Қадрли юртдошлар, сайтимизнинг азиз мухлислари!
Ўтиб бораётган ҳар кунимиз, ҳар соатимиз, ҳар дақиқаю, ҳар сониямиз сизу бизни раҳмат ва мағфират, Қуръони карим нозил бўлган ой - Рамазони шариф сари яқинлаштирмоқда. Ушбу ой муносабати билан Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Маданият ва Маърифат» телеканали Диний идора билан ҳамкорликда «Қуръони карим маърифати» номли янги кўрсатувни эфирга узатишни режалаштирмоқда. Ҳозирда ушбу кўрсатувни тасвирга олиш жараёнлари жадал давом этмоқда.
Ушбу кўрсатувни бир ой давомида, ҳар кун, саҳарлик ва ифторлик пайтида томоша қилишингиз мумкин. Аллоҳ каломига бўлган муҳаббатимизни зиёда қилсин, ушбу кўрсатув барчамизга муборак бўлсин.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сирдарё вилояти вакиллигида имом-хатиблар иштирокида таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Фароҳиддин Раҳимов ҳамда вилоят бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров раҳбарлигида ўтган тадбирда 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги диний-маърифий ва ташкилий ишлар сарҳисоб қилиниб, эришилган натижалар атрофлича таҳлил этилди.
Йиғилишда жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, диний соҳадаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, ёшлар ўртасида маърифий тарғибот ишларини кучайтириш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан келгуси олти ойлик устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати