Қадрли юртдошлар, сайтимизнинг азиз мухлислари!
Ўтиб бораётган ҳар кунимиз, ҳар соатимиз, ҳар дақиқаю, ҳар сониямиз сизу бизни раҳмат ва мағфират, Қуръони карим нозил бўлган ой - Рамазони шариф сари яқинлаштирмоқда. Ушбу ой муносабати билан Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Маданият ва Маърифат» телеканали Диний идора билан ҳамкорликда «Қуръони карим маърифати» номли янги кўрсатувни эфирга узатишни режалаштирмоқда. Ҳозирда ушбу кўрсатувни тасвирга олиш жараёнлари жадал давом этмоқда.
Ушбу кўрсатувни бир ой давомида, ҳар кун, саҳарлик ва ифторлик пайтида томоша қилишингиз мумкин. Аллоҳ каломига бўлган муҳаббатимизни зиёда қилсин, ушбу кўрсатув барчамизга муборак бўлсин.
ЎМИ Матбуот хизмати
“Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июлдаги ПҚ–275-сон Қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, жорий йилда Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланади.
Термиз шаҳрида 2026 йил ноябрь ойида “Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзусида халқаро конференция ўтказилади.
Ҳаким Термизийнинг “Наводирул усул” ва “Баҳрут тафсир” асарлари ҳамда алломанинг илмий меросига оид бошқа манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималари нашр этилади.
2026 йил давомида Ҳаким Термизий илмий меросига оид туркум рисолалар нашрга тайёрланади ва чоп этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан биргаликда диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Ҳаким Термизий асарлари билимдони” танлови ўтказилади ва ғолиблар муносиб тақдирланади.
Аллома таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан Ҳаким Термизий хотирасига бағишланган кураш турнири 2026 йил ноябрь ойида “Мардлар майдони” шиори асосида юқори савияда ўтказилади.
Манба: https://lex.uz/uz/docs/-8350210
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати