Алҳамдулиллаҳ, ҳар куни эрта тонгда тўрт мучангиз соғ-саломат уйғонасиз. Кўзларингиз кўряпти, қулоқларингиз эшитяпти, қўл-оёқларингиз ҳаракатланяпти. Бунинг барчаси Аллоҳнинг марҳаматидандир. Аллоҳ таолонинг берган бу неъматларининг шукронасини қандай адо этиш мумкин?!
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бирингиз бўғин ва суяклар устида тонг оттирганингиз учун бир садақа бор. Ҳар бир тасбеҳингиз – садақа. Ҳар бир таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) – садақа, ҳар бир таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ) – садақа, ҳар бир такбир – садақа, яхшиликка буюришингиз ҳам, ёмонликдан қайтаришингиз ҳам садақадир. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракат зуҳо намоз ўқишингиз кифоя қилади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳнинг берган офият неъматига шукр қилиш уни янада зиёда қилади. Ахир офиятдан ҳам улуғроқ неъмат борми?
Аллоҳнинг берган беҳисоб неъматларининг шукри учун икки ракат зуҳо намозини адо этинг! Роббимизнинг карами кенглигини, ўта сахийлигини қаранг, бор йўғи 2 ёки 3 дақиқада адо этиладиган икки ракат намозингизни шукрона сифатида қабул қиляпти. Бундан ташқари, Аллоҳ таоло: "Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қиламан" деб марҳамат қилган. Агар Аллоҳ таолонинг сизга берган офият неъмати учун шукр қилсангиз, ҳеч шак-шубҳасиз Аллоҳ сизга Ўзининг марҳамати ва фазли билан неъматларини янада зиёда қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳо намозини адо этганларга ҳаж ва умранинг савоби мукаммал ҳамда тўлиқ берилишини 3 маротаба такрорладилар. Қандай қилиб инсон осонгина ҳаракат билан шундай улкан мукофотларга эришишдан маҳрум қолиши мумкин? Аллоҳ таоло Ўзининг марҳамати ила бу амални осон қилиб қўйди. Бу намознинг адо этилиши осон бўлса-да, унда қанчадан-қанча фазилатлар бор.