Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Август, 2026   |   15 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:45
Пешин
12:24
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:26
Bismillah
28 Август, 2026, 15 Рабиъул аввал, 1448

Рўзадор аёлларга хос ҳукмлар

15.05.2018   48873   4 min.
Рўзадор аёлларга хос ҳукмлар

Рўзанинг фарзи айн эканига Бақара сурасининг 183-ояти далил бўлади: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз. Саноқли кунлар…” 

Ушбу оятдан рўза тутиш ҳар бир имон келтирган эркак ва аёлга фарзлиги маълум бўлмоқда. Демак, аёллар ҳам рўза тутар эканлар, рамазон ва унга оид айрим хукмларни билиб боришлари лозим: 

Рўзадор аёл лабига бўёқ суртса, лаб ташқи аъзо ҳисоблангани сабаб рўзаси очилмайди. 

Рамазон кунларида субҳи содиқдан кейин ҳайз ва нифоси тўхтаган аёл куннинг қолган қисмида ўзини еб-ичишдан тўхтатиб, рўзадорга ўхшаб туриши мустаҳаб саналади. 

Ҳайз, нифос кўрган аёл рўза тутиши, ёлғиз қолганида ҳам рўзадор каби еб-ичишдан ўзини тўхтатиб туриши ҳаром саналади. Одамлар орасида эса ўзини еб-ичишдан тийиб, рўзадорга ўхшатиб туриши рамазонга ҳурмат ва ҳаё саналади. 

Субҳи содиқдан кейин ҳайз қони тўхташ эҳтимоли бор бўлган аёл саҳарлик қилиб рўзани ният қилиши мумкин бўлмайди. Аёл кишининг рўзаси рўза бўлиши учун субҳи содиқдан аввал ҳайздан пок бўлиши лозим. 

Рўзанинг адо бўлишининг шартларидан бири: ҳайз ва нифосдан пок бўлишдир. Зеро, улардан пок бўлиш саҳобаи киромларнинг ижмоси билан рўзанинг адоси тўғри бўлиши учун шартдир. 

Субҳи содиқдан аввал ҳайз қони тўхтаган аёл: агар ҳайз қони субҳи содиққача ғусл қилса бўладиган миқдор вақтда тўхтаса, гарчи ғусл қилмаса-да рўза тутиши лозим бўлади. Ҳайз қони субҳи содиққача ғусл қилса улгурмайдиган миқдор вақтда тўхтаса, рўза тутиши лозим бўлмайди. 

Рамазон ойида субҳи содиққача ғусл қилиб олса бўладиган вақтда аёлнинг ҳайз қони тўхтаса ўша куннинг рўзасини тутиши лозим бўлади. 

Аёл киши рўзадор ҳолатида гинеколог текширувидан ўтса, бу ҳолатдаги аёл ҳукми шуки: унинг жинсий аъзосига намланган ҳолдаги бирор нарса кириши билан рўзаси очилади. 

Рўзадор аёл олд ёки орт жинсий аъзосига бармоғини киргизиши билан рўзаси очилмайди, ҳўл бармоғини киргизиши билан эса рўзаси очилади. Шунингдек, қуруқ бармоғининг ҳаммасини ёки баъзи қисмини киргизиб, ташқарига чиқариб сўнг яна қайта киргизиши билан ҳам рўза очилади. Агар олд жинсий аъзосига қуруқ пахта ёки шу каби воситаларни киргизса ва унинг бир учи ташқарида қолса рўзаси очилмайди. Бутунлай ичкарига киргизиб юборса, рўзаси очилади. 

Аёл киши қомати баробарича сувни кечиб ўтиши натижасида: одатий йўллардан ичкарига сув киргани аниқ бўлмаса, рўзаси очилмайди агар сув кирганлиги аниқ бўлса рўзаси очилади. 

Аёл киши рўзадорлигида касаллиги туфайли жинсий аъзосига бирор нарса киргизиб олса ичкарига нарса киргани боис рўзаси очилади. Агар субҳи содиқдан аввал ёки ифторликдан кейин жинсий аъзосига даволаниш мақсадида бирор нарса қўйса ва бу билан рўзадор ҳолатида ҳам юрса рўзаси очилмайди. Орқа аъзосига киргизилган давонинг ҳам ҳукми шундай. 

Касал, ҳайз ва нифос кўрган аёллар каби узрли кишилар узрлари кетгандан кейин вафот этсалар, соғайганидан сўнг ёки ҳайз ва нифоси тўхтаганидан сўнг неча кун яшаган бўлсалар, ўшанча кун рўзасининг фидясини васият қилишлари лозим бўлади. 

Каффорот рўзасини тутаётган аёл ҳайз кўриб қолса, қасддан рўзасини очиб қўйгани боис икки ой каффоротини тутаётган рўзасини қайтадан бошлаши шарт эмас. Узрлари кетгач, давом эттириб кетаверадилар. 

Каффорот рўзасини тутаётган киши ё аёл қайсидир узр туфайли икки ой ичида бирор кун рўзасини очиб юборса қайтадан бошлайди. Ҳайз кўриш бундан мустаснодир (нифос эса мустасно эмас). 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим юрти ўқитувчиси Қутбидинова Маҳарам Эшонхон қизи тайёрлади.

 

ЎМИ  Матбуот хизмати

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Таниқли уламолар "Имом Бухорий" ордени билан тақдирланди

22.08.2026   38466   1 min.
Таниқли уламолар

Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва санъат соҳалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони эълон қилинди.

Бугунги куннинг энг қувончли хабари шуки, диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг жонкуяр меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!

Уларнинг ҳақ йўлдаги саъй-ҳаракатлари, маърифат тарқатишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак орден билан муносиб тақдирланди. Бу нафақат уларнинг шахсий ютуқлари, балки бутун диний-маърифий жамоамиз учун катта шараф ва чексиз қувончдир!!

"Имом Бухорий" ордени:

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков;

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур;

Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев;

Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бутун жамоаси, давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган азиз уламоларимиз ва фидоий ходимларимизни чин қалбдан, самимий муборакбод этади!

Сизларга Аллоҳ таолодан мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий ҳаётингизга файзу барака, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик тилаймиз. Келгуси хайрли фаолиятларингизда янада улкан зафарлар, эзгу мақсадларингизга эришишда доимий муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз!

Ҳамиша элу юртнинг дуосида бўлиб, динимизга, Ватанимизга хизмат қилиш шарафи бардавом бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари