Қадрли юртдошлар, сайтимизнинг азиз мухлислари!
Ўтиб бораётган ҳар кунимиз, ҳар соатимиз, ҳар дақиқаю, ҳар сониямиз сизу бизни раҳмат ва мағфират, Қуръони карим нозил бўлган ой - Рамазони шариф сари яқинлаштирмоқда. Ушбу ой муносабати билан Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Маданият ва Маърифат» телеканали Диний идора билан ҳамкорликда «Қуръони карим маърифати» номли янги кўрсатувни эфирга узатишни режалаштирмоқда. Ҳозирда ушбу кўрсатувни тасвирга олиш жараёнлари жадал давом этмоқда.
Ушбу кўрсатувни бир ой давомида, ҳар кун, саҳарлик ва ифторлик пайтида томоша қилишингиз мумкин. Аллоҳ каломига бўлган муҳаббатимизни зиёда қилсин, ушбу кўрсатув барчамизга муборак бўлсин.
ЎМИ Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги, «Вақф хайрия» жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди.
Хайрли тадбир давомида болажонларга кийим-кечаклар ва совға-саломлар тақдим этилиб, уларнинг қувончига қувонч улашилди. Тўйхонада ош дамланиб, меҳмонлар ва юртдошларга дастурхон ёзилди.
Бундай хайрли ва саховатли ишлар мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилиб, халқимизга бўлган меҳр-эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Сирдарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати