Қадрли юртдошлар, сайтимизнинг азиз мухлислари!
Ўтиб бораётган ҳар кунимиз, ҳар соатимиз, ҳар дақиқаю, ҳар сониямиз сизу бизни раҳмат ва мағфират, Қуръони карим нозил бўлган ой - Рамазони шариф сари яқинлаштирмоқда. Ушбу ой муносабати билан Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Маданият ва Маърифат» телеканали Диний идора билан ҳамкорликда «Қуръони карим маърифати» номли янги кўрсатувни эфирга узатишни режалаштирмоқда. Ҳозирда ушбу кўрсатувни тасвирга олиш жараёнлари жадал давом этмоқда.
Ушбу кўрсатувни бир ой давомида, ҳар кун, саҳарлик ва ифторлик пайтида томоша қилишингиз мумкин. Аллоҳ каломига бўлган муҳаббатимизни зиёда қилсин, ушбу кўрсатув барчамизга муборак бўлсин.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тизимида фаолият кўрсатиб турган масжид имом-хатиб ва имом-ноиблари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги байрами муносабати билан спортнинг стол тенниси мусобақаси ташкил этилди.
Мусобақа пойтахтимиздаги Нукус олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлиб ўтди.
Диний соҳа ходимлари ўртасида бўлиб ўтган ушбу стол тенниси мусобақасида 1-ўрин Тахтакўпир тумани «Абдулкарим охун» жоме масжиди имом-хатиби И.Аметниязов, 2-ўрин Тўрткўл тумани «Ғоиб ота» масжиди имом ноиби Р.Комилжонов, 3-ўрин Беруний тумани «Султон увос бобо» жоме масжиди имом-ноиби О.Машаловлар ғолиб деб топилди.
Мусобақа якунида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари А.Алланиязов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Б.Разов ва Нукус «Муҳаммад ибн Аҳмад ал Беруний» ўрта махсус ислом билим юрти директори Ж.Абдираззақовлар мусобақа иштирокчиларини ғалабалари билан табриклаб, келгуси ишларида муваффақиятлар тилади, мусобақа ғолибларига «Вақф» хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон бўлими томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти