Қадрли юртдошлар, сайтимизнинг азиз мухлислари!
Ўтиб бораётган ҳар кунимиз, ҳар соатимиз, ҳар дақиқаю, ҳар сониямиз сизу бизни раҳмат ва мағфират, Қуръони карим нозил бўлган ой - Рамазони шариф сари яқинлаштирмоқда. Ушбу ой муносабати билан Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Маданият ва Маърифат» телеканали Диний идора билан ҳамкорликда «Қуръони карим маърифати» номли янги кўрсатувни эфирга узатишни режалаштирмоқда. Ҳозирда ушбу кўрсатувни тасвирга олиш жараёнлари жадал давом этмоқда.
Ушбу кўрсатувни бир ой давомида, ҳар кун, саҳарлик ва ифторлик пайтида томоша қилишингиз мумкин. Аллоҳ каломига бўлган муҳаббатимизни зиёда қилсин, ушбу кўрсатув барчамизга муборак бўлсин.
ЎМИ Матбуот хизмати
Истиқлолимизнинг 35 йиллиги арафасида Бухоро вилоятидаги имом-хатиб ва ноиблар ўртасида стол тенниси бўйича вилоят турнири бўлиб ўтди.
Соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштириш ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган баҳсларда дин пешволари ўзларининг жисмоний тетиклиги ва маҳоратларини намойиш этдилар. Муросасиз кечган беллашувлар якунига кўра, совринли ўринлар қуйидагича тақсимланди:
1-ўрин: Абдулло домла Авезов (Қоракўл тумани, «Бозорхўжа» масжиди);
2-ўрин: Абдувоҳид домла Акрамоев (Бухоро шаҳри, «Волидайи Абдулазизхон» масжиди);
3-ўрин: Саддам домла Бобоқулов (Пешку тумани, «Хўжа Пешку» масжиди).
Ғолиб ва совриндорларга Бухоро вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Отабек домла Авезов томонидан эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Ислом динида тан саломатлиги ва жисмоний куч-қувватга алоҳида эътибор берилади. Бу каби спорт тадбирлари соҳа ходимлари ўртасида соғлом муҳит ва юқори кайфиятни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати