаги шарафли ва масъулиятли дипломатик фаолиятига муваффақият тиладилар. Суҳбатда икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ва дўстона муносабатлари натижасида илмий-тадқиқот, таълим, маънавий-маърифий соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди. Хусусан, ўтган ҳафтада Президентимиз томонидан элчининг ишонч ёрлиғини қабул қилиш чоғида Саудия Арабистони билан ўрнатилган алоқалар ва зиёратчиларга яратилаётган шароитлар юқори баҳолангани алоҳида эътироф этилди.
Учрашув чоғида диний-маърифий йўналишдаги ҳамкорликнинг ёрқин намуналари қайд этилди. Яқинда юртимизда ўтказилган халқаро форумга Масжид ал-Ҳаром имоми Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд ва Ислом олами уюшмаси Бош котиби ўринбосари Абдураҳмон Зайднинг ташрифи, шунингдек, Тошкент ислом институти устозларининг Макка ва Мадина шаҳарларида малака ошириб қайтгани мамнуният билан тилга олинди. Шу билан бирга, келгусида саудиялик таниқли уламоларнинг ҳам ташрифларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ҳаж ва Умра зиёратчиларига хизмат кўрсатиш сифатини янада юқори савияга олиб чиқиш борасидаги мақсадлар муштарак экани билдирилди. “Вақф” хайрия жамоат фонди билан хайрия алоқалар эътироф этилиб, маданий-маърифий, илм-фан, ўзаро тажриба алмашиш йўналишларидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Томонлар икки халқ ўртасидаги биродарлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва муҳокама қилинган долзарб масалалар бўйича биргаликда саъй-ҳаракат қилишга келишиб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати